Сарлавҳадан маълум бўлганидек, сиз ва бизга бир мазҳабга эргашиш вожиб. Мазҳабни ушламаслик охири динсизликка олиб боради. Гапимниг тасдиқи ўлароқ Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳи алайҳ “Мазҳабсизлик динсизликка кўприкдир” китобида “Биз бу каби ҳолатга тушган жуда кўп инсонларни кўрдик. Ўзларича бир нечта ҳадисни маъносини билиб олиб: “Мен ўзим Қуръон ва ҳадисдан ҳукм оламан, мен мазҳабга эргашмайман, мен ҳадисга амал қиламан”,-деб, бориб бориб беқарор инсонларга айланишди. Бир иш борасида ўзининг фойдасига нима далил келса ўшани ушлаб олаверади. Ҳатто энг чеккадаги заиф қавлларни ҳам ушлаб, нафси хоҳлаган нарсани қилиб кетадиган бўлиб қолишди. Алкаш бўлиб кетганлари қанча. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Малфузот” китобларида Ҳиндистонда мазҳабсизликни тарғиб қилган бир муҳаддисни “Мен 25 йиллик тажрибам асосида шуни билдимки, ҳозирги даврда бирор мазҳабни тутмаслик охир оқибат динсизликка олиб борар экан” деган гапларини иқтибос келтирган.
Дин душманлари бу умматни тўғридан-тўғри диндан олиб чиқиб кетишни уддасини қилолмагач, охири мазҳабсизлик ғояларини тарғиботини бошлашди. Бунинг учун баъзи саноқли масалалардагина ўз мазҳабидан четга чиққан ҳанбалий мазҳабидаги Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳни асос қилиб олишди. У киши ҳанбалий мазҳабида бўлиб, бир юз олтитагина ақоид ва ибодатга тегишли баъзи масалаларда мазҳабдан ташқарига чиққанлар. Бошқа ҳаммасида ҳанбалий мазҳабини маҳкам ушлаганлар. Лекин У киши ҳам ўзларидан аввалги уламоларни кофирга чиқарган эмаслар. Ҳатто Боязид Бистомий, Абдулқодир Жилоний каби тасаввуф машойихларини ҳам мақтов билан зикр қилганлар. Мазҳабдан чиққан ўринларда уммат уламоларининг қаттиқ раддияларига учраганлар. Демак, хатоларининг асосий сабаби- улар мазҳаб асосчилари қанақа мартабадаги зотлар эканини билмаслигидадир. Алҳамдулиллаҳ! Бизнинг диёрнинг аксар қисми ҳанафийлардан ташкил топган. Имом Шаъроний раҳимаҳуллоҳ шофеьий мазҳабида бўлсалар ҳам: “Ҳанафий мазҳабини текшириб чиқдим ва саҳиҳ ҳадисларга бино қилинган ҳолатда топдим”.
Мазҳаб имомларимиздан ҳам, бу мазҳабни бизга етказган буюк мужтаҳид алломаларимиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин!
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази