Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июн, 2025   |   20 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:40
Bismillah
16 Июн, 2025, 20 Зулҳижжа, 1446

Меҳмон – атои Худо

24.06.2020   3860   5 min.
Меҳмон – атои Худо

Аллоҳ таоло гўзал ахлоқларни такомилга етказиш учун Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам: Мен гўзал хулқларни такомилига етказиш учун юборилдим”, деганлар. Бошқа бир ривоятда эса: “Яхши хулқларни тамомига етказиш учун юборилдим”, дейилган.

Имом Байзовий айтади: “Арабларда Иброҳим алайҳиссаломдан қолган чиройли хулқлар бор эди. Улар куфр сабабли буларнинг кўпидан мосуво бўлишди. Шу боис Аллоҳ таоло гўзал хулқларни такомилга етказиш учун пайғамбарини юборди” (“Мирқотул мафотиҳ”).

Ана шундай мақталган гўзал хулқлардан бири меҳмонни ҳурмат қилишдир.

Меҳмонга иззат-икром кўрсатиш ҳақида бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳмонни ҳурмат қилишлари барчага намунадир. Ҳатто пайғамбарликларидан олдин ҳам ушбу фазилатга эга эканликларини яхши биламиз.

Набий алайҳиссалом Ҳиро ғорида Жаброил алайҳиссаломни илк бор кўриб, қўрқиб кетиб, уйларига келганларида, Хадича онамиз у зотни ўраб қўйганлар. Пайғамбаримиз бўлган воқеани айтиб: “Мен қўрқаяпман”, деганларида, Хадича онамиз: “Йўқ, сиз хурсанд бўлинг. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон уялтирмайди. Чунки сиз қариндош-уруғчиликка риоя қиладиган, бечоралар ёрдамига ошиқадиган, камбағални ҳимоя қиладиган, меҳмондўст, мазлумнинг қўлидан тутадиган, мусофирларга эҳсон-икром улашадиган, ҳақ йўлида қийинчиликларга дучор бўлганларга ёрдам берадиган инсонсиз”, деди.

Имом Қасталоний: “Меҳмондўстлик – бу меҳмонларга жой ва таом ҳозирлаш”, деган.

Меҳмонни иззат-икром қилишнинг аҳамияти беқиёс. Чунончи, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, қўшнисига озор бермасин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, яхши сўз сўзласин, ёки жим турсин”, деганлар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом мезбонда меҳмоннинг ҳаққи борлигини айтиб, Ибн Умар розияллоҳу анҳуга: “Сени зиёрат қилгани келган (меҳмон)нинг сенда ҳаққи бордир”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда: “Агар сизлар бирор жамоатга меҳмон бўлиб тушсангиз, улар сизни меҳмон бажариши керак бўлган нарсага буюришса, уни қабул қилинг. Агар ҳеч нарса қилмасалар, улар қилиши керак бўлган меҳмоннинг ҳақини улардан олинг”, дейилган.

Меҳмонни ҳурмат қилиш инсонга жуда кўп яхшилик ва фазилатлар келтиради. Киши бу билан дунёда улуғ саодатга эришади. Шунингдек, бу ишни Аллоҳдан савоб умидида қилса, охират саодатини қўлга киритади.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Хадича онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни хотиржам қилганлари, Аллоҳга қасам ичиб, у зотни Аллоҳ ҳеч қачон уялтирмаслигини, бунинг сабаби эса у зот гўзал хулқлардан саналмиш меҳмондўстлик қилиб келишлари айтилади.

Меҳмоннавозлик кишини жаннат сари етаклайди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй одамлар, саломни кенг ёйинглар, таом улашинглар ва одамлар уйқудалик чоғида намоз ўқинглар жаннатга саломат кирасизлар”, деганлар.

Аллоҳ таоло меҳмоннавозликни банда учун жаннат неъматларидан таёрланган махсус совғага эришиш сабабларидан бири қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Жаннатда бир хона бор. Унинг ичи ташидан кўринади ”, дедилар.

Шунда бир Аъробий:

– Эй Аллоҳнинг расули, бу ким учун? – деб сўради. У зот:

– “Кимки ёқимли сўз айтса, таом берса, кечалари одамлар ухлаётган чоғда Аллоҳ учун намоз ўқиса”», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Меҳмонни ҳурмат қилиш Аллоҳга маҳбуб бўлган амаллардандир. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ушбу ҳадис далил. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Пайғамбаримиз ҳузурларига келди. Расулуллоҳ уни аёллари томонга юборди. Шунда аёллари: “Бизда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ”, дейишди. У зот: “Ким буларни ўзига қўшиб олади ёки меҳмон қилади?”, дедилар. Шунда ансорлардан бири: “Мен”, деди ва уни олиб аёллари томонга кетди. Кейин уйидагиларга: “Расулуллоҳнинг меҳмонини эҳтиром қилинглар”, деди. Аёллари: “Болаларимизнинг озуқасидан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ-ку”, дейишди. У: “Таомингизни тайёрланг, кейин болалар кечки таомни емоқчи бўлсалар, чироқларни ўчириб, уларни ухлатинг”, деди. Аёллари таомни тайёрлаб, чироқни ўчириб, болаларни ухлатдилар. Кейин туриб чироқни тузатаётгандек ўчирилган чироқни яна ёқиб қўйди. Ўзлари кечки таомсиз кечани дуо қилиб ўтказдилар. Тонг отгач, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига боришди. У зот: “Бу кеча Аллоҳ сизларнинг қилган ишингиздан кулди, Аллоҳ ишларингиздан ажабланди”, дедилар. Бас кейин: Гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўярлар”, ояти нозил бўлди».

Суннатга кўра, меҳмон уч кунгача иззат-икром қилинади. Агар уч кундан ўтиб кетса, мезбон учун садақанинг савоби берилади.

Абу Шурайҳ Адавийдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ва охират кунига имони бор одам меҳмонига унинг мукофотини иззат-икром билан тақдим қилсин”, дедилар.

– Унинг мукофоти нима, эй Аллоҳнинг расули, – дейишди.

– Меҳмонннинг мукофоти бир кеча ва кундуздир. Зиёфат эса уч кун, ундан ортиғи мезбонга садақадир, – дедилар.

Дарвоқе, халқимиз ҳам меҳмондўст. Асрлар давомида меҳмон иззат-икром қилингани боис “Меҳмон келса, эшикдан, ризқи келар тешикдан”, “Меҳмон – атои Худо” каби мақоллар пайдо бўлган.

 

Қувондиқ БОЙМУРОДОВ,

Учтепа тумани бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эр-хотиннинг ярашуви шайтон бўйнини синдирар

12.06.2025   5835   5 min.
Эр-хотиннинг ярашуви  шайтон бўйнини синдирар

Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.


Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқ­лик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).


Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаб­бат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.


Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ ме­­нинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).


Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаёти­даги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қон­дириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият бар­қарорлигини таъминлашдир.


Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).


Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.


Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.


Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).


Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.


Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинч­лиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидо­йилик кўрсатиши лозим.


Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).


Бу оят никоҳдаги жуфт­ларнинг бир-бирига муҳтож­лиги ва улар ўртасидаги яқин­ликни таърифлайди.


Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.


Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқи­батида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.


Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).


Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаё­тига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.


Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бош­қа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.


Кечира олиш – гўзал фа­зилат, ди­нимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқа­зишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.


Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.


Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.


Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мус­таҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.


Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби

"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди 

 

 

Мақолалар