Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Июн, 2026   |   12 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:52
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
27 Июн, 2026, 12 Муҳаррам, 1448

Интернетда тарқалган хабарларга МУНОСАБАТ

16.07.2020   13197   6 min.
Интернетда тарқалган хабарларга  МУНОСАБАТ

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар йўллаймиз.

 

Ўтган куни “азон.уз” сайтида “Шамсиддинхон Бобохонов” босмахонаси ва “Мовароуннаҳр” нашриёти фаолияти тўғрисида эълон қилинган мақолага Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз муносабатини билдиради.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг бошида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Шамсиддинхон Бобохонов” номли босмахона таъсис этилган эди. Уни ташкил қилингани тўғрисида қарийб икки йилдан буён матбуотда хабар бериб келинади. Жумладан, 2019 йил 19 сентябрда “Муфтий ҳазрат янги қурилиш ишига дуо берди”, 28 октябрда “Муфтий ҳазрат бунёдкорлик ишлари билан танишди” номли мақолалар эълон қилинган. Жорий йили эса босмахона томонидан чоп этилаётган “Вабо инсонлар учун бир синов” каби китоблар тақдимоти орқали мазкур босмахона ҳақида телевидения ва босма нашрларда бир неча бор хабар бериб келинмоқда.

Мазкур босмахонани қуришдан мақсад, биринчидан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг даврий нашрлари, шунингдек тизимда фаолият юритаётган диний соҳа ходимларининг ижодига мансуб асарлар, китоблар, қўлланмаларни чоп этишни осонлаштириш, иккинчи томондан эса, Диний идоранинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш эди. Соҳа вакиллари нашр ишларидан тушадиган фойданинг салмоқли қисми босмахоналар ҳиссасига тўғри келишини яхши тушунишади.

Ушбу босмахонани қуриш, зарур техника ва ускуналар сотиб олиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан инвестиция маблағлари йўналтирилди. Натижада, мазкур корхона жорий йил бошидан шу кунгача сарфланган харажатларнинг қарийб учдан бир қисмини қоплади. Шунингдек, маблағлар мақсадли сарфланиши орқали молиявий тежамкорликка ҳам эришилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг баҳор фаслида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг даврий нашрларини чоп этиш ўз вақтидан бироз кечикди. Бу ҳолат республикада пандемия сабаб эълон қилинган форс-мажор ҳолати билан боғлиқ бўлиб, босмахона ходимлари ҳам бошқа фуқаролар сингари карантинга риоя этган ҳолда уйда қолдилар. Ҳозирги кунда карантин талаблари асосида иш-фаолият жорий этилган. Газета ва журналларни муштарийларга етказиш чоралари кўрилмоқда.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мовароуннаҳр” нашриёти ва “Шамсиддинхон Бобохонов” босмахонасининг таъсисчиси сифатида мазкур корхоналарнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш учун истиқболли режаларни амалга ошириш, шу жумладан, хўжалик юритиш шаклини ўзгартириш ва йўналтириш каби ҳуқуқларга эга.

Нашриётни босмахона таркибига қўшиб юбориш орқали “Шамсиддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйини қайта ташкил этишдан асосий мақсадлар қуйидагилар ҳисобланади:

- босма маҳсулотлар тайёрлашнинг тўлиқ мажмуи ва ягона бошқарувини жорий этиш. Бу маҳсулот сифатини туширмаган ҳолда умумий иш жараёнини тезлаштириш ва ишлаб чиқариш унумдорлигини оширади;

- чоп этилаётган маҳсулотларга нашриёт ва босмахона томонидан икки марта устама нарх қўйилишини бартараф этиш;

- доимий ва йирик миқдордаги буюртмачилар билан ишлашда мунтазам ҳамкорликни ўрнатиш ва келишув асосида нархларни белгилаш;

- нашриёт ва босмахонанинг қўшимча харажатларини камайтириш, ортиқча меҳнат сарфини қисқартириш. Жумладан, бухгалтерия, иқтисод, маркетинг ва омбор каби штатларни мақбуллаштириш;

- босма маҳсулотлар тайёрлаш ишини тезлаштириш, жумладан, таҳрирлаш, саҳифалаш, сайқаллаш, безаклаш ва чоп этиш кабиларни  тизимлаштириш;

- маркетинг ва реклама ишларини жадал олиб бориш;

- ҳужжатлар айланмасини соддалаштириш;

- банк хизмат ҳақи ва солиқ юкини қисқартириш (масалан, икки ташкилотдан эмас, балки бир ташкилотдан солиқ тўлаш);

- нашриёт ва босмахона ўртасидаги ўзаро манфаатлар тўқнашуви борасида юзага келадиган салбий омилларни бартараф этиш;

- молия-хўжалик сарфларини тежаш;

- ЎМИ тизимида фаолият юритаётган соҳа вакилларининг ижодига мансуб маҳсулотларни чоп этиш ишини осонлаштиришдир.

Айни кунларда “Мовароуннаҳр” нашриёти “Шамсиддинхон Бобохонов” босмахонаси таркибига қўшиб юбориш орқали қайта ташкил этилаётган “Шамсиддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйини давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш босқичлари давом этмоқда. Шунингдек, Фуқаролик кодексининг тегишли моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонуни талаблари асосида тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ва мазкур жараённи амалга ошириш учун танланган “Қўшиб юбориш”га тайёргарлик тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, “Мовароуннаҳр” нашриёти зиммасидаги барча шартномавий бурч ва мажбуриятлар, хусусан, обуначиларга нашрларни ўз вақтида етказиш вазифаси янги ташкил этилаётган корхона зиммасида бўлиши алоҳида белгилаб қўйилган. Мазкур тартиботлар мукаммал тарзда якунига етгандан сўнг янги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар Давлат хизматлари агентлигига тақдим этилади. Матбаа-ижодий уйи ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга “Мовароуннаҳр” МЧЖнинг вориси сифатида “Мовароуннаҳр” савдо белгиси қўйилиши лойиҳа ҳужжатларида мавжуд. Яъни, “Мовароуннаҳр” савдо белгиси (бренди) сақлаб қолинади ва амалиётда қўлланиши давом этади.

Мазкур ўзгаришлар ҳар жиҳатни ҳисобга олиб, иқтисодий билим ва тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда.

Эълон қилинган мақолаларда изоҳ бериладиган яна икки масалага эътибор қаратамиз. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги икки ташкилотни бирлаштиришда “қўшиб юбориш” амалиётини қўллашнинг боиси мазкур шакл муддат ва иқтисодий жиҳатдан (янги ташкилот очиш ҳисоб рақамларни тугатиш, янгиларини очиш, барча шартномаларни ёпиш ва бошқалар билан боғлиқ) мақсадга мувофиқ экани ҳисобланади. Айни вақтда нашриётда ҳам, босмахонада ҳам инвентаризация ўтказилган.

Шунингдек, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари, “Ислом нури” газетаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг даврий нашрлари сифатида чоп этиб келинмоқда. Матбаа-ижодий уйини ташкил этиш ушбу таҳририятларнинг ҳозирги фаолиятига ва ижодий эркинликларига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди, аксинча ижобий нуқтаи назардан мувофиқлаштириб борилади.

Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида яхши ниятлар ва йирик лойиҳалар ила хўжалик юритувчи корхона сифатида иш бошлаётган “Шамсиддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи халқимиз ва динимиз манфаатлари йўлида хизмат қилиши учун айни паллада, муҳтарам журналист, блогер, ижод аҳли ва соҳа мутахассисларининг холис фикрлари, албатта ўз ўрнидаги танқид ва таклифларини самимий қабул қиламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолиятини ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларини ёритишга доир мақолаларни тайёрлашда Диний идора Матбуот хизмати яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қиламиз.

Ҳақ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Отамдан қолган сабоқлар: Одамларга руҳиятинг калитини берма

26.06.2026   2807   4 min.
Отамдан қолган сабоқлар: Одамларга руҳиятинг калитини берма

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...

У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.

Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...

Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.

Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.

Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.

Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.

Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.

Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.

Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:

— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.

— Баъзан, дедим.

У эса:

— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.

— Нега? — дедим.

— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.

Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.

Мен унга:

— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.

Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:

— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.

Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.

Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.

Ҳаммасини айтиб бердим.

Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:

— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?

Мен:

— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.

Отам бироз сукут сақлаб:

— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.

Сўнг қўшимча қилди:

— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.

Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.

Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.

Мен унга:

— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.

У киши жилмайиб:

— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.

Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:

Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг.

Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:

Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.

У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.

Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.


Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар