Илгари “Ҳалкопратеа” черкови сифатида танилган ва Истанбул фатҳидан сўнг “Лала Ҳайреттин” масжидига айлантирилган 1600 йиллик тарихий маскан яна маҳаллий ва хорижлик меҳмонларни қабул қила бошлади.
“Ислом пойтахти” интернет ресурсига кўра, қадимий иншоот реставрациядан сўнг президент Ражаб Тоййиб Эрдуғон томонидан расман қайта очилган.
20-аср бошларида содир бўлган зилзила туфайли масжиднинг кўп қисми қулаб тушган. 1960-йилларда масжид майдонида олиб борилган қазишмалар Византия ва Усмонли даврига оид тафсилотларни очиб берди.
Уни қайта тиклаш ишлари 15 йил олдин кенг кўламли режа бўйича бошланган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати