Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

ВИРТУАЛ ФИРИБГАРЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

12.07.2024   5094   3 min.
ВИРТУАЛ ФИРИБГАРЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Мазкур мақола орқали барча юртдошларимизга ҳозирги кунда тез-тез учраб турган виртуал фирибгарлик ҳақида оз бўлсада маълумот беришни ва шунинг асносида ўзларини улардан ҳимоя қилиш йўлларини эслатиб ўтишни мақсад қилдик.

Бизнинг асримизга келиб илм-фан ва техника юксак чўққиларни забт этди. Ва бунинг муқобилида баъзи инсонлар олган билимларидан нотўғри мақсадда фойланиш йўлини тутдилар. Бугунги кунда тез-тез қулоғимизга чалиниб турадиган банк пластик картасидан ўз-ўзидан пулларни йўқолиб қолиши, ёки турли хил акциялар баҳонасида пластик карталардаги маълумотларни ўзлаштириб олиш ҳолатлари кўпайиб қолди. Улар ўзларининг ғаразли ниятларини амалга ошириш учун президент фармонлари ёки катта-катта акциядор корхоналарнинг номларидан ҳам фойдаланишади. Бундан кўзлаган масадлари ўз қурбонларини ишонтиришдир. Улар қандай йўл тутишини қуйида билганимизга сизларга айтиб ўтамиз:

  • 1. Сизга телефон қилиб ўзларини CLICK evolution компаниясининг хавфсизлик хизмати ходими деб таништиришади ва сизнинг пластик картангизга ҳозиргина хаккерлик ҳужуми бўлганлигини айтишади (жуда кўпчилик бунга осонгина ишонишади). Кейин, улар биз сизга смс код юбордик шу кодни айтсангиз пластик картангизга ҳимоя ўрнатиб берамиз дейишади. Кодни айтган одам эса пластик картасидаги барча пулларини ўғирлатиб қўйганини кейин сезиб қолади. Бу фирибгарларнинг энг ёмон томони ҳозирча бундайларни кимлигини топишнинг имкони йўқлигидир.

Бундай пайтда қандай йўл тутиш керак? Сизга телефон қилишди ва ўзларини мазкур компаниядан деб таништиришди шу заҳоти билингки, булар фирибгарлар. Имкони борича булар билан мулоқотга киришманг ва телефонгизга келган смс кодни ҳеч кимга айта кўрманг.

  • 2. Кейинги фирибгарлик, телефонингизга смс тариқасида ёки телеграм каналларидан президент фармонларини асос қилиб аҳолига пул тарқатилаётганини жуда ишончли қилиб баён этишади ёки сизга катта акциядорлик компаниясидан ютуқ чиққанини айтишади ва у пул ёки ютуқни пластик картангизга юклаб олишингиз учун сизга сайтга кириш учун ҳавола (ссылка) юборишади. Агар сиз мазкур ҳавола орқали сайтга кирсангиз ва пластик карта рақамларини терсангиз бор пулингиздан маҳрум бўласиз.

  • 3. Навбатдаги ўғирлик, агар сиз интернет дўконлар орқали бирор маҳсулотингизни сотмоқчи бўлиб реклама қўйсангиз масалан, OLX.uz иловаси орқали бирор моддий қийматдаги буюмни сотмоқчисиз. Сизга ўзларини харидор сифатида таништириб махсулот пулини пластик картангизга ўтказиб беришларини ва маҳсулотни почта орқали юборишингизни илтимос қилишади. Шу ўринда улар сизга телефонингизга келган махфий смс кодни айтганингиздан кейин пул ўтказа олишларини уқтиришади. Бундай ҳолатда билингки булар фирибгарлар ва асло махфий кодни айта кўрманг.

Яна бир маълумотни айтиб ўтишни бурчимиз деб билдик, агар сизга бирор бир инсон эҳсон тариқасида сизга моддий ёрдам бериш учун пластик картангиз устидаги 16 талик рақамларни юборишни сўраса майли у инсон дўстингиз бўлса ҳам пластик картангизни расмга олиб юборманг. Фақат 16 талик рақамларни ёзиб юборинг холос. Агар, вақтингиз зиқ бўлиб расмга олиб юборсангиз ҳам карта устидаги амал қилиш муддатини яширинг. Мисол учун сизнинг картангиз амал қилиш муддати дейлик, 04/28 айнан мана шу рақамларни яширинг.

Ўйлаймизки, оз бўлсада керакли маълумотларни сизларга етказдик. Мусулмон одам доимо ўзига хушёр ва ўзгаларга нисбатан бир қадар ҳамиятли бўлмоғи лозим.

Мир Араб олий мадрасаси матбуот хизмати

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

25.08.2026   36154   5 min.
Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

Баъзи шаҳарларни китобдан ўқиб танимайсиз — уларни кўриш, ҳис қилиш, кўҳна деворларига боқиш, тор кўчаларидаги тарих нафасини туйиш керак. Бухоро дунёдаги ана шундай бетакрор, ғаройиб шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.

Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.

Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.

Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.

Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.

Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.

Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.

Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.

Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.

Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.

Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.

Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари