“Ғулув” арабча сўз бўлиб, “чегарадан чиқиш ва меъёрдан ошиш” деган маъноларни билдиради. Яна мажозий маноси дин таълимотини талқин қилишда ҳаддан ошишни англатади.
Ғулувга бориш илмий ва амалий масалаларга хос бўлмай, балки ояти карима тафсирларида шариат мақсадларига зид фикрларни баён қилишда ҳам бўлиши мумкин. Масалан, ояти карималар тафсирини бирон фикр ва ғояга мослаштиришга уриниш кабилар ҳам динда хаддан ошиш ҳисобланади. Диндаги ғулувга кетишнинг энг ёмон оқибати етарли илми бўлмаса ҳам қуръонни ўзича тушунишдир. Бундан ташқари, хадисларга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Айтинг: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган, ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз! (Моида сураси, 77-оят).
Динда чуқур кетмаслик хақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ таоло шариатида чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар, деб уч марта айтишларида, динда ҳаддан ташқари зиёдалик қилиш инсонни ҳалок қилиш билан тенг эканлигидан огоҳлантирдилар”.
Ҳаромни ҳалол деб билиш, гуноҳкор кишини кофирга чиқариш, Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни бирон – бир шаръий далилсиз, масалан, қошиқ билан таом истеъмол қилишни ёки соат тақишни ножоиз деб билиш кабилар ҳам динда ғулувга кетиш хисобланади.
Ким Аллоҳ таолога У Зотнинг Ўзи жорий қилган шариатдан бошқа йўл билан қурбат хосил қилишга ҳаракат қилса, шубхасиз, адашган бўлади. “Билингизки, ораларингизда Аллоҳнинг Пайғамбари бордир. Агар у кўп ишларда сизларга бўйинсунса, албатта, сизлар машаққатларга дучор бўлур эдингиз” (Ҳужурот сураси, 7-оят).
Динимиз дунёдан юз ўгириб бутунлай ибодатга берилишдан қайтаради.Ҳаким донишманд исонлар айтган бир жумла бор:,,Дунёда йўловчи каби бўл.Ортингдан фақат чиройли изларни қолдир.Биз бу дунёда бир меҳмонмиз,холос.Меҳмоннинг жўнашдан бошқа чораси йўқ"Шундай экан дин ва дунё ишини тенг олиб борган одам барчани муҳаббатига эга бўлади ҳам чиройли амалари билан эсланади. Чунки саҳобалар розияллоҳу анҳумдан уч нафари насороларнинг роҳибларига ўҳшаб дунёдан бутунлай узилишни ирода қилди. Улардан бирлари кечанинг хаммасини бедор ўтказишни, иккинчиси доимо рўза тутиб юришни, учинчилари аёллардан узоқда бўлишни қасд қилганларида. Бу ҳолатдан пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳабар топдилар ва барчаларини чақириб, қилган ишларини инкор этганлари ва: “Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари – киши бу дунёдаги ўз насибасини ҳаддан ошмасдан олишидир. Аллома ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳнинг ғулувга “Бирор нарсадан муболаға қилиб, унда қаттиқлик қилишдир”, деб таъриф берган. Имом Нававий эса ғулувни “Шариатда талаб этилган нарсага қўшимча киритиш”, деб атаган.
Абдул Карим Юнус Хатибнинг таърифи қуйидагичаа: Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятида ихтилоф ва гурухбозликка, фитнага ва охир – оқибат, ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўтазила ва бошқа оқим, тоифаларнинг вужудга келиши ҳам асосан, динда ғулувга кетиш оқибатида содир бўлган. Айни вақтда, ғулувга берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис, одамлар тўғри йўлдан адашиб, ундан безиб қоладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғулув масаласида қуйидаги ҳадисни айтганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас”, деганлар (Имом Насоиий, “Сунан”, “Маносиклар китоби”, 5/278).
Жумҳур уламолар динда ғулувга кетиш оқибатида юзага келадиган оғир зарарлар сифатида қуйидагиларни қайд этишган: Аллоҳдан узоқлаштиради; дўзаҳни вожиб қилади.
Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳу алайҳи “Мусулмон кишини, бир гуноҳни қилгани билан, ўша гуноҳни ҳалол санамаса, уни кофирга чиқармаймиз”, деганлар.Аллоҳ таоло доим эътиқодда,амалда,сўзиммизда бизларни тойилишликдан сақласин.
Абдурашид Иминов,
Учқўрғон тумани “Ҳўжа Саид” жоме
масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан