Аллоҳ таоло гўзал ахлоқларни такомилга етказиш учун Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Мен гўзал хулқларни такомилига етказиш учун юборилдим”, деганлар. Бошқа бир ривоятда эса: “Яхши хулқларни тамомига етказиш учун юборилдим”, дейилган.
Имом Байзовий айтади: “Арабларда Иброҳим алайҳиссаломдан қолган чиройли хулқлар бор эди. Улар куфр сабабли буларнинг кўпидан мосуво бўлишди. Шу боис Аллоҳ таоло гўзал хулқларни такомилга етказиш учун пайғамбарини юборди” (“Мирқотул мафотиҳ”).
Ана шундай мақталган гўзал хулқлардан бири меҳмонни ҳурмат қилишдир.
Меҳмонга иззат-икром кўрсатиш ҳақида бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳмонни ҳурмат қилишлари барчага намунадир. Ҳатто пайғамбарликларидан олдин ҳам ушбу фазилатга эга эканликларини яхши биламиз.
Набий алайҳиссалом Ҳиро ғорида Жаброил алайҳиссаломни илк бор кўриб, қўрқиб кетиб, уйларига келганларида, Хадича онамиз у зотни ўраб қўйганлар. Пайғамбаримиз бўлган воқеани айтиб: “Мен қўрқаяпман”, деганларида, Хадича онамиз: “Йўқ, сиз хурсанд бўлинг. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон уялтирмайди. Чунки сиз қариндош-уруғчиликка риоя қиладиган, бечоралар ёрдамига ошиқадиган, камбағални ҳимоя қиладиган, меҳмондўст, мазлумнинг қўлидан тутадиган, мусофирларга эҳсон-икром улашадиган, ҳақ йўлида қийинчиликларга дучор бўлганларга ёрдам берадиган инсонсиз”, деди.
Имом Қасталоний: “Меҳмондўстлик – бу меҳмонларга жой ва таом ҳозирлаш”, деган.
Меҳмонни иззат-икром қилишнинг аҳамияти беқиёс. Чунончи, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, қўшнисига озор бермасин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, яхши сўз сўзласин, ёки жим турсин”, деганлар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом мезбонда меҳмоннинг ҳаққи борлигини айтиб, Ибн Умар розияллоҳу анҳуга: “Сени зиёрат қилгани келган (меҳмон)нинг сенда ҳаққи бордир”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда: “Агар сизлар бирор жамоатга меҳмон бўлиб тушсангиз, улар сизни меҳмон бажариши керак бўлган нарсага буюришса, уни қабул қилинг. Агар ҳеч нарса қилмасалар, улар қилиши керак бўлган меҳмоннинг ҳақини улардан олинг”, дейилган.
Меҳмонни ҳурмат қилиш инсонга жуда кўп яхшилик ва фазилатлар келтиради. Киши бу билан дунёда улуғ саодатга эришади. Шунингдек, бу ишни Аллоҳдан савоб умидида қилса, охират саодатини қўлга киритади.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Хадича онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни хотиржам қилганлари, Аллоҳга қасам ичиб, у зотни Аллоҳ ҳеч қачон уялтирмаслигини, бунинг сабаби эса у зот гўзал хулқлардан саналмиш меҳмондўстлик қилиб келишлари айтилади.
Меҳмоннавозлик кишини жаннат сари етаклайди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй одамлар, саломни кенг ёйинглар, таом улашинглар ва одамлар уйқудалик чоғида намоз ўқинглар жаннатга саломат кирасизлар”, деганлар.
Аллоҳ таоло меҳмоннавозликни банда учун жаннат неъматларидан таёрланган махсус совғага эришиш сабабларидан бири қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Жаннатда бир хона бор. Унинг ичи ташидан кўринади ”, дедилар.
Шунда бир Аъробий:
– Эй Аллоҳнинг расули, бу ким учун? – деб сўради. У зот:
– “Кимки ёқимли сўз айтса, таом берса, кечалари одамлар ухлаётган чоғда Аллоҳ учун намоз ўқиса”», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Меҳмонни ҳурмат қилиш Аллоҳга маҳбуб бўлган амаллардандир. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ушбу ҳадис далил. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Пайғамбаримиз ҳузурларига келди. Расулуллоҳ уни аёллари томонга юборди. Шунда аёллари: “Бизда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ”, дейишди. У зот: “Ким буларни ўзига қўшиб олади ёки меҳмон қилади?”, дедилар. Шунда ансорлардан бири: “Мен”, деди ва уни олиб аёллари томонга кетди. Кейин уйидагиларга: “Расулуллоҳнинг меҳмонини эҳтиром қилинглар”, деди. Аёллари: “Болаларимизнинг озуқасидан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ-ку”, дейишди. У: “Таомингизни тайёрланг, кейин болалар кечки таомни емоқчи бўлсалар, чироқларни ўчириб, уларни ухлатинг”, деди. Аёллари таомни тайёрлаб, чироқни ўчириб, болаларни ухлатдилар. Кейин туриб чироқни тузатаётгандек ўчирилган чироқни яна ёқиб қўйди. Ўзлари кечки таомсиз кечани дуо қилиб ўтказдилар. Тонг отгач, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига боришди. У зот: “Бу кеча Аллоҳ сизларнинг қилган ишингиздан кулди, Аллоҳ ишларингиздан ажабланди”, дедилар. Бас кейин: “Гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўярлар”, ояти нозил бўлди».
Суннатга кўра, меҳмон уч кунгача иззат-икром қилинади. Агар уч кундан ўтиб кетса, мезбон учун садақанинг савоби берилади.
Абу Шурайҳ Адавийдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ва охират кунига имони бор одам меҳмонига унинг мукофотини иззат-икром билан тақдим қилсин”, дедилар.
– Унинг мукофоти нима, эй Аллоҳнинг расули, – дейишди.
– Меҳмонннинг мукофоти бир кеча ва кундуздир. Зиёфат эса уч кун, ундан ортиғи мезбонга садақадир, – дедилар.
Дарвоқе, халқимиз ҳам меҳмондўст. Асрлар давомида меҳмон иззат-икром қилингани боис “Меҳмон келса, эшикдан, ризқи келар тешикдан”, “Меҳмон – атои Худо” каби мақоллар пайдо бўлган.
Қувондиқ БОЙМУРОДОВ,
Учтепа тумани бош имом-хатиби
Шу йил 17 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Хўжакент» жоме масжидида навбатдаги маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Сайёр учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, ЎМИ Молиявий назорат ва таҳлил бўлими бошлиғи Исломиддин домла Зуҳриддинов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар домла Камолов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Мусохон домла Бобоев, вилоятнинг туманлар/шаҳарлари бош имом-хатиблари, шунингдек, Бўстонлиқ туманидаги масжидлар имом-хатиблари, ноиблар, “Ҳаж – 2025” зиёратчилари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.
Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда Зайниддин домла Эшонқулов мазкур китобнинг бугунги ҳаётимиз билан нақадар уйғун экани, динимизда ҳам инсон ва унинг қадр-қиммати улуғланиши, ҳар бир диний соҳа ходимининг бугунги кундаги фаолияти учун дастурамал бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу китоб вилоятдаги барча масжидларга тарқатилди.
Тадбир давомида вилоят бош имом-хатиблари ва туман-шаҳар бош имом-хатиблари учун намунавий махсус кийим намунаси тақдимот қилинди. Унда чакмон, духоба ва миллий дўппилар намойиш қилинди.
Шунингдек, Тошкент вилояти, хусусан, Бўстонлиқ туманида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда вилоятдаги имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқлар эътироф этилиб, баъзи камчиликлар бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Сайёр йиғилиш иштирокчилари Бўстонлиқ туманининг 24 та масжиди ҳамда 24 та маҳалласига бириктирилди.
Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 110 та оилага, отинойилар 4 тоифага мансуб 23 та оилага, умумий ҳисобда 133 та оилага кирилиб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб борилди.
3 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлган фуқаро билан суҳбатлашилди, унинг тушунчалари тўғриланди.
Нотинч оилалар ўрганилиб, улар яраштирилди.
Шунингдек, 10 та хонадонда ичкиликка ружу қўйган кишилар билан суҳбатлар ўтказилди.
Маънавий кўмакка муҳтож 12 та оила ила мулоқот қилинди.
Мухтасар айтганда, биргина шу тадбир доирасида барча жиҳат қамраб олинди.
Тошкент вилоятидаги навбатдаги сайёр йиғилиш Юқори Чирчиқ туманида ўтказилиши режалаштирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати