بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ لله الَّذِي أَوْضَحَ لَنَا مَعَالِمَ الزَّكَاةِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ سَيِّدِ الْأَنَامِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ البَرَرَةِ الْكِرَامِ، اَمَّا بَعْدُ
ЗАКОТ БЕРИШ – УЛКАН САВОБ!
(ЗАКОТГА ОИД ҲУКМЛАР)
Муҳтарам жамоат! Закот – Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот луғатда “поклаш”, “ўсиш” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса – “Муайян моллардан маълум қисмини Аллоҳ таоло белгилаб берган муайян тоифа кишиларга мулк қилиб бериш”дир. “Закот” сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, закоти берилган молга барака киради, кўпаяди, ўсиб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди.
Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан тенгдир. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
(سورة النور/56).
яъни: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз”(Нур сураси, 56-оят).
Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлганлиги учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини айнан ушбу ойда беришга одатланишган. Қуйидаги ояти карима закот бериш – фарз эканлигига далил ҳисобланади.
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا ...
(سورة التّوبة/103).
яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...” (Тавба сураси, 103-оят)
Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.
Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
"مَا نَقَصَ مَالٌ مِنْ صَدَقَةٍ قَطُّ"
(رواه الإمام الترمذي).
яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло ўз бандасига жон ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон – неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар эса – мол неъматининг шукридир”.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида закотга доир баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчамизга муборак қилсин! Бу ойдаги савобли амалларни бизга осон қилиб, гуноҳлардан фориғ бўлишимизни насиб айласин! Омин!
Уламолар динда ихтилоф чиқараётганлардан сақланиш учун мазҳаб аҳкомларида маҳкам туриш, мутаассиб ғояларга берилмаслик зарурлигини таъкидлайди ва ихтилофчиларнинг жамиятга бузғунчи таъсиридан сақланишда қуйидагиларни тавсия қилади:
– Аҳли сунна вал жамоа йўлидан юриш;
– Динни ўрганишда солиҳ аждодлар изидан бориш;
– Тизимли ва ишончли манбалар асосида илм ўрганиш;
– Уламоларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш;
– Фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш;
– Турли тоифа, фирқа ва гуруҳларнинг чақириқларига учмаслик;
– Кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш;
– Дин, Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш;
– Ихтилофлардан четда бўлиш.
Тарихдан маълумки, қайси халқ ёки жамиятда ихтилоф ва ўзаро низолар авж олса, у ерларда катта фитналар урчиб, ўлкалар заифлашган, охир-оқибат муқаррар таназзулга йўл тутган. Аксинча, ошкора ва махфий фитна ва ихтилофларга қарши илм, адолат ва бирдамлик билан қарши турган юртлар барқарор ривожланиб, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган.
Шу нуқтаи назардан, мусулмонларимиз ақида, шариат ва диний амалларни бажариш масалаларида уламоларимизга эргашишлари, жамоадан ажралмаслиги, ўзларини бузғунчи тоифалар таъсирига тушиб, диний мавзуларда низо ва тортишув чиқаришдан тийишлари, ихтилофли масалаларнинг ечимини жумҳур уламоларнинг Қуръон ва суннат, мотуридия ақидаси, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблар асосида ёзилган асарлардаги ҳужжат-далиллардан топишлари тўғри ечим ҳисобланади.
Мингбулоқ тумани “Топтиқ Азиз” жоме масжиди
имом-хатиби Мирзоҳид Умирзоқов
Манба: @Softalimotlar