Шу йил 12 август куни Тошкент вилоят Адлия бошқармаси томонидан Олмалиқ шаҳри «Эвалак» МФЙ Фахрийлар кўчаси 50-уйда жойлашган «Ҳилол» масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, унинг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома топширилди.
Таъкидлаш жоизки, шу кунга қадар 150 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Олмалиқ шаҳрида битта масжид фаолият кўрсатаётган эди.
Мазкур масжид очилиши билан Тошкент вилоятидаги масжидлар сони 225 тага , Республикамиздаги масжидлар сони эса 2071 тага етади.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айласин, тоату ибодатларни бардавом қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати