Дуода қўлни кўтариш борасида жуда кўп ҳадислар келган. Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини кўтариб дуо қилганлари ҳам, қўл кўтаришга буюрганлари ҳам ривоят қилинади. Жумладан, имом Байҳақий Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар қўллари бармоқларининг учлари елкалари баробар бўлар эди" дейилган бўлса, Сойиб ибн Язид разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар, қўл кўтарар, кейин юзларига суртар эдилар" дейилади.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу "Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода қўл кўтарсалар, юзларига суртмасдан уни туширмас эдилар" деганлар.
Набий алайҳиссаломнинг дуода қўл кўтаришни буюрганлари эса қуйидаги ҳадисда ворид бўлган.
"Қачон Аллоҳдан сўрасанглар, кафтларингизнинг ички томони билан сўранглар, уларнинг орқа томони билан сўраманглар! Бас, қачон дуодан фориғ бўлсангиз, кафтларингизни юзларингизга суртингиз!”. Бу ҳадисни имом Абу Довуд ривоят қилган.
Мазкур ҳадислардан дуода кўл кўтариш шариатда жоиз, балки буюрилган амал экани маълум бўлмоқда. Аслида умумий ҳолатларда қўл кўтариш жоиз экани ва бу ишдан қайтарувчи далил йўқлиги намоздан кейинги дуоларда қўл кўтариш жоизлигига далолат қилади.
Айнан намоздан кейинги дуода қўл кўтариш борасида ҳам ҳадислар ривоят қилинади. Ибн Абу Ҳотим тафсирида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам салом берганларидан кейин қиблага қараган ҳолда қўлларини кўтариб "Аллоҳим..." деб дуо қилдилар" дегани ривоят қилинади. Табароний ривоятида "Абдуллоҳ ибн Зубайр бир кишининг намоздан фориғ бўлмасдан олдин дуога қўл кўтарганини кўриб "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан фориғ бўлмасдан дуога қўл кўтармас эдилар" деган" дейилади.
Бу борада булардан бошқа бир неча ҳадислар ривоят қилинади. Гарчи бу ҳадислар заиф санад билан келган бўлса-да, аксар деярли барча уламолар наздида фазилат ва савобга оид амалларда заиф ҳадис ҳужжат бўлаверади.Аср муҳаддиси Анваршоҳ Кашмирий "Файзул Борий" да шундай дейди. "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аксар дуолари зикр шаклида бўлар эди. Доим тиллари зикр билан нам ҳолатда юрар эдилар. Инсон ҳолатларининг барчасида, туриш, ўтириш ва ёнбошлаш ҳолларида зикрда бўлар эдилар. Барча ҳолларда доимий зикрда бўлсалар у зотга доимо қўл кўтариб юриш шарт бўлмайди. Чунки қўл кўтариш маълум мақсад учун жорий бўлган маълум бир ҳолатдир. У бир нарсани сўрашдир. Бу маънони билгандан кейин юрагингизни сиқаётган нарсадан қутулинг. Қўл кўтариш бидъат эмас. Гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан кейин кам ҳолларда қўл кўтарган бўлсалар ҳам, жуда кўп ҳадисларда бунга оғзаки равишда тарғиб қилганлар. Зикр ва дуо бобида у зотнинг одатлари шу эди. У зот учун Аллоҳ таоло ихтиёр этган нарсани ўзларига ихтиёр этганлар ва бошқа ҳолатлар учун умматни тарғиб этганлар. Биздан бирон киши намоздан кейин қўл кўтариб дуо қилишга одатланса у инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари кўп қилмаган, лекин тарғиб этган ишни қилаётган бўлади. Бу масалани "Найлул фарқадайн"да батафсил зикр қилганман" дейди.
Анваршоҳ Кашмирий мазкур китобнинг бошқа жойида "Намозлардан кейин дуо қилиш инкор этиб бўлмас даражада собит бўлган. Лекин уларда қўл кўтариш нафллардан кейин бир-икки марта ворид бўлган. Баъзилар қўл кўтаришни бидъат дейдилар. Қизиқ, бир-икки марта собит бўлган нарса мустаҳаб бўлмай бидъат бўладими? Бошқа барча мустаҳаб ишлар ҳам шундай шаклга эга-ку?! Гоҳ-гоҳида содир бўлади, кейин уммат унга амал қилишда давом этади" дейди.
Юқорида ўтган нарсалардан бизга маълум бўладики, намоздан кейинги дуоларда қўл кўтариш жоиз, балки мустаҳаб амаллардан экан.
Суфиев Жаъфархон,
Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби
Оммавий ахборот воситаси – жамият кўзгуси, миллатнинг юзи. Унинг зиммасида кенг жамоатчиликни фикрлашга чорлаш, тарбиялаш, дунёқарашни бойитишдек масъулият туради.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шарти бўлган оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида "Матбуот – жамият кўзгуси" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилди. Унда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, ОАВ вакиллари, Академия ўқитувчи ва ходимлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда юртимизда сўз эркинлигига бўлган эътибор янги даражага кўтарилганини қайд этишди. ОАВ демократик қадриятларни қарор топтириш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш, Янги Ўзбекистоннинг демократик қиёфасини шакллантиришда муҳим роль ўйнаётганини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари соҳа вакилларининг меҳнатини доимо эътироф этар эканлар, шундай фикрларни билдирган эдилар:
"Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт".
Учрашув давомида "Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, "Жадид" газетаси бош муҳаррири Иқболжон Мирзаалиев, Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова ҳамда "Зиё" медиа маркази директори Абдуҳамид Мухторов сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Шундан сўнг юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда ёш авлоднинг баркамол вояга етиши, халқаро стандартлар асосида таълим олиши, илм-фан, касб-ҳунар чўққиларини эгаллаши ҳамда халқимиз маънавий-маърифий юксалиши борасидаги янгиланишларни кенг жамоатчиликка самарали етказишда Академия билан фаол ҳамкорлик қилиб келган бир гуруҳ ОАВ ходимларни байрам муносабати билан тақдирлаш маросими ўтказилди.
Бир гуруҳ журналистларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси
Матбуот хизмати