Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ. 17–20 ОЯТЛАР

09.07.2020   8380   4 min.
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ. 17–20 ОЯТЛАР

مَثَلُهُمۡ كَمَثَلِ ٱلَّذِي ٱسۡتَوۡقَدَ نَارٗا فَلَمَّآ أَضَآءَتۡ مَا حَوۡلَهُۥ ذَهَبَ ٱللَّهُ بِنُورِهِمۡ وَتَرَكَهُمۡ فِي ظُلُمَٰتٖ لَّا يُبۡصِرُونَ١٧

  1. Улар худди ёққан ўти атрофини энди ёритганида Аллоҳ нурларини ўчириб, ўзини қоронғиликда қолдирган кимсага ўхшаб ҳеч нарсани кўришмайди.

Ушбу ояти карима йўлдан адашганлар ҳақидаги жуда чиройли зарбулмасалдир. Зимистон чўлда кетаётган киши қўлидаги бир дона гугурт чўпини аранг ёққанида у атрофни бир зумга ёритади-да, битта шамол келиб уни ўчириб қўйса, атроф яна ҳеч нарсани кўриб бўлмайдиган зулматга айланади. Мунофиқлар ҳақни кўра олмай имон нурини куфр ва нифоқлари билан ўчириб қўйганлари учун Аллоҳ азза ва жалла уларни куфр зулматларида танҳо қолдириб, тарк этди. Бундай кимсалар ҳақида Воҳидий айтади: "Алдамоқчи бўлганларга ўзларига яраша муомала қилинади. Яъни, худди мўминларга берилгани каби уларга ҳам нур берилади. Йўлга тушганларида эса нурлари ўчиб қолади-да, зулматда қолиб, йўлдан адашиб кетишади".

صُمُّۢ بُكۡمٌ عُمۡيٞ فَهُمۡ لَا يَرۡجِعُونَ١٨

  1. Кардирлар, соқовдирлар ва кўрдирлар, энди улар зинҳор қайтишмайди.

Ёмон ишлари сабабидан Аллоҳ таоло мунофиқларнинг озгина нурини ҳам шундоқ ўчирадики, энди уларга Аллоҳнинг нури ҳаргиз насиб бўлмайди. Чунки улар ўз расволиклари, ёмон феъллари, фасод ишлари ва Аллоҳ таолога ширк келтирганлари туфайли абадий залолат зулматларида кар, соқов ва кўр кимсалар каби қолишади. Ҳақиқатан, уларнинг қулоқлари кар бўлгани учун ўзларига қилинаётган даъват ва ваъз-иршодларни эшитишга қодир эмаслар. Улар соқов бўлишгани учун Аллоҳга имонларини изҳор этишга, Унинг зикрини қилишга тиллари айланмайди. Кўзлари кўр бўлгани учун тўғри йўлни, ҳидоят йўлини кўра олмай, куфр ва ширк ботқоқликларида изғишади. Шу боис ҳақ йўлни тополмай, ғафлатда ўтиб кетишади. Сизлар уларни ҳидоятга чорлашга уринманглар, улар энди бу нотўғри йўлларидан асло қайтишмайди.

أَوۡ كَصَيِّبٖ مِّنَ ٱلسَّمَآءِ فِيهِ ظُلُمَٰتٞ وَرَعۡدٞ وَبَرۡقٞ يَجۡعَلُونَ أَصَٰبِعَهُمۡ فِيٓ ءَاذَانِهِم مِّنَ ٱلصَّوَٰعِقِ حَذَرَ ٱلۡمَوۡتِۚ وَٱللَّهُ مُحِيطُۢ بِٱلۡكَٰفِرِينَ١٩

  1. Улар осмондан ёмғир ёққанида, қоронғилик босганида, момақалдироқ ва чақмоқ бўлганида қаттиқ овоз туфайли ўлишдан қўрқиб, бармоқларини қулоқларига тиқиб олган одамга ўхшашади. Аллоҳ эса кофирларни ўраб-қамраб олувчидир.

Инсон табиатан қўрқоқ бўлгани учун қаттиқ ёмғир ёққанида, қоронғулик босганида, момақалдироқ гумбурлаганида ёки чақмоқ чаққанида юрагини ваҳима босиб, бу даҳшатли товушларни эшитмаслик учун бармоқларини қулоғи ичига тиқиб олади. Кофир ва мунофиқлар ҳам Аллоҳ динига қилинган даъватларни эшитмаслик учун қулоқларини беркитиб, кўзларини юмиб олишади. Аммо бу қилмишлари уларни муқаррар ҳисоб-китобдан ҳам, охират азобларидан ҳам қутқариб қолмайди. Аллоҳ таоло кофир кимсаларни ўраб-қамраб олувчидир, улар Аллоҳнинг муқаррар азобидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайдилар, У Зот кофирларни албатта мағлуб ва ҳалок қилади.

يَكَادُ ٱلۡبَرۡقُ يَخۡطَفُ أَبۡصَٰرَهُمۡۖ كُلَّمَآ أَضَآءَ لَهُم مَّشَوۡاْ فِيهِ وَإِذَآ أَظۡلَمَ عَلَيۡهِمۡ قَامُواْۚ وَلَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ لَذَهَبَ بِسَمۡعِهِمۡ وَأَبۡصَٰرِهِمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ٢٠

  1. Чақмоқ кўзларини олиб қўяй, деди. У ёруғ берса юриб олишади, қоронғи бўлса тўхтаб қолишади. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларнинг кўз ва қулоқларини олиб қўярди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.

Бу иккинчи мисолдан кўринадики, Ислом динида аввал бироз кулфат-машаққат кўрилса ҳам, ниҳояси тамоман роҳат-фароғатдир. Гўё ёмғир кабики, олдинига қоронғулик, гулдурак чақмоқ-момақалдироқлар билан келади, охири дунёни неъматга сероб қилади. Исломнинг ибтидоий ҳолатларидан қўрққан мунофиқлар гоҳ мусулмон, гоҳ кофир бўлиб, оқибатда барча саодатдан, ҳатто инсонийликдан ҳам маҳрум бўлишди. Аллоҳ таоло айтади: “Момақалдироқ ҳам Унга мақтов билан, фаришталар ҳам Ундан қўрққан ҳолларида тасбеҳ айтади. У яшинларни юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кишиларни Аллоҳ хусусида тортишиб турганларида уради. Унинг ушлаши қаттиқдир”. (Раъд, 13).

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Orta Lectura”: Ўзбекистон хавфсиз сайёҳлик йўналиши сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда

27.08.2026   31457   2 min.
“Orta Lectura”: Ўзбекистон хавфсиз сайёҳлик йўналиши сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда

Испаниянинг “Orta Lectura” нашрида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон турли нуфузли халқаро рейтингларда ҳамда хорижий давлатларнинг сайёҳлар учун тавсияларида юқори хавфсизлик даражасига эга мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

World Justice Project (WJP) томонидан эълон қилинган “Rule of Law Index 2025” натижаларига кўра, Ўзбекистон “Тартиб ва хавфсизлик” кўрсаткичи бўйича 143 та мамлакат орасида 17-ўринни, Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги 15 та мамлакат орасида эса 1-ўринни эгаллади.

WJP индекси 215 мингдан ортиқ фуқаролар ҳамда 4 минг 100 нафардан зиёд ҳуқуқшунос ва экспертлар ўртасида ўтказилган сўровномаларга асослангани билан аҳамиятлидир.

“Gallup” компаниясининг “2025 Global Safety Report” маърузасида таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолисининг 86 фоизи кечаси ёлғиз юрганда ўзини тўлиқ хавфсиз ҳис қилади. Бу кўрсаткич дунё бўйича ўртача 73 фоизлик даражадан сезиларли даражада юқоридир. Шу билан бирга, “Law and Order Index”нинг кенгроқ кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз 100 дан 91 балл тўплади.

Institute for Economics & Peace томонидан тузиладиган “Global Peace Index 2026” натижаларига кўра, Ўзбекистон ўз позициясини 30 поғонага яхшилаб, 163 та мамлакат орасида 1,726 кўрсаткич билан 37-ўринга кўтарилди. 2026 йилги расмий ҳисоботда мамлакатимиз тинчлик кўрсаткичлари энг юқори суръатда яхшиланган давлатлар қаторига киритилди.

АҚШ Давлат департаменти “Travel Advisories” тизимида Ўзбекистонга “Level 1 – Exercise Normal Precautions” даражасини, яъни “Одатий эҳтиёт чораларига риоя қилиш” тавсиясини берган. 2026 йил январда янгиланган тавсияномада хавф даражаси оширилмади. Бу АҚШ Давлат департаменти томонидан халқаро саёҳатлар учун белгиланадиган энг паст хавф даражаси ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари