Шу йилнинг 24-26 июль кунлари БРИКС ташкилотига аъзо мамлакатларнинг энг яхши қорилари Қуръони карим мусобақасида иштирок этиш учун Татаристон пойтахти Қозонда йиғилади.
Танловда 20 дан ортиқ давлат, хусусан, БРИКС давлатлари, араб-мусулмон дунёси, Aфрика ва МДҲ давлатларидан энг кучли қорилари иштирок этади.
22-Халқаро Қуръони карим мусобақасининг фахрий меҳмонлари орасида Россия, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Эрон, Бразилия, Баҳрайн, Хитой, Ҳиндистон, Миср, МДҲ давлатлари ва бошқа давлатларнинг вазирлари, муфтийлари, таниқли олимлари, шунингдек, халқаро мусулмон ташкилотлари раҳбарлари ҳам бор.
Маълумки, 20 йилдан буён Москвада Қуръон тиловати халқаро мусобақаси ўтказиб келинмоқда. Бу йил ҳам худди шундай тадбир Қозон шаҳрида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Унда раис ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов юртимизнинг турли ҳудудларидан келган юртдошларимизнинг масалалари, таклиф-мулоҳазаларини тинглади.
Шаръий ҳукмлар, оилавий масалалар, моддий кўмак сўровлари тегишли тартибда кўриб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, фуқаролар томонидан масжидларни обод қилиш, ёшлар ўртасида илмий-маърифий тарғиботларни кучайтириш юзасидан билдирилган таклифлар ёзиб олинди.
Тегишли масалалар бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, фуқаролар мурожаатларини тезкор ва адолатли ҳал этишга йўналтирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати