Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 74–75 ОЯТЛАР

28.07.2020   18167   2 min.
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 74–75 ОЯТЛАР

ثُمَّ قَسَتۡ قُلُوبُكُم مِّنۢ بَعۡدِ ذَٰلِكَ فَهِيَ كَٱلۡحِجَارَةِ أَوۡ أَشَدُّ قَسۡوَةٗۚ وَإِنَّ مِنَ ٱلۡحِجَارَةِ لَمَا يَتَفَجَّرُ مِنۡهُ ٱلۡأَنۡهَٰرُۚ وَإِنَّ مِنۡهَا لَمَا يَشَّقَّقُ فَيَخۡرُجُ مِنۡهُ ٱلۡمَآءُۚ وَإِنَّ مِنۡهَا لَمَا يَهۡبِطُ مِنۡ خَشۡيَةِ ٱللَّهِۗ وَمَا ٱللَّهُ بِغَٰفِلٍ عَمَّا تَعۡمَلُونَ٧٤

  1. Шундан кейин қалбларингиз янада қаттиқлашиб, тошдан ҳам қотиб кетди. Ҳолбуки баъзи тошлардан анҳорлар оқиб чиқади, баъзиси ёрилиб, ундан сув чиқиб туради, баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулаб кетади. Аллоҳ амалларингиздан ғофил эмасдир.

Ушбу ояти каримада Исроил авлодларининг қалби тошга ўхшатилмоқда. Бу шунчаки шоирона қиёс эмас, балки Парвардигорнинг яратган бандалари дилидагию хаёлидаги ҳамма нарсани олдиндан билиб туриш қудратига кучли далилдир. Ушбу суранинг 60-оятида баён этилганидай, яҳудийлар сув сўрашганида Аллоҳ таолонинг амри билан Мусо алайҳиссалом ҳассаларини тошга урганларида улардан сув оқиб чиққанини ўз кўзлари билан кўришган эди. Шу ўринда Қуръони карим оятларининг гўзал фасоҳати намоён бўлади: худди тошдан сув чиққанидай Аллоҳдан чинакамига қўрққан кўзлардан ёш отилиб чиқади, аммо баъзиларнинг қалблари шунчалик тош қотганки, уларни ҳаётнинг оғриқли зарбалари ва машаққатларигина йиғлата олади, холос. Худди шу каби шундайин метин қоялар борки, уларни фақат кучли зилзилагина парчалай олади, айрим инсонларнинг қалби ҳам шунга ўхшайди: улар Парвардигорларига қандайдир олий мақсадлар билан эмас, фақат қўрқувдан юзланадилар. Ашаддий гуноҳкорларнинг тош қотган дилларини ҳеч бир нарса юмшата олмайди.

۞أَفَتَطۡمَعُونَ أَن يُؤۡمِنُواْ لَكُمۡ وَقَدۡ كَانَ فَرِيقٞ مِّنۡهُمۡ يَسۡمَعُونَ كَلَٰمَ ٱللَّهِ ثُمَّ يُحَرِّفُونَهُۥ مِنۢ بَعۡدِ مَا عَقَلُوهُ وَهُمۡ يَعۡلَمُونَ٧٥

  1. (Эй мусулмонлар), уларнинг сизларга ишонишларидан умид қиляпсизларми? Ҳолбуки улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитиб-тушунгандан кейин ҳам билатуриб ўзгартирар эди-ку?!.

Эй мўмин-мусулмонлар, қалби тош қотган кимсаларнинг сизларга ишонишларидан умид қиляпсизларми, ваҳоланки улар Аллоҳ таолонинг Тур тоғида Мусо алайҳиссаломга айтган сўзларини эшитиб-тушуниб туриб ҳам бу сўзларни ўзгартириб юборишган. Ибн Аббос ва Муқотил айтади: "Бу оят Мусо алайҳиссалом ўзи билан бирга Аллоҳ ҳузурига бориш учун ажратиб олган етмиш киши ҳақида нозил бўлган. Улар Мусо билан боришгач, Аллоҳ сўзини эшитишди: Аллоҳ баъзи нарсаларга буюрди ва баъзи ишлардан қайтарди. Сўнг улар қавмлари олдига келишди. Ораларидаги ростгўйлари эшитган нарсаларини бажаришди. Баъзилари эса бундай дейишди: "Биз Аллоҳнинг каломини эшитдик, У айтдики, агар қодир бўлсанглар, бу нарсаларни қилинглар, хоҳламасанглар қилманглар, бунинг фарқи йўқ", деди". Кўпчилик муфассирларнинг фикрича эса, бу оят тошбўрон қилиш амрини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини ўзгартирганлар ҳақида нозил бўлган.

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Юртимиз бўйлаб 6000 нафарга яқин ободонлаштириш ходимларига байрам ҳадялари улашилди

26.08.2026   35252   1 min.
Юртимиз бўйлаб 6000 нафарга яқин ободонлаштириш ходимларига байрам ҳадялари улашилди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.

Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.

Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.

Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари