بسم الله الرحمن الرحيم
МУҲТОЖЛАРГА ҒАМХЎРЛИК – УЛКАН САВОБ
Муҳтарам жамоат! Маълумки, Аллоҳ таоло берган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз айни муддаодир. Хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам ва барча эзгу ишларда имкон қадар кўмакчи ва ҳомий бўлишга ҳаракат қилиш – мусулмоннинг энг гўзал сифатларидан бири ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, Оли Имрон сурасида шундай деган:
لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ
(سورة آل عمران، الاية-92).
яъни: Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ
وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ.
яъни: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).
Оятнинг зоҳиридан садақаларнинг барча турларини ошкора ёки пинҳона беришнинг жоизлиги, аммо пинҳона садақанинг афзаллиги маълум бўлади. Лекин баъзи уламолар фарз ёки вожиб садақаларни, яъни закот, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал, ихтиёрий нафл садақаларни эса пинҳона берилгани яхшидир, дейдилар. Зеро, вожиб садақалар пинҳона берилса, одамларда закот бермайди, деган шубҳалар туғилиши мумкин. Аммо нафл садақалар ҳам баъзида бошқалар кўриб ўрнак олсин деган ният билан ошкора берилгани яхшидир.
Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِنَّ الصَّدَقَةَ لَتُطْفِئُ عَنْ أَهْلِهَا حَرَّ الْقَبور، وَإِنَّمَا يَسْتَظِلُّ الْمُؤْمِنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فِي ظِلِّ صَدَقَتِهِ
(رَوَاهُ الإِمَامُ الْطَبَرَاني عن عقبة بن عامر رضي الله عنه).
яъни: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривоятлари).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
اَلصَّدَقَةُ تُطْفِئُ الْخَطِيْئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمُاءُ النَّارَ
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه).
яъни: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривоятлари).
Уламоларимиз хайр-эҳсон – инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаъат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"اَلصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ مسلم عن أبي مالك رضي الله عنه).
яъни: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имони борлигига)” (Имом Термизий ривоятлари). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.
Қолаверса, ҳозирги синовли кунларда хайру эҳсон қилиш ва имкон борича ўзгаларга ёрдам беришнинг савоби жуда катта. Чунки ҳозир эҳтиёжманд аҳоли нисбатан кўпроқ. Бадавлат кишилар бу фурсатни ғанимат билиб, имкониятдан фойдаланиб қолишлари, катта савобларни қўлга киритишлари айни муддаодир. Чунки тезда Рамазон ҳам, бу синовли кунлар ҳам ўтиб кетади, кейин бундай бир ажру савоб бериладиган фурсатни топиб бўлмайди.
Хайр-эҳсон қилиш билан ҳаргиз мол озаймаслиги ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"ثَلَاثَةٌ أُقْسِمُ عَلَيْهِنَّ، وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيْثاً فَاحْفَظُوهُ: "مَا نَقَصَ مَالُ عَبْدٍ مِنْ صَدَقَةٍ، وَلَا ظُلِمَ عَبْدٌ مَظْلَمَةً فَصَبَرَ عَلَيْهَا،
إِلَّا زَادَهُ اللهُ بِهَا عِزًّا، وَلا فَتَحَ عَبْدٌ بَابَ مَسْأَلَةٍ إِلَّا فَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ بَابَ فَقْرٍ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ عن أبي كبشة الأنماري رضي الله عنه).
яъни: “Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривоятлари).
Бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан бир гадой пул сўраган эди, у зот бир дирҳам эҳсон қилдилар. Шунда у зотнинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалузаж (ширинлик) каби таомларни истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берсангиз ҳам кифоя қилар эди”, –деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак: “Худо ҳаққи, мен уларни кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, сиз айтгандек улар фалузаж ва гўшт ейдиган бўлсалар унда уларга бир дирҳам озлик қилади”, –дедиларда ва ўз хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгин-да, унга ўн дирҳам бериб юбор”, – дея амр қилдилар.
Муҳтарам жамоат! Баъзи бир қўли узун, бой кишиларни шундай деганларини эшитамиз: “Одамларга ҳайронман, жуда кўпчилик олдимга ҳар хил муаммолар билан келиб ёрдам сўрайди. Бировдан ёрдам сўрамасдан ўзини-ўзи эпласа бўлмайдими?!” Бундай шикоятни ўрнига бой кишилар шундай дейишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди: “Шунча молу давлатни одамлар ичидан танлаб менга берган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсин. Мени кўпчилик қийналган мусулмонларга ёрдам берувчи кимсалар қаторида қилди. Мени бировлардан ёрдам сўрайдиганлардан қилмади. Қўлимдан келганича, имкон қадар бировларга ёрдам бераман”. Чунки, Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой қилади, хоҳлаганини эса камбағар қилади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир. Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва мана шундай мартабани берган Аллоҳга доимо ҳамд айтиб, бу эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
"مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا، نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ، يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا، سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ، مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي هريرة رضي الله عنه).
яъни: “Ким бир мўминдан дунё машақатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади, модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” (Имом Термизий ривоятлари).
Шундай экан, битта амалга кўплаб савоблар ваъда қилинган Рамазондан фойдаланиб, хайр-саховатни турли кўринишда қилиш мумкин. Масалан, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам қилиш, қаровсиз қолганлар, хусусан боқувчисини йўқотган оилалар, бемор ва қариялар ҳолидан хабар олиш айни савобдир. Қолаверса, ҳозирги карантин пайтида муҳтожларга озиқ-овқат ёки дори-дармон каби кунлик эҳтиёжларини етказиб, уларни хурсанд қилиш жуда улкан ажр ҳисобланади.
Аллоҳ таоло келаётган Рамазон ҳайитини барчамизга муборак айлаб, бизни эҳсон қилувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан қилиб, уларга ваъда қилинган савоб ва фазилатларидан барчамизни баҳраманд айласин! Омин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَفَقَةُ الرَّجُلِ عَلَى عِيَالِهِ صَدَقَةٌ».
Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг аҳли аёлига қилган нафақаси садақадир», дедилар.
Шарҳ: Дарҳақиқат, аҳли аёлга нафақа қилиш садақадир. Чунки бунда киши вожиб ибодатни адо этади. Зотан, шариат ҳукми бўйича аҳли аёлнинг нафақаси вожибдир. Бу Аллоҳ таолонинг амридир. Шариатда кўрсатилган амални Аллоҳнинг амрини бажариш нияти билан қилиш Аллоҳ таолонинг йўлида қилинган иш бўлади. Шунинг учун ўз аҳли аёлимга берсам, садақанинг савобидан маҳрум бўламан, деган тушунча нотўғридир. Аксинча, яхши ният билан, шариатнинг буйруғини, Аллоҳ таолонинг ҳукмини адо этяпман, аҳли аёлимнинг нафақаси менга вожибдир, шуни ҳалолдан адо этаман, деб ҳаракат қилган киши аҳлининг нафақаси туфайли улуғ ажрларга эришади.
عَنِ الْحَسَنِ يَرْفَعُ الْحَدِيثَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ مِنْ غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلَا إِقْتَارٍ كَانَتْ نَفَقَتُهُ بِمَنْزِلَةِ النَّفَقَةِ فِي سَبِيلِ اللهِ».
Ҳасандан ривоят қилинади: «Киши аҳли аёлига исроф ҳам қилмай, жуда сиқиб ҳам қўймай нафақа қилса, Аллоҳнинг йўлидаги нафақа ўрнида бўлади».
Шарҳ: Аҳли аёлга, яъни қарамоғидагиларга қилинган нафақада исроф қилиш ҳам, хасислик қилиш ҳам дуруст эмас. Балки ўртача, бир меъёрда нафақа қилиб бориш Аллоҳнинг йўлидаги нафақа бўлади.
Аҳли аёлнинг нафақасида исрофга йўл қўйиш барча ҳолатлардаги исроф каби ношаръий иш ҳисобланади. Шу билан бирга, бу иш аҳли аёлнинг ҳаддидан ошишига, одобсизликларга қўл уришига сабаб бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Аҳли аёлнинг нафақасини сиқиб қўйиш бахилликнинг ёрқин намунасидир. Бу нафақадаги кишиларнинг ҳаққини поймол қилишдир.
Барча иш ва ҳолатлардаги каби, бу ишда ҳам ўртача бўлиш маъқул. Зотан, динимиз васатийлик – ўртача йўл тутиш динидир.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида айтади: «Инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, бу иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).
Араб тилида «инфоқ» – «нафақа» иборалари мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда «бировга садақа қилиш», «эҳсон қилиш» маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиши кераг-у, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим.
Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Мол-дунёни ҳеч қачон исроф ҳам қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.
Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкларини ҳавойи нафсларига биноан тасарруф қилишларига ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-ҳаришга ишлатиш ман қилинган.
Шунингдек, мол-мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» деган номни бериб, мусулмонлар исрофдан қайтарилган. Мол-мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одам «сафийҳ» – эси паст дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг мол-мулки музлатиб қўйилади. Керак бўлганида, маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.
Шу билан бирга, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама уларнинг ҳақларини олиб беради.
Исрофгарчилик ва хасисликни танқид этиб, қораловчи кўплаб ҳадислар келган.
عَنْ أَبِي الْمُخَارِقِ قَالَ: خَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي غَزَوةِ تَبُوكَ فَطَلَعَتْ نَاقَتُهُ، فَقَامَ عَلَيْهَا سَرِيعًا، فَمَرَّ بِهِ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ بَعْضُ أَصْحَابِهِ: مَا رَأَيْنَا كَالْيَوْمِ رَجُلًا أَجْلَدَ وَلَا أَقْوَى لَوْ كَانَ فِي سَبِيلِ اللهِ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى صِبْيَةٍ صِغَارٍ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى وَالِدَيْهِ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى نَفْسِهِ لِيُغْنِيَهَا فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى رِيَاءً وَسُمْعَةً فَهُوَ لِلشَّيْطَانِ».
Абул Мухориқдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқдилар. Туялари келиб қолди. Унга тезда миндилар. Шунда олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Ҳамма ўша кишига қаради. Шунда саҳобалардан бири у зотга: «Бугунгига ўхшаш бақувват, чапдаст одамни ҳеч кўрмаган эдик. Қани энди у Аллоҳнинг йўлида бўлса», деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у ўзининг кичик болалари учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар риё ва хўжакўрсин учун уринаётган бўлса, шайтоннинг йўлидадир», дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар риёкорликдан, хўжакўрсинчиликдан, фалончи гапиради, пистончи кулади, фалончини қойил қилиб қўяй, каби банданинг риоясини қилишдан мутлақо узоқ бўлишлари, ҳазир бўлишлари керак. Балки ҳар бир ишни соф ният билан, шариатда кўрсатилганидек, Аллоҳ таолодан савоб умидида адо этиш лозим экан. Шунда ҳам ҳожати раво бўлади, ҳам мурод-мақсадига етиб, бошқаларни хурсанд қилади, энг муҳими, Аллоҳнинг йўлида амал қилган инсон даражасига кўтарилади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ўзининг кичик болалари учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
2. Ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
3. Ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
4. Риё ва хўжакўрсин учун уринаётган одам шайтоннинг йўлида уринаётган шахс экани.
قَالَ شُعْبَةُ: فَقُلْتُ لِعَدِيٍّ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ فَقَالَ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ نَفَقَةً يَحْتَسِبُهَا كَانَتْ لَهُ صَدَقَةً».
Шуъбадан ривоят қилинади:
«Адийга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламданми?» дедим.
«Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан. У зот: «Қачон киши аҳлига савоб умидида нафақа қилган бўлса, унинг учун садақадир», дедилар», деди».
Шарҳ: Аҳлига, қарамоғидагиларга савоб умидида, бу Аллоҳнинг ҳукми, шариатнинг буйруғи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, бу менга вожиб, деган ниятда ва албатта, ҳалол-пок йўл билан топилган молдан қилинган нафақа садақа ўрнига ўтиб, улкан ажр-савобларга сабаб бўлиши шубҳасиз ҳақиқатдир.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз