Агар Зулҳижжа ойи бошланганидан буён рўза тутишга имкон топмаган бўлсангиз, эртага 30 июль куни – Арафа рўзасини ўтказиб юборманг.
Бу рўза ўтган ва кейинги йилдаги кичик гуноҳларга каффорат бўлади, уларни ўчиради, инша Аллоҳ.
Арафа куни Арафотда турган ҳожилардан бошқа мусулмонларнинг рўза тутиши суннати муаккада.
عَنْ أَبِي قَتَادَةَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُئِلَ عَنْ صَوْمِ يَوْمِ عَرَفَةَ فَقَالَ: يُكَفِّرُ السَّنَةَ الْمَاضِيَةَ وَالْبَاقِيَةَ.
Абу Қатода Ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Арафа куни рўзаси ҳақида сўрашганди, “У ўтган ва кейинги йил(даги кичик гуноҳлар)га каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар”. Муслим (1162/2636).
وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ، وَالسَّنَةَ الَّتِي بَعْدَهُ
Яна Абу Қатода Ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Арафа куни рўзаси ундан олдинги бир йил ва кейинги бир йил(лик гуноҳлар)га каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар”. Муслим (1162/2635), Абу Довуд (2425), Термизий (749).
30 июль Тошкент вақти билан:
Оғиз ёпиш: 03:44;
Оғиз очиш: 19:42
Тошкентдан бошқа шаҳарлардаги вақтлар фарқи (дақиқа):
Аввал: Чимкент (-1), Конибодом (-5), Хўжанд (-6), Қўқон (-7), Жамбул (-7), Наманган (-10), Фарғона (-10), Марғилон (-10), Андижон (-11), Ўш (-14), Жалолобод (-15), Бишкек (-21), Олма – ота (-21)
Кейин: Бекобод (+4), Туркистон (+4), Жиззах (+6), Гулистон (+7). Денов (+7), Жомбой (+7), Самарқанд (+9), Шаҳрисабз (+10), Каттақўрғон (+12), Қарши (+12), Нурота (+14), Навоий (+19), Бухоро (+21), Хива (+35), Нукус (+42)
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати