Аллоҳнинг китоби мусулмонларнинг инсонийлик қиёфасини, унинг бошқа кишиларга ва умуман, оламга нисбатан бўлган муомаласи, одоби, хулқини шакллантиришда катта ўрин эгаллайди. Инсоният тарихида қадим замонлардан буён йиғилиб, амалда тадбиқ қилиб келинаётган кўпдан – кўп инсоний хислатлари, ахлоқий тартиб-қоида ва қарашлари Қуръонда ўз аксини топган. Шариатимизда ҳиммат, хайр-саҳоват ва меҳмондўстлик, тўғрилик, жасорат ва ботирлик, сабр-тоқат, поклик, ҳалоллик, вафодорлик, содиқлик каби инсоний фазилатлар билан бирга ота-она ҳуқуқлари ҳам белгилаб қўйилган ва ҳимоя қилган.
Қуръони каримда, ота-онани ҳурмат қилишга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”— деган. “Уфф” сўзи – безорим чиқди, жонимга тегди ва шунга ўхшаган маъноларни билдиради. Ота-онага бу сўзни ишлатиб ранжитиш, Аллоҳга итоатсизлик бўлади. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишдан кейин, ота-онага яхшилик қилишни, уларга озор бермасликни ва ширинсухан бўлишни буюраяпти. Бу динимизда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади. Ушбу суранинг кейинги оятида: “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт”, — деган. Фарзандлар ота-онанинг ҳузурида ўзини қанча паст тутса, ўзларига шунчалик яхши бўлади. Яна доимо уларга Аллоҳ таолодан мағфират тилаб дуо қилишлари лозим бўлади. Чунки улар фарзандларига тарбия бериб вояга етказгунича қанчадан қанча машаққатларни чекиб ўтган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. деганлар. Ҳикматларда келади: «Она жаннат эшикларидан бир эшикдир», яъни фарзанднинг онасига яхшилик қилиши уни жаннатга етказади. Машҳур Қози Иёз Закийнинг оналари вафот этганида қаттиқ йиғлаб туриб: Мен учун жаннатга олиб борадиган икки эшик бор эди, биттаси беркилиб қолди деганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен катта гуноҳ қилдим. Энди мен учун тавба борми?» деди.«Онанг борми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Холанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Унга яхшилик қил», дедилар» (Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти). Демак, хола ҳам она ўрнида бўларкан. Онаси вафот этиб кетган инсон холасига яхшилик қилса, бу ҳам гуноҳларига каффорат бўлар экан.
Фарқан Сабахий айтади: “Бази китобларда ўқидим, фарзанд учун ота-онасиниг ҳузурида иккаласининг изнисиз гапиришлик ва икковидан олдин юришлик ўнгда ҳам, чапда ҳам лозим бўлмайди, магарам уни икковлари чақиришса, жавоб бериб, сўнгра изидан юради….”
Хулоса ўрнида айтамизки: Аллоҳ таоло ота-онанинг фарзандни дунёга келишига сабаб бўлганликлари, уларни ўстириш, вояга етказиш, илм бериш, вақти келганда оилали қилиш каби бурчларини адо этишда чеккан машаққатлари туфайли, уларга буюк мукофотлар ато этиб, ўзининг розилигини ота-онанинг розилиги билан боғлаган. Шундай экан, азизлар, ота-онамизнинг хизматини қилишликда сусткашликка йўл қўймайлик.
Отабек Содиқов,
Давлатобод тумани “Муҳаммад ал – Амин” жоме
масжиди имом ноиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бандадан хато содир бўлмаслиги мумкин эмас, балки содир бўлган хатоларни тузатишга интилиш — ана шу бандалик хусусиятидир. Одам боласидан хато содир бўлиши оддий ҳол. Хатоларни афв этиш эса ҳамма ҳам қила олмайдиган, охиратда шараф бўладиган хислатдир.
Европалик бир файласуф: «Оловни ҳаддан зиёд ёқиб юборма, душмандан олдин ўзингни куйдириб қўймасин», дейди.
Бир одам ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Мен сени шундай ҳақорат қиламанки, у сен билан бирга қабринггача боради», деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Сенинг ҳақоратинг қабргача мен билан эмас, балки ўзинг билан бирга боради», дедилар.
Хуллас, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унинг ахлоқсизлигига эътибор ҳам бермадилар.
Қуръони Карим жоҳил кишилардан юз ўгириб ўтиб кетишни ва беҳуда ишлардан батамом сақланишни таълим берган ва таъкидлаган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Хизматкоримнинг хатоларини неча маротаба авф қилайин?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб қилмай жим турдилар. У яна қайта сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар куни етмиш маротаба» дедилар.
Имом Термизий ривояти.
Ҳадисдан олинадиган фойда шуки, хатоларни авф қилишнинг ҳадди белгиланган эмас. Агар ходим ҳар куни етмиш маротаба хато қилса ҳам, уни кечириш гўзал хулқ ва раҳм-шафқатнинг талабидир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан