مَثَلُهُمۡ كَمَثَلِ ٱلَّذِي ٱسۡتَوۡقَدَ نَارٗا فَلَمَّآ أَضَآءَتۡ مَا حَوۡلَهُۥ ذَهَبَ ٱللَّهُ بِنُورِهِمۡ وَتَرَكَهُمۡ فِي ظُلُمَٰتٖ لَّا يُبۡصِرُونَ١٧
Ушбу ояти карима йўлдан адашганлар ҳақидаги жуда чиройли зарбулмасалдир. Зимистон чўлда кетаётган киши қўлидаги бир дона гугурт чўпини аранг ёққанида у атрофни бир зумга ёритади-да, битта шамол келиб уни ўчириб қўйса, атроф яна ҳеч нарсани кўриб бўлмайдиган зулматга айланади. Мунофиқлар ҳақни кўра олмай имон нурини куфр ва нифоқлари билан ўчириб қўйганлари учун Аллоҳ азза ва жалла уларни куфр зулматларида танҳо қолдириб, тарк этди. Бундай кимсалар ҳақида Воҳидий айтади: "Алдамоқчи бўлганларга ўзларига яраша муомала қилинади. Яъни, худди мўминларга берилгани каби уларга ҳам нур берилади. Йўлга тушганларида эса нурлари ўчиб қолади-да, зулматда қолиб, йўлдан адашиб кетишади".
صُمُّۢ بُكۡمٌ عُمۡيٞ فَهُمۡ لَا يَرۡجِعُونَ١٨
Ёмон ишлари сабабидан Аллоҳ таоло мунофиқларнинг озгина нурини ҳам шундоқ ўчирадики, энди уларга Аллоҳнинг нури ҳаргиз насиб бўлмайди. Чунки улар ўз расволиклари, ёмон феъллари, фасод ишлари ва Аллоҳ таолога ширк келтирганлари туфайли абадий залолат зулматларида кар, соқов ва кўр кимсалар каби қолишади. Ҳақиқатан, уларнинг қулоқлари кар бўлгани учун ўзларига қилинаётган даъват ва ваъз-иршодларни эшитишга қодир эмаслар. Улар соқов бўлишгани учун Аллоҳга имонларини изҳор этишга, Унинг зикрини қилишга тиллари айланмайди. Кўзлари кўр бўлгани учун тўғри йўлни, ҳидоят йўлини кўра олмай, куфр ва ширк ботқоқликларида изғишади. Шу боис ҳақ йўлни тополмай, ғафлатда ўтиб кетишади. Сизлар уларни ҳидоятга чорлашга уринманглар, улар энди бу нотўғри йўлларидан асло қайтишмайди.
أَوۡ كَصَيِّبٖ مِّنَ ٱلسَّمَآءِ فِيهِ ظُلُمَٰتٞ وَرَعۡدٞ وَبَرۡقٞ يَجۡعَلُونَ أَصَٰبِعَهُمۡ فِيٓ ءَاذَانِهِم مِّنَ ٱلصَّوَٰعِقِ حَذَرَ ٱلۡمَوۡتِۚ وَٱللَّهُ مُحِيطُۢ بِٱلۡكَٰفِرِينَ١٩
Инсон табиатан қўрқоқ бўлгани учун қаттиқ ёмғир ёққанида, қоронғулик босганида, момақалдироқ гумбурлаганида ёки чақмоқ чаққанида юрагини ваҳима босиб, бу даҳшатли товушларни эшитмаслик учун бармоқларини қулоғи ичига тиқиб олади. Кофир ва мунофиқлар ҳам Аллоҳ динига қилинган даъватларни эшитмаслик учун қулоқларини беркитиб, кўзларини юмиб олишади. Аммо бу қилмишлари уларни муқаррар ҳисоб-китобдан ҳам, охират азобларидан ҳам қутқариб қолмайди. Аллоҳ таоло кофир кимсаларни ўраб-қамраб олувчидир, улар Аллоҳнинг муқаррар азобидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайдилар, У Зот кофирларни албатта мағлуб ва ҳалок қилади.
يَكَادُ ٱلۡبَرۡقُ يَخۡطَفُ أَبۡصَٰرَهُمۡۖ كُلَّمَآ أَضَآءَ لَهُم مَّشَوۡاْ فِيهِ وَإِذَآ أَظۡلَمَ عَلَيۡهِمۡ قَامُواْۚ وَلَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ لَذَهَبَ بِسَمۡعِهِمۡ وَأَبۡصَٰرِهِمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ٢٠
Бу иккинчи мисолдан кўринадики, Ислом динида аввал бироз кулфат-машаққат кўрилса ҳам, ниҳояси тамоман роҳат-фароғатдир. Гўё ёмғир кабики, олдинига қоронғулик, гулдурак чақмоқ-момақалдироқлар билан келади, охири дунёни неъматга сероб қилади. Исломнинг ибтидоий ҳолатларидан қўрққан мунофиқлар гоҳ мусулмон, гоҳ кофир бўлиб, оқибатда барча саодатдан, ҳатто инсонийликдан ҳам маҳрум бўлишди. Аллоҳ таоло айтади: “Момақалдироқ ҳам Унга мақтов билан, фаришталар ҳам Ундан қўрққан ҳолларида тасбеҳ айтади. У яшинларни юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кишиларни Аллоҳ хусусида тортишиб турганларида уради. Унинг ушлаши қаттиқдир”. (Раъд, 13).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
من صام رمضان ثم أتبعه بست من شوال كان كصوم الدهر
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).
عن ابن عمر رضي الله عنهما أن رسول الله صلَّ الله عليه وسلم قال من صام رمضان واتبعه ستاً من شوال خرج من ذنوبه كيوم ولدته
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашимизга тавфиқ ато эт!
Даврон НУРМУҲАММАД