بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله فضل شهر رمضان على غيره من الشهور، وخصه بليلة القدر، التي هي خير من ألف شهر، والصلاة والسلام على نبينا محمد صلى الله عليه وسلم وعلى آله وصحبه أجمعين، أما بعد:
ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ
Муҳтарам жамоат! Маълумки, Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири Қадр кечасини шу ойда бўлишидир. Қадр кечасининг улуғлиги ва ундаги ажр-савобларга йилнинг бошқа ойларидаги бирор-бир кеча тенг кела олмайди. Ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни зикр қилиб, “улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бу муддат давомида бир кўз очиб юмгунча ҳам гуноҳ иш қилмаганлар” деганларида саҳобаи киромлар бундан ғоятда ажабландилар. Шунда Расулулоҳнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Умматингиз шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди”, деб, қуйидаги Қадр сурасини ваҳий орқали тушурганлар:
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ
(سورة القدر/1-5)
яъни: “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 1-5 оятлар).
Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом: “Бу сезнинг умматингиз ажабланган нарсадан афзалдир”, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва атрофларидаги саҳобаи киромлар жуда хурсанд бўлдилар.
Демак, Қадр кечаси учун алоҳида бир тўлиқ сурани нозил бўлиши – бу кечанинг нақадар улуғ эканига далолат қилади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини мақтаб бундай деганлар:
"لِلَّهِ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ, مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا فَقَدْ حُرِمَ"
(رواه الإمام أحمد عن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).
яъни: “Аллоҳга қасамки, Рамазон ойида минг ойдан афзалроқ бир кеча бор. Ким ундан фойдаланиб қолмаса, шубҳасиз (жуда кўп нарсадан) маҳрум бўлибди” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Демак, Қадр кечасини топиб, уни ибодат билан ўткизкан киши 83 йилу тўрт ой тўхтовсиз ибодат қилганни савобини олар экан. Бу биз уммат учун нақадар катта бахт. Аллоҳ барчамизга насиб қилсин!
Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай деганлар:
"مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ"
(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ عن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).
яъни: “Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Имом Бухорий ривоятлари).
Азизлар! Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Сабаби, бандалар Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида имкон қадар кечаларини тоат-ибодат, дуо-тазарруълар билан ўтказиб, дунё ва охиратларига тегишли барча нарсаларни бундай дуолар ижобат бўладиган кунларда сўраб олсинлар.
Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Лайлатул қадрни қайси кеча эканини сўраганларида Рамазон ойининг учинчи ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар (“Тафсири Бағавий”).
Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
"تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الْأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ"
(رَوَاهُ الشَّيْخَانِ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا).
яъни: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигини тоқ кечаларидан изланглар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Демак, Рамазон ойининг ушбу фазилатли кечаларини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказишга ҳиммат қилишимиз, кўпроқ қазо ёки нафл намоз, зикру тасбиҳ, истиғфор, гуноҳларга тавба, Қуръон тиловати, ҳамда дуо-тазарруълар билан ўтказишимиз айни муддао бўлади.
Қадр кечаси ҳақидаги далилларни ўрганиб чиққан уламоларимиз Рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси (йигирма олтинчидан йигирма еттинчига ўтар кечаси)ни Қадр кечаси эканига баъзи ишоралар борлигини баён қилганлар. Шунингдек, Қадр сурасининг тафсирида ҳам қадрнинг йигирма еттинчи кечада эканига енгил ишоралар борлигини айтганлар. Масалан, Қадр сурасида “Лайлатул Қадр” калимаси уч бора қайтарилган. Аслида араб тили фасоҳати қоидасига кўра бундай вазиятда замирлар (олмошлар) ишлатилиши керак эди. Лекин Қуръони карим биз билган ҳар қандай нисбий қонуниятлардан устун туради. Буни билган уламолар айнан ушбу “Лайлатул Қадр” калимасининг уч марта қайтарилиши бежиз эмас, дейишиб, ундан айрим ишораларни чиқариб олдилар: Араб ёзувида “Лайлатул Қадр” калимаси тўққиз ҳарфдан иборат. Унинг уч марта қайтарилиши эса бу ҳарфларнинг йиғиндиси йигирма еттига тенг эканини билдиради. Бу билан Қадр кечаси йигирма еттинчи кечада эканига ишора бўлмоқда, дейдилар.
Яна бундан ташқари ушбу сура ўттизта калимадан ташкил топган. Бу калималарнинг йигирма еттинчиси “هِيَ ” яъни “У” олмошидир. Ушбу олмошдан “Лайлатул Қадр” ирода қилинган. Демак, бу ўринда ҳам Қадр кечасининг йигирма еттинчи кечада эканига енгил ишора бор дейилган.
Шундай экан, мусулмон киши рамазон ойининг охирги ўн кунида жидди-жаҳд билан ибодат қилиши, хусусан 27 кечада эса бошқа кунга нисбатан янада шижоат ила ибдодатга берилмоғи керак бўлади. Шояд, Аллоҳ таоло ўзининг кенг раҳмати ила минг ойдан яхшироқ бўлган кечани топишга барчамизни муваффақ қилса!
Ойша розияллоҳу анҳо онамиз “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўраганларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي"
(رواه الامَامُ الترمذى عن عائشةَ رضِيَ اللهُ عنها).
яъни: “Сиз: “Аллоҳумма иннака ъафуввун, туҳиббул ъафва фаъфу ъанний”, яъни, “Ё Аллоҳ, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Мени (гуноҳларимни) кечиргин” деб айтинг”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Мана шундай синовли кунларда бу улуғ ва ғанимат кечаларни қадрига етиб, фурсатдан фойдаланиб ибодатлар қилайлик! Ибодатимиз сўнгида Аллоҳ таолога дуо-тазаррулар қилиб, бу синовли кунлардан ва Коронавирус касаллигидан дунё халқлари қатори бизнинг юртдошларимизни ҳам тез кунларда халос қилишини сўрайлик! Аллоҳ таоло юртимизни тинч қилиб, ҳар хир бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин!
Муҳтарам азизлар! Шу ўринда Рамазоннинг саховат ойи эканини яна бир бор ёдга олсак. Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш мўминнинг оғирини енгил қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
وَلأَنْ أَمْشِيَ مَعَ أَخٍ لِي فِي حَاجَةٍ، أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَعْتَكِفَ فِي هَذَا الْمَسْجِدِ يَعْنِي مَسْجِدَ الْمَدِينَةِ شَهْرًا، ...وَمَنْ مَشَى مَعَ أَخِيهِ فِي حَاجَةٍ حَتَّى يُثْبِتَهَا، أَثْبَتَ اللَّهُ قَدَمَيْهِ يَوْمَ تَزُولُ الأَقْدَامُ
(رواه الإمام الطبراني)
яъни: “Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайди)” (Имом Табароний ривояти).
Динимиз эзгулик, яхшилик, меҳр-мурувват, хайру саховат динидир. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ўзганинг эҳтиёжини ўзиникидан устун кўриш динимизда энг юксак қадрланадиган, барчага ўрнак қилиб кўрсатиладиган чинакам исломий фазилатдир.
Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар орасида қийинчиликларга учраган кишиларга дуч келамиз. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида ҳам моддий ҳам руҳий кўмак бериш мўминлик вазифаси ҳисобланади. Қолаверса, бундан хайрли ишларни нафл ибодатга фарзни савоби бериладиган ва фарз ибодатга етмишта фарзни савоби бериладиган Рамазон ойида қилсак айни муддао бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга муборак Рамазон ойининг қадрига етиш, Қадр кечаларини топиш ва дуоларимизни ижобат айлаш бахтини насиб айласин! Омин!
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати