Қадрли ўғил-қизларим!
Сиз, азизларни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз ижобатини, Янги Ўзбекистон келажагини бутун эл-юртимиз қатори сиздек азму шижоатли фарзандларимиз билан боғлиқ ҳолда кўрамиз. Шу боис, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни камол топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, сўнгги йилларда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Бу эса маҳаллалардаги Президент вакиллари бўлган ёшлар етакчилари орқали қанча-қанча йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қуйи бўғиннинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда.
Айниқса, “Ёшлар дафтари”, “Ёшлар баланси” платформаси асосида олиб бораётган кенг кўламли ишларимиз натижасини ўғил-қизларимиз ўз ҳаётида аниқ ҳис этмоқда.
Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш бўйича жорий этилган янги тизим туфайли бу йилнинг ўзида “маҳалла еттилиги” тавсияси билан 156 минг ёшга 60 минг гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилгани ҳам шу йўлдаги муҳим қадамдир.
Албатта, ёшларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда муҳим ютуқларга эришаётгани барчамизни хурсанд қилади. Биргина ўтган ўқув йилида мактаб ўқувчиларимиздан 55 нафари математика, кимё, биология, физика ва информатика фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадаларда 8 та олтин, 15 та кумуш, 32 та бронза медалини, маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро танловларда эса ёшларимизнинг 383 нафари бош совринни, 1 минг 359 нафари 1-ўринни қўлга киритди.
Яқинда Қатарда бўлиб ўтган футбол бўйича Осиё кубоги ўйинларида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мамлакатимиз тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритгани ҳам барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Мана, бизнинг қандай истеъдодли, билимли ва матонатли ёшларимиз бор! “Янги Ўзбекистон ёшлари” деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган бундай йигит-қизлар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин фондимиздир.
Қадрли навқирон дўстларим!
Ўзбекистонда ёшлар сиёсати борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар дунё миқёсида тан олинмоқда. Ўтган йили Ёшлар тараққиёти индексига кўра, Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири, деб эътироф этилгани ҳам шундан далолат беради. Шунингдек, БМТ томонидан “Ёшлар стратегияси – 2030”ни намунавий тарзда амалга ошириш бўйича танлаб олинган 10 та мамлакатдан бири айнан Ўзбекистондир. 2022 йилда Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, 2024 йилда эса азим Тошкентимиз – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги минтақасида биринчи ёшлар пойтахти деб эълон қилинди.
Шу кунларда мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган Бутунжаҳон ёшлар фестивали ҳам Ўзбекистонга бўлган юксак эътибор намунаси, десак, тўғри бўлади. Ушбу анжуманда 92 та мамлакатдан 700 нафардан зиёд чет эллик ёшлар, 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг вазирлик ва идораларидан раҳбар ва масъул ходимлар иштирок этмоқда. Энг муҳими, юртимиз ёшларининг бутун дунёда дўстлари, ҳамкорлари кўпаймоқда, билим ва касб ўрганиш, глобал мулоқот ва алмашувларда иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Азиз ўғил-қизларим!
Фарзандлари билимли, истеъдодли, ўзининг кучи ва салоҳиятига ишониб, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг истиқболи албатта ёруғ бўлади. Биз Ўзбекистон ёшларини ана шундай эзгу фазилатлар соҳиблари этиб тарбиялаш учун бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Ҳеч қачон унутманг, сизлар ёшликнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, доимо бунёдкорлик ва ижодкорлик ҳисси билан, Ватанга чексиз меҳр ва садоқат туйғуси билан яшасангиз албатта кам бўлмайсиз.
Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, ўз олдингизга қўйган мақсадларга эришишда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, омад ва зафарлар тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ўғил-қизларим!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.
Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.
Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.
“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.
Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.
“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.
Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.
“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.
Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.
Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.
Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.
“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.
Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати