Ўзбекистон элчиси Нодиржон Тургунов Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) Лойиҳалаштириш масалалари департаменти бош директори Анас Айсам билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Ўзбекистон ва ИТБ ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш, мамлакатимизда ишлаб чиқилаётган йирик лойиҳаларни имтиёзли молиялаштириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб қувватлаш ҳамда техник-гуманитар ёрдамларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон ва ИТБ ҳамкорлиги бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган стратегия муваффақиятли амалга оширилгани инобатга олиниб, 2022-2026 йиллар учун ана шундай стратегия ишлаб чиқилгани маълум қилинди.
Томонлар истиқболда транспорт, логистика, таълим, қишлоқ хўжалиги, сув, атроф-муҳит, чорвачилик, обод қишлоқ ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари бўйича фикр алмашдилар.
Ўзбекистонда хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим дастурлар эътироф этилди ва уларда ИТБ иштирокини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари мазкур банк томонида амалга оширилаётган лойилар ижросини доимий тарзда мониторинг қилиб бориш ва истиқболдаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун ИТБ вакилларининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати