Шу йил 12 август куни Тошкент вилоят Адлия бошқармаси томонидан Олмалиқ шаҳри «Эвалак» МФЙ Фахрийлар кўчаси 50-уйда жойлашган «Ҳилол» масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, унинг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома топширилди.
Таъкидлаш жоизки, шу кунга қадар 150 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Олмалиқ шаҳрида битта масжид фаолият кўрсатаётган эди.
Мазкур масжид очилиши билан Тошкент вилоятидаги масжидлар сони 225 тага , Республикамиздаги масжидлар сони эса 2071 тага етади.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айласин, тоату ибодатларни бардавом қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти