Тошкент шаҳридаги "Тўхтабой" жоме масжиди имом-хатиби Зокиржон домла Шарипов
1. Ота-она фарзанд неъматининг шукрини адо этишлари учун нималарга эътибор беришлари керак?
2. Иброҳим алайҳиссалом кексайиб қолган бўлишларига қарамай Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўраб, ёлворганларининг ҳикмати нимада?
3. Солиҳ фарзанднинг дунё келиши аввало нималарга эътибор бериш керак?
4. Баъзилар тирноққа зор бўлса, бошқалар фарзандини ахлатхоналарга ташлаб кетаётган ёки пуллаётганлар, ҳомилани аборт қилдириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда динимизнинг кўрсатмаси қандай?
5. Динимизда қиз фарзандлар алоҳида қадрланади. Бу ҳақда келган айрим кўрсатмалар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ