Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Апрел, 2026   |   21 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:30
Қуёш
05:52
Пешин
12:29
Аср
17:02
Шом
19:01
Хуфтон
20:17
Bismillah
10 Апрел, 2026, 21 Шаввол, 1447

04.07.2024   3751   1 min.
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бетгачопарлик – кибрнинг нишонаси

09.04.2026   3153   3 min.
Бетгачопарлик – кибрнинг нишонаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Автобусда кетар эканман, ёш йигит ва кекса киши ўртасидаги жанжал диққатимни тортди. Афтидан мўйсафид йигитчанинг ўзини беадабларча тутишига эътироз билдирган ва бу тортишувга сабаб бўлган эди. Ўсмир чолга қараб: “Мен билан ишингиз бўлмасин, насиҳатингизни уйга бориб невараларингизга қилинг”, деб гап қайтарар, қария: “Болам, одобни ўрган, жамоат жойида юриш-туришингга, оғзингдан чиқаётган гап-сўзга эътиборли бўл”, дерди. Баҳсга атрофдагилар ҳам аралашиб, йигитчани инсофга чақиришди, аммо у гапдан қолай демасди. Автобус бекатга тўхтагач, чол: “Ҳайф сенга шунча гап”, деганча қўл силтаб тушиб кетди ва ўсмир ҳам ортидан бир нималар деди.

Ўйланиб қоласан: бу йигитча ўз ота-онасига ҳам шундай муомала қилармикан? Бунга шубҳа йўқ. Чунки бегоналарни ҳурмат қилмайдиган киши ўз яқинларига ҳам шундай муносабатда бўлади. Бу унга ёшликдан тўғри тарбия берилмагани, одоб ўргатилмаганининг оқибатидир. Энди эса ушбу хатони тўғрилаш анча мушкулот туғдиради.

Тан олиш керак, бугунги кунда айрим ёшлар орасида бетгачопарлик, гап қайтариш, катталарга ҳурматсизлик каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса нафақат оила, балки бутун жамият Бетгачопарлик – кибрнинг нишонаси маънавияти учун хавф туғдиради.

Бетгачопарлик фақат қўполлик эмас, балки қалбдаги кибрнинг нишонасидир. Катта киши сўзлаётганда гап қайтариш, овозни баланд қилиш, юзни буриш, телефондан бош кўтармаслик, масхараомуз кулиш – ўзига бино қўйишнинг энг юқори кўриниши. Унутмаслик лозим, аввалига “оддий ҳолат”дек туюлган бу ҳаракатлар аста-секин хулқ-атворга айланади.

Тасаввур қилинг: ота ўғлига мулойимлик билан насиҳат қилмоқда. Фарзанд эса қўлида телефон, кўзи экранда. Панд-насиҳатни эшитгиси келмай, “Ҳа, бўлди-да!” деб жеркийди. Отанинг қалби оғрийди. Энг оғир ҳолат – ота-онага нисбатан қаттиқ сўз ишлатиш. Бу нафақат одобсизлик, балки оғир гуноҳдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кичикларимизга меҳрибон бўлмаганлар, катталаримиз ҳақини билмаганлар биздан эмас”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, катталарни ҳурмат қилиш – оддий ахлоқий талаб эмас, балки иймон белгисидир.

Бугунги кунда ачинарли бир ҳолатга гувоҳ бўляпмиз. Яъни ижтимоий тармоқларда айрим “вайн”чилар катта ёшли инсонларни масхаралаш, уларга қўпол ҳазиллар қилиш орқали обуначиларини кўпайтириш пайида. Бу эса ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оқибатда айрим йигит-қизлар бегоналар тугул, ўз ота-онасининг ҳам юзига тик қараш, уларни муҳокама қилишгача боришяпти.

Кўпинча ёшларнинг бундай қилмишига арзимас камчиликдек қараймиз. Аммо унинг оқибатлари жиддийдир. Яъни бундай одобсизлик ота-она розилигидан маҳрум бўлиш, одамлар орасида ҳурматни йўқотиш, яқинлар билан муносабатларнинг совиши, бу қилмишнинг келажакда фарзандлардан қайтишига олиб келиши мумкин. Оилада яхши ахлоқий муҳитни кучайтирмас, фарзандларга кичиклигидан катталарга ҳурмат кўрсатишни ўргатмас, бу борада уларга намуна бўлмас, телефон ва интернетдан фойдаланишларини назорат қилмас эканмиз, бундай аянчли оқибатларнинг олди олинмайди.

Эсдан чиқармайлик, ёшлик – фақат фахр ё ғурур эмас, камтарлик давридир. Кимки ўз камолотига интилса, ҳусни хулқ, одобни маҳкам тутади. Камолотга пойдевор эса навқиронлик фаслида қўйилади.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

Мақолалар