وَإِذۡ نَجَّيۡنَٰكُم مِّنۡ ءَالِ فِرۡعَوۡنَ يَسُومُونَكُمۡ سُوٓءَ ٱلۡعَذَابِ يُذَبِّحُونَ أَبۡنَآءَكُمۡ وَيَسۡتَحۡيُونَ نِسَآءَكُمۡۚ وَفِي ذَٰلِكُم بَلَآءٞ مِّن رَّبِّكُمۡ عَظِيمٞ٤٩
Миср ҳукмдори Фиръавн ўз қўл остидаги Бани Исроил қавмининг бошига кўп кулфатлар солган, уларни хорлик, жабр-зулм, қаҳр-ғазаб билан қийнаган. Золим Фиръавн Бани Исроилдан бир ўғил чақалоқ дунёга келиши билан шу заҳоти сўйиб ўлдиришга буюрар, қизларни эса тирик қолдирар эди. Чунки коҳинлар (фолбинлар) Бани Исроил қавмидан бир ўғил бола туғилиб, подшоҳни ўз қўли билан ўлдиради, деб хабар беришганди. Имом Фахруддин Розий айтади: "Ўғил болаларни сўйдириб, қизларни тирик қолдиришда Бани Исроилга бир неча томондан зарар етказиш кўзда тутилган эди: ўғил болаларни ўлдириш насл узилишига сабаб бўлади (яъни миллат таг-туги билан йўқ бўлиб кетади); эркакларнинг ҳалок бўлиши ҳаётий шароитнинг бутунлай издан чиқишига ёки оғирлашувига сабаб бўлади; эркакларни қаттиқ қийнаб ўлдириш энг оғир зулмлардан биридир; аёлларнинг ўз жуфтларисиз, ҳимоячисиз қолишлари уларнинг душман қўлида эрмак бўлишларига олиб келади, миллат учун бундан ортиқ хорлик бўлиши мумкинми?" ("Тафсиру Фахрир-Розий", 1-жилд, 358-бет). Аллоҳ таоло Бани Исроил қавмини ана шу хорлик ва зулмдан қутқарди. У бу билан қавмни имтиҳон қилишни ирода этган эди.
وَإِذۡ فَرَقۡنَا بِكُمُ ٱلۡبَحۡرَ فَأَنجَيۡنَٰكُمۡ وَأَغۡرَقۡنَآ ءَالَ فِرۡعَوۡنَ وَأَنتُمۡ تَنظُرُونَ٥٠
Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва унинг золим қавмига бас келолмагач, уларнинг имонга келишидан умидини узади. Аллоҳ таолонинг амри билан Бани Исроил ва қибтийлардан имон келтирганларини олиб, Мисрни ташлаб қочиб кетишга қарор қилади. Аммо бундан хабар топган Фиръавн ва унинг лашкарлари Мусо алайҳиссалом ва унга эргашганларни қува бошлади. Вазият таҳликали эди, қавм орасида қўрқув, таҳлика, саросима бошланди. Шунда Мусо алайҳиссалом қавмини золимлардан халос қилишни сўраб, Парвардигорига илтижо қилди. Аллоҳ таолонинг нусрати, ёрдами узоқ куттирмади. Қуръони каримда бу ҳақда бундай оятлар бор: "Ўшанда Мусога: «Асоинг билан денгизни ургин!» деб ваҳий қилдик. Шунда (денгиз) бўлиниб, ҳар бўлаги улкан тоғдек бўлди. Бошқаларни ҳам ўша ерга яқинлаштирдик. Мусо ва у билан бирга бўлганларнинг ҳаммасини қутқардик. Сўнгра бошқаларни ғарқ қилиб юбордик" (Шуаро, 63-66). Мусо алайҳиссалом ва унинг одамларини тутиб олиб, жазоламоқчи, Ҳақ йўлдан қайтармоқчи бўлган золимлар ана шундай даҳшатли ўлим топишди. Буларнинг ҳаммаси Бани Исроил фойдасига ҳал бўлди. Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада уларга ана шу ва бунга ўхшаш жуда кўп неъматларни, яхшиликларни ато этганини эслатмоқда.
وَإِذۡ وَٰعَدۡنَا مُوسَىٰٓ أَرۡبَعِينَ لَيۡلَةٗ ثُمَّ ٱتَّخَذۡتُمُ ٱلۡعِجۡلَ مِنۢ بَعۡدِهِۦ وَأَنتُمۡ ظَٰلِمُونَ٥١
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан муқаддас Туво водийига кетганида унинг қавми олтиндан бир бузоқ ясаб олиб, унга сиғина бошлайди. Қуръони каримнинг Тоҳо сурасида Мусо алайҳиссалом билан Сомирий исмли коҳин ўрасида бўлиб ўтган бу ҳодиса кенг баён этилади. Мусо алайҳиссалом Сино тоғига Аллоҳ билан мулоқат учун кетаётганида ўттиз кунда қайтишни ваъда қилган эди, аммо у ерга боришнинг ўзига шунча вақт кетиб қолади ва Аллоҳ мулоқот муддатини қирқ кунга узайтирди. Мусо алайҳиссаломнинг ўз вақтида қайтмаганидан фойдаланган Сомирий Бани Исроилдан барча тилла тақинчоқ-безакларни сўраб олиб, уларни оловда эритади ва бузоқ шаклидаги бир бут-ҳайкал ясайди. Бу ҳайкал-бут устига Жаброил алайҳиссаломнинг оти туёғи остидан олиб қолган бир сиқим тупроқни сочиб юборган эди, бузоқ худди тирикдай "мў"лай бошлади. Сомирий бошчилигидаги йўлдан озган кимсалар бузоқ атрофида тавоф этиб, рақс тушиб, хурсандчилик қила бошлашди. Қавмнинг залолатидан қаттиқ ташвишга тушган Ҳорун алайҳиссалом (Мусо алайҳиссаломнинг иниси) уларни Сомирийга итоат этишдан, Аллоҳни қўйиб, бузоққа сиғинишдан қайтаришга уринди. Қуръони каримда бундай дейилади: "Дарҳақиқат, илгари Ҳорун уларга: «Эй қавмим, бу билан фитнага дучор қилиндингиз, холос. Шубҳасиз, Парвардигорингиз Раҳмондир. Энди менга эргашинглар, амримга итоат қилинглар», деган эди." (Тоҳо, 90). Шу тариқа ширкка мойил Бани Исроил Мусо алайҳиссалом қайтиб келгунича қирқ кун мобайнида бузоққа сиғиниб юрган.
ثُمَّ عَفَوۡنَا عَنكُم مِّنۢ بَعۡدِ ذَٰلِكَ لَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ٥٢
Сомирийнинг эргашувчилари Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқа бошлашди, қилган ишларидан афсус-надомат чекишди, Аллоҳдан кечиришини сўраб илтижолар қила бошлашди. Аммо Аллоҳ азза ва жалла уларнинг тавбасини фақат қатл билан қабул этишини баён қилди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳга ёлбориб, қавмлари гуноҳидан ўтишни сўрадилар. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва қавмларидан бир неча издошларини яна Ўз мулоқотига чақирди. Ҳаммалари Мусо алайҳиссалом билан бирга қавмнинг бузоққа сиғиниб қилган хатоси учун Аллоҳ ҳузурига тавба қилиш ва узр айтиш учун боришди. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилиб, авф этди ва ҳалок бўлганларни қайта тирилтирди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعَلِّمُ بَعْضَ بَنَاتِهِ فَيَقُولُ: قُولِي حِينَ تُصْبِحِينَ: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ، لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ، مَا شَاءَ اللهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ، أَعْلَمُ أَنَّ اللهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، وَأَنَّ اللهَ قَدْ أَحَاطَ بِكُلِّ شَيْءٍ عِلْمًا، فَإِنَّهُ مَنْ قَالَهُنَّ حِينَ يُصْبِحُ حُفِظَ حَتَّى يُمْسِيَ، وَمَنْ قَالَهُنَّ حِينَ يُمْسِي حُفِظَ حَتَّى يُصْبِحَ.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи қизларига «Тонг оттирганингда "Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, лаа қуввата иллаа биллаҳи, маа шаа Аллоҳу кана ва маа лам яшаъ лам якун. Аъламу анналлоҳа ъалаа кулли шайъин қодийр. Ва анналлоҳа қод аҳота бикулли шайъин илман»ни айтгин", деб ўргатар эдилар ва: "Ким шуларни субҳ кирганда айтса, то кеч киргунча ҳимоя қилинади. Ким шуларни кеч кирганда айтса, то субҳ киргунча ҳимоя қилинади", дер эдилар».
Дуонинг маъноси: «Аллоҳ покдир. Ҳамд Унгадир. Қувват фақатгина Аллоҳдадир. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўладир. У хоҳламаган нарса бўлмайдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Ва албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани илми ила иҳота қилгандир».
Тонг чоғи ва кеч кирганда ўқиладиган дуолар сирасига бу ривоятда келган дуо ҳам қўшиб қўйилса, яхши бўлади.
"Ҳадис ва ҳаёт" китобининг 35-жузи