Хорижий оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Латвияда Ислом дини оммавийлашиб бормоқда. Таҳлилчилар яқин йилларда Латвия ҳам худди Европанинг аксар давлатлари сингари кўплаб мусулмонларнинг ватанига айланишини башорат қилишяпти.
Ҳозирги вақтда Латвияда 12 та исломий ташкилот рўйхатга олинган. Улар Ригадаги “Имон”, “Қуръон”, “Ислом” ташкилотлари ва бошқа шаҳарлардаги “Омина”, “Марзоний”, “Салом”, “Раййон” ҳамда Екабпилс, Рига шаҳри атрофидаги Видземск ва Земгальск шаҳарчаларидаги мусулмон жамоаларидир.
Латвия университети илоҳиётшунослик факультети ўқитувчиси Валдис Тераудкалис мамлакатда мусулмонлар тез кўпаяётганини эътироф этди. У бунинг ажабланадиган жойи йўқлиги, чунки жамиятда Исломнинг муносиб ўрни борлигини таъкидлади.
– Мамлакатда мусулмонлар сони ортиб бормоқда. Бу бир қарашда кўзга яққол ташланмайдиган жараён. Исломга кираётганларнинг кўплари латишлар ва руслардир. Аммо Латвияда ҳам бошқа давлатлардаги каби исломофобия мавжуд ва одамлар кўпчиликка унча таниш бўлмаган диндан қўрқади, – дейди илоҳиётшунос эксперт.
– Ислом ҳақидаги салбий тасаввурлар кўпинча у хусусда етарлича маълумотга эга бўлмаслик оқибатида ҳосил бўлади. Ҳолбуки, барча динда тажовузкорлик қаттиқ қораланади. Ҳар бир дин кенг ёйилиш ёки жамият манфаатини ифода этиш хусусиятига эга.
Исломни қабул этган маҳаллий аҳоли ўртасида олиб борилган сўровлардан аён бўлишича, Латвия аҳолисидан мусулмон бўлганларнинг кўпчилиги Ислом таълимоти покизаликка алоҳида эътибор қаратгани, ибодатларнинг мунтазамлиги ҳамда инсонни ҳар доим ҳушёрликка даъват қилгани учун динимизни танламоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
"Ислом нури" газетасидан
Наманганда «Инсон қадри» китоби тақдимоти ва соҳа ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Наманган шаҳридаги тақдимот маросимида Мусохон домла Аббосиддинов ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг янги асари мазмун-моҳиятини таҳлил қилдилар. Сўзга чиққанлар китоб жамиятда меҳр-оқибат ва одоб-ахлоқ туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлишини таъкидладилар.
Шунингдек, тадбир доирасида вилоят ва туман бош имом-хатиблари учун янги дизайндаги махсус либослар тақдим этилди.
Тадбир якунида йил давомида энг фаол бўлган имом-хатиб ва отинойиларга ташаккурномалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати