Мазкур мақола орқали барча юртдошларимизга ҳозирги кунда тез-тез учраб турган виртуал фирибгарлик ҳақида оз бўлсада маълумот беришни ва шунинг асносида ўзларини улардан ҳимоя қилиш йўлларини эслатиб ўтишни мақсад қилдик.
Бизнинг асримизга келиб илм-фан ва техника юксак чўққиларни забт этди. Ва бунинг муқобилида баъзи инсонлар олган билимларидан нотўғри мақсадда фойланиш йўлини тутдилар. Бугунги кунда тез-тез қулоғимизга чалиниб турадиган банк пластик картасидан ўз-ўзидан пулларни йўқолиб қолиши, ёки турли хил акциялар баҳонасида пластик карталардаги маълумотларни ўзлаштириб олиш ҳолатлари кўпайиб қолди. Улар ўзларининг ғаразли ниятларини амалга ошириш учун президент фармонлари ёки катта-катта акциядор корхоналарнинг номларидан ҳам фойдаланишади. Бундан кўзлаган масадлари ўз қурбонларини ишонтиришдир. Улар қандай йўл тутишини қуйида билганимизга сизларга айтиб ўтамиз:
Бундай пайтда қандай йўл тутиш керак? Сизга телефон қилишди ва ўзларини мазкур компаниядан деб таништиришди шу заҳоти билингки, булар фирибгарлар. Имкони борича булар билан мулоқотга киришманг ва телефонгизга келган смс кодни ҳеч кимга айта кўрманг.
Яна бир маълумотни айтиб ўтишни бурчимиз деб билдик, агар сизга бирор бир инсон эҳсон тариқасида сизга моддий ёрдам бериш учун пластик картангиз устидаги 16 талик рақамларни юборишни сўраса майли у инсон дўстингиз бўлса ҳам пластик картангизни расмга олиб юборманг. Фақат 16 талик рақамларни ёзиб юборинг холос. Агар, вақтингиз зиқ бўлиб расмга олиб юборсангиз ҳам карта устидаги амал қилиш муддатини яширинг. Мисол учун сизнинг картангиз амал қилиш муддати дейлик, 04/28 айнан мана шу рақамларни яширинг.
Ўйлаймизки, оз бўлсада керакли маълумотларни сизларга етказдик. Мусулмон одам доимо ўзига хушёр ва ўзгаларга нисбатан бир қадар ҳамиятли бўлмоғи лозим.
Мир Араб олий мадрасаси матбуот хизмати
Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бирбирига ўхшаш эмас.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.
“Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.
“Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.
“Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.
“Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.
Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.
Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан
Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws