Ҳожиларимизнинг “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” деган ташаббусларини амалиётга жорий этиш бўйича 18 июль кунидан Тошкент шаҳрида ва 22 июль кунидан республикамизнинг барча ҳудудларида тадбирлар бошланди.
Ҳудудий ҳокимликлар, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан ҳар бир ҳудуд бўйича ҳожиларни ўз маҳаллаларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, профилактик ҳисобда турувчи, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, нотинч оила, ажрим ёқасида турган фуқароларга бириктириш ишлари ташкил этилди.
Хусусан Қорақалпоғистон Республикаси туманларида фаолият юритаётган имом хатиблар ва ноиблар, МФЙ раислари ва “Ҳаж-2024” сафарига бориб келган ҳожи ота ва ҳожи оналар, шунингдек, Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдулло домла Абдуллаевнинг кўрсатмасига асосан Фарғона ва Қувасой шаҳарлари ҳамда Данғара ва Риштон туманларида фаолият юритаётган имом-хатиблари билан биргаликда ҳаж сафарига бориб келган ҳожи ота ва ҳожи оналар билан ҳамкорликда шаҳар ва туманлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга мухтож, ногирон, профилактик ҳисобда турувчи оилалар ҳолидан хабар олиб, эҳтиёжманд оилаларга хайрия ва эҳсонлар улашдилар.
Бириктирувга асосан, 22 июль куни Андижон вилоятида 118 та, Бухоро вилоятида 28 та, Жиззах вилоятида 106 та, Навоий вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 48 та, Самарқанд вилоятида 59 та, Сирдарё вилоятида 38 та, Сурхондарё вилоятида 34 та, Тошкент вилоятида 80 та, Фарғона вилоятида 25 та, Хоразм вилоятида 52 та, Қашқадарё вилоятида 29 та, Тошкент шаҳрида 59 та тадбирлар ўтказилди. Тошкент тажрибаси асосида бошқа ҳудудларда ҳам ишни ташкил этиш бугунги кундан амалиётга жорий этилди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан маҳалла раислари, фаоллари, имом-хатиблар, ҳожиларга маҳаллаларда амалга ошириладиган тадбирлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ҳудудларда ҳожилар иштирокида 711 та хонадонлар ҳолидан хабар олиниб, маҳалла раислари, имом-хатиблар билан биргаликда суҳбатлар ташкил этилди.
Маҳаллалардаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга ҳожилар томонидан моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ