Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

17.04.2020 й. Рамазон – раҳмат ойи

14.08.2020   6411   13 min.
17.04.2020 й. Рамазон – раҳмат ойи

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ للهِ الَّذِي مَنَّ عَلَى عِبَادِهِ بِمَوَاسِمِ الْخَيْرَاتِ، لِيَغْفِرَ لَهُمْ بِذَلِكَ الذُّنُوبَ وَالسَّيِّئَاتِ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى أَشْرَفِ الْمَخْلُوقَاتِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ مَدَى الأَوْقَاتِ، اَمَّا بَعْدُ

Рамазон – раҳмат ойи

Муҳтарам азизлар! Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат, саховат рамзи, Қуръони карим ойи – моҳи Рамазон кириб келмоқда. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган кўплаб ибодатларни бажаришимизга муваффақ айласин!

Рамазон ойида Аллоҳ таоло бизга рўза тутишни фарз қилган. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай баён қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

(سورة البقرة/183).

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Рамазон баракотидан унда бир нафл ибодат қилинса, фарз ибодатини савоби берилиши, бир фарз ибодат қилинса, етмишта фарзни савоби берилиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга шундай насиҳат қилганлар:

"يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّهُ قَدْ أَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عَظِيمٌ شَهْرٌ مُبَارَكٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ فَرَضَ اللَّهُ صِيَامَهُ وَجَعَلَ قِيَامَ لَيْلِهِ تَطَوُّعًا فَمَنْ تَطَوَّعَ فِيهِ بِخِصْلَةٍ مِنَ الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فَمَا سِوَاهُ وَمَنْ أَدَّى فِيهِ فَرِيضَةً كَانَ كَمَنْ أَدَّى سَبْعِينَ فَرِيضَةً وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ وَهُوَ شَهْرُ الْمُوَاسَاةِ وَهُوَ شَهْرٌ يُزَادُ رِزْقُ الْمُؤْمِنِ فِيهِ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ عِتْقُ رَقَبَةٍ وَمَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ" قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ لَيْسَ كُلُّنَا يَجِدُ مَا يُفَطِّرُ الصَّائِمَ قَالَ: "يُعْطِي اللَّهُ هَذَا الثَّوَابَ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا عَلَى مَذْقَةِ لَبَنٍ أَوْ تَمْرَةٍ أَوْ شَرْبَةِ مَاءٍ وَمَنْ أَشْبَعَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ وَسَقَاهُ اللَّهُ مِنْ حَوْضِي شَرْبَةً لاَ يَظْمَأُ حَتَّى يَدْخُلَ الْجَنَّةَ وَكَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْقُصَ مِنْ أَجْرِهِ شَيْئًا وَهُوَ شَهْرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنَ النَّارِ وَمَنْ خَفَّفَ عَنْ مَمْلُوكِهِ فِيهِ أَعْتَقَهُ اللَّهُ مِنَ النَّارِ"

(أخرجه الإمام البيهقي عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ رضي الله عنه).

яъни: “Эй, инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёда бўлади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”, – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга берадиган ифторлик топа олмаймиз-ку”, – дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунча чанқамайди. Ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, унинг ажрига тенг савоб бўлади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким Рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон рўзасини тутганлар жаннатнинг алоҳида бир эшигидан кириши хушхабарини бериб, шундай марҳамат қилганлар:

"إِنَّ فِي الْجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ الرَّيَّانُ يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لا يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ يُقَالُ أَيْنَ الصَّائِمُونَ فَيَقُومُونَ لا يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ مِنْهُ فَإِذَا دَخَلُوا أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ"

(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رضي الله عنه).

яъни: “Жаннатнинг Райён деган бир эшиги бор. Қиёмат куни ундан рўзадорларгина киради. Улардан бошқа бирор киши Райён эшигидан киролмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар ундан кириб бошлайдилар, рўзадорлардан бошқа ҳеч ким киролмайди Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Ундан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий ривоятлари).

Шу кунларда рӯза тутиш истагидаги инсонларни карантин шароити бир оз хавотирга солмоқда. Лекин хавотирга ўрин йўқ, карантинда рўза тутиш одатий рўзадан фарқ қилмайди. Қўлларни тез-тез ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш рўзани очмайди. Шунингдек, зарурат бўлса оғизни чайқашнинг ҳам зарари йўқ. Томоқдан (ҳалқумдан) сув ўтмаса, рўза бузилмайди.

Шунингдек, карантин сабабли масжидларга, жамоат намозларига чиқишнинг имкони бўлмаганда, телевизор ёки радиодан имомга иқтидо қилиб таровеҳ ёки жума намозини ўқиш жоизми деган савол туғилиши табиий. Шариатимиз кўрсатмаларига биноан радио ёки телевизор орқали имомга иқтидо қилиб, жума, таровеҳ ёки беш вақт фарз намозларини ўқиш дуруст эмас. Чунки, бу ҳолатда имомга иқтидо қилиш шартлари топилмайди. Яъни, намозда имомга иқтидо қилиш дуруст бўлиши учун имом билан унга эргашувчининг макони битта бўлиши, яъни бир жойда туришлари шарт.

Ислом умматига суннат бўлган, Рамазон ойининг қиёми – Таровеҳ намозини карантин вақтида масжидда адо қилиш имконияти бўлмагани боис, уйда ёлғиз адо этиш ҳам жоиз. Лекин хонадон аҳли билан жамоат бўлиб адо қилиш афзалдир. Таровеҳ намозида ҳам имомдан ташқари бир киши бўлса, жамоат билан адо қилинган бўлади ва жамоат савоби ҳосил бўлади”.

Динимизда рўзадорга ифторлик бериш улкан савоб ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам ўша рўзадор эга бўлган савобга тенг ажр берилади”.

Шундай экан, карантин сабабли зиёфат қилиб беришнинг имкони бўлмаганда, ифторлик харажатларини ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали муҳтож ва камбағал рўзадорларга бериш билан киши уларга ифторлик қилиб берганни савобини олади. Чунки, ифторлик қилиш деганда, фақатгина дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Ҳозирги кунда камбағал, муҳтож кишиларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторликдир.

         Муҳтарам азизлар! Одатда, ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан нисоб миқдори Рамазон ойида эълон қилинар эди. Лекин, юртимизда Коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинди ва бу аксарият аҳолининг даромадлари қисқаришига олиб келди.

Табиийки, бундай пайтда аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож бўлган қисмини қўллаб қувватлаш жуда муҳим ва айни пайтда ажр-савоби кўп бўлган амалдир. Халқнинг бошига машаққат келганда, Рамазон ойи келишини кутиб турмасдан, бой-бадавлат кишилар молларининг закотини муҳтожларга беришлари айни муддао бўлади.

Шунинг учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати закот нисобини Шаъбон ойида чиқаришга қарор қилди. Зеро, Шаъбон ойи ҳам фазилатли ойлардан биридир. Қолаверса, ҳозирги синовли даврда закот бериш муҳтожларга янада манфаатли бўлиб, закотнинг савобини бир неча баробар кўпайишига сабаб бўлади.

Ушбу қарорга биноан, 2020 йил учун ЗАКОТ нисоби 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм деб белгиланди. Мазкур қийматнинг қирқдан бири 531 250 (беш юз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади.

Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бирини закот сифатида камбағал ва фақирларга беради.

Азиз ватандошлар! Бугунги синовли кунларда, камбағал ва муҳтожларнинг эҳтиёжлари янада ортган бир пайтда маблағлари нисобга етган кишилар зиммаларидаги фарз закотни тезроқ адо қилишлари мақсадга мувофиқдир. Чунки, закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"حَصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَدَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَأَعِدُّوا لِلْبَلاءِ الدُّعَاءَ"

(رواه الإمام أبو داود عَنِ الْحَسَنِ الْبَصْرِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: Молларингизни закот бериш билан ҳимоя қилинг. Касалларингизни садақа бериш билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Демак, бундай синовли кунларда закот берган киши биринчи навбатда молини хатардан асрайди ва камбағалларнинг мушкилларини осон қилади, уларнинг дуоларини олади.

Бошқа бир ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"إِذَا أَدَيْتَ زَكَاةَ مَالِكَ فَقَدْ قَضَيْتَ مَا عَلَيْكَ"

(رواه الإمام الترمذي عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Қачон молингизни закотини адо қилсангиз, албатта, зиммангиздаги бурчни бажарибсиз, дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Закот зиммасига фарз бўлган киши уни муҳтожларга бермаслиги билан гуноҳкор бўлади, фарзни тарк қилган кишига айланади. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди”, деганлар.

Шайтон одамларни, хусусан закот берувчиларни камбағаллик билан қўрқитади. Закот сабабли моли камайиб кетади деб васваса қилади. Бироқ мол-давлат фақирга бериш билан ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади.

Закот бериши вожиб бўлган киши ўз вақтида закотини чиқармаса, моли ҳалокатга учраши ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

"مَا خَالَطَتِ الْزَكَاةُ مَالًا قَطُّ إِلَّا أَهْلَكَتْهُ"

(رواه الإمام البخاري عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُا)

яъни: “Қачон бир молга закот аралашса, албатта, уни ҳалок қилади

(Имом Бухорий ривоятлари). Демак,  закот бериш қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими, баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.

Закотни вакил орқали ҳам муҳтожларга бериш мумкин. Ҳозирги кунда ҳам кўплаб хайрия марказлари ташкил этилган бўлиб, жамиятдаги муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қошида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилган. Бу ташкилот томонидан карантин ҳолатида закот маблағларини қабул қилиш ва тарқатиш механизмлари ишлаб чиқилди.

Фуқаролардан закот маблағлари Paynet, Рayme, Click, UPay, MBank, Uzcard, Milliy, Agrobank ва Oson мобил тўлов тизимлари ҳамда жойларга жойлаштирилган тижорат банкларининг инфокиоскалари орқали махсус “Закот” ҳисоб рақамига қабул қилинади.

“Вақф” фондида тўпланган маблағлар ҳақида онлайн режимида маълумотлар бериб борилади.

Закот маблағлари фуқароларнинг мурожаатларига мувофиқ аризачиларнинг банк пластик карталарига пул ўтказиш йўли орқали ўтказиб берилади. Бугунги карантин ҳолатини эътиборга олиб бу услубнинг жоизлиги ҳақида уламолар фатво берганлар.

Закот маблағларини ҳақдорларга етказилиши ҳақида “Вақф” фонди сайтида онлайн режимида ҳар ҳафтада молиявий ҳисобот ҳамда ОАВда ахборотлар бериб борилади.

Қайд этиш керакки, закотни ўзаро туғилиш алоқаси бўлганлар, яъни, ота-онаси, бобо-момоси, ўғил-қизлари ва набиралари, эр-хотинлик алоқалари бўлганлар, яъни, эр ёки хотинга бериши мумкин эмас. Ака-ука, опа-сингилларга эса, закот бериш мумкин.

Закот беришни яқин қариндошлардан бошланса, ҳам Аллоҳ таолонинг буйруғи адо бўлади, ҳам қариндош-уруғлик ришталари мустаҳкамланади. Силаи раҳмга амал қилиш – Аллоҳ таолони рози қиладиган ишлардан биридир.

Аллоҳ таоло келаётган Рамазон ойини барчамизга муборак қилсин! Бу ойдаги савобли амалларни бизга осон қилиб, гуноҳлардан фориғ бўлишимизни насиб айласин! Омин!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

14.08.2026   24068   6 min.
Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

Хоразмлик ёш мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг Аристотель физикасига билдирган тажрибавий эътирозлари ва Ибн Сино билан ёзишмалари Х-ХI асрлар бўсағасида Марказий Осиёда шаклланган мустақил танқидий илмий фикрнинг энг ёрқин намунаси ҳисобланади, хабар бермоқда ЎзА.

Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.

Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.

Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.

Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.

Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.

Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.

Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар