Саудия Арабистонининг Икки Муқаддас Масжид масжиди ишлари бўйича бош бошқармаси ҳаждан янги келган зиёратчилар келиши олдидан Пайғамбаримиз масжиди “Масжидун Набавий”ни ёзнинг жазирама иссиғига чидамли этиб тайёрлади.
Ҳароратнинг ошишини инобатга олган ҳолда, бошқарма томонидан мусулмонларнинг қулайлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун махсус чора-тадбирлар амалга оширилди.
Юқори технологияли кондиционер (совутгич) тизими “Масжидун Набавий”даги ҳарорат шароитларини тартибга солишда муҳим роль ўйнайди. Ушбу тизимнинг марказий стансияси бутун муқаддас масжид бўйлаб салқин ҳавони самарали тарқатиш учун илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда дунёдаги энг йирик сув совутгичлар билан жиҳозланган, деб ёзади, IslamNews “ Asharq al-Awsat ” нашрига таяниб.
Масжиднинг ҳовли ҳудудларида зиёратчилар автоматик тизимда ишлайдиган 250 та улкан соябон остида жазирама иссиқдан ҳимояланишади. Сув пуркагич вентиляторлари масжид ва унинг радиусидаги ҳавони янада совутади, марказий сув пуркагич тизими мунтазам стерилизация қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Дўзах Роббига шикоят қилиб, «Роббим, ич-этим бир-бирини еб юборяпти», деди. Шунда У Зот унга икки нафасга – қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга изн берди. Сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана шундандир» (Ибн Можа ривояти).
Қуёш қиздирган, жазирама иссиқ кунда қайта тирилиш кунини эсла ва Аллоҳдан Аршининг соясини, шифти остидаги мақомни сўра!
Аллоҳим! Кундузлари соим, кечалари қоим бўлишда, кўзни тийиш, тилни сақлашда бизга Ўзинг ёрдамчи бўл!
Иссиқ ҳавога сабр қилсанг, ёмонликларинг ўчирилади.
– Агар иссиққа сабр қилиб, савоб умид қилсанг, Аллоҳ яхшилигингни зиёда қилиб беради.
– Агар Аллоҳ иссиқни тақдирингга битган эканига рози бўлсанг, У Зот ҳам сендан рози бўлади.
– Агар иссиқда рўза тутсанг, машаққатингга яраша рўзангни ҳам савоби ошади.
– Агар иссиқда масжидга борсанг, салқин ҳавода боргандан кўра кўпроқ савобга эришасан.
Энди ўйлаб кўргин, шундай улкан савоблари бор экан, нега бу иссиқдан бунча диққинафас бўласан?