Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун 20 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказида “Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий ҳадис мактаби раҳбарлари, илмий жамоалар, олимлар, илмий ходимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирок этди.
Анжуманда Имом Бухорий меросининг илмий аҳамиятини, ислом таълимоти асосларидан бўлган ҳадисларни жамлаб, улардан ишончлиларини саралаб берган буюк муҳаддис олим ҳаёти ва илмий йўлини чуқур ўрганиш ва жамоатчилик орасида замонавий усулларда кенг тарғиб қилиш заруратини алоҳида қайд этилди.
Конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб, Имом Бухорийнинг хизматларини эътироф этиб, у зот қолдирган бой мерос ислом олами учун алоҳида фахр эканини таъкидлади. Мамлакатимизда буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг бой илмий меросини пухта ўрганиш, кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, илмий-ижодий фаолиятлари билан бир қаторда ул зотнинг ҳаётлари, ахлоқ-одоблари, юксак инсоний фазилатларида биз учун ибрат, намуна эканини қайд этиб ўтди.
Конференция якунида Имом Бухорий мажмуасида алломанинг “Саҳиҳи Бухорий” асари хатм қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Жаннатга кирдим ва унинг эшигида садақа ўн (баробар савоб), қарз эса ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади) деган ёзувни кўрдим. Шунда "Эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади?" дедим. Жаброил алайҳиссалом: "Чунки садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат муҳтожнинг қўлига тушади", деди.