Замон ўтиши билан яна янги муаммолар пайдо бўла бошлади. Араб тилини яхши билмайдиган мусулмонлар кўпайиши билан Қуръони Каримни ўқишда муаммо ҳам кўпайди. Кишиларнинг Қуръони Каримни хато ўқишлари ва ихтилофга тушишлари хавфи кучайди.
Усмоний мусҳафлар шакл (эъроб аломатлари: фатҳа, касра, замма, сукун) ва нуқталардан холи ҳолда ёзилган бўлиб, бу тарзда ёзилиши бир неча қироат ва кўринишларни кўтара оладиган бўлиши учун бўлганини аввал ҳам айтиб ўтган эдик. Одамлар ўз табиий кўникмалари ва илмлари билан уларни тўғри ўқиш имконига эга эдилар. Қироат қилишда уларнинг шакл, ҳаракатлар, эъроб ва нуқталарга эҳтиёжлари йўқ эди. Абу Аҳмад Аскарий айтганидек, кишилар Қуръони Каримни Усмон мусҳафида қирқ йилдан кўпроқ муддат, ҳатто Абдулмаликнинг халифалиги давригача ҳеч қандай аломат ва белгиларсиз ўқиб юрдилар. Ундан кейин адашишлар кўпайди. Бу ҳолат айниқса Ироқда кенг ёйилди.
Адашиш асосан баъзи Қуръон калималарининг қироатида ва ҳарфларнинг талаффузида содир бўлар эди. Араб бўлмаган кишилар орасида Исломнинг ёйилиши, мусулмон ажамларнинг кўпайиши араблар луғатига ўз таъсирини кўрсатди,
Яна Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун ҳаракат қилиш зарур бўлиб қолди. Кераклича олиб борилган маслаҳатлардан сўнг кишилар Қуръони Каримни хато ўқимасликлари ва Қуръони Карим қироати ҳақида турли ихтилофларга тушмасликлари учун мусҳафларга фатҳа, касра, замма аломатларини қўйиш керак, деган фикрга келинди.
Ҳижрий 65 санада, Абдулмалик ибн Марвоннинг халифалиги даврида баъзи мутасаддилар қуръоний матнларга шакл ва нуқталар қўйилмаса, уларнинг ўзгариб кетиш хавфи борлигини айтишди. Сўнгра тўғри қироат қилишга ёрдам берадиган муайян шакллар ишлаб чиқиш кераклиги ҳақида фикр қилинди.
Шу ўринда барча Убайдуллоҳ ибн Зиёд ва Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафийни зикр қилади.
Ибн Зиёд асли форсий бир кишига ёзувда тушириб қолдирилган икки алифлик калималарга ўша алифни қўйиб Чиқишни буюрди. Шунда «قلت» ўрнига «قالت» деб, «كنت» ўрнига «كانت» деб ёзилди. Бу иш Убайдуллоҳ ибн Зиёдга нисбат берилди.
Ҳажжож эеа қуръоний ёзувнинг ўн битта ўрнига ўқишни осонлаштирадиган белги киритган, дейилади. Шундан сўнг қироат қилиш ойдинроқ ва фаҳмлаш енгилроқ бўлди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шу каби имловий безакларга ишора қилиб: «Мусҳафда араблар тез кунларда ислоҳ қиладиган лаҳнларни кўряпман», деган эди.
Демак, бу ўриндаги лаҳн ва белгиларнинг барчаси юқорида зикр этилган шаклда бўлиб, асрлар ва даврлар ўтиши билан шаклланиб турадиган расми хатга тегишли ишлардан эди.
Лекин қуръоний матннинг ўзида бирор нарса ўзгармаган. Балки асл ҳарфларга ёрдамчи ҳарф ва белгилар орттирилган, холос. Қолаверса, қуръоний матн одамлар қалбларида жамланган бўлиб, уни баъзилар баъзилардан оғизма-оғиз талаққий қилиш орқали ва яқиний мутавотир йўл билан олишар эди.
Аммо баъзи ўзини билмаган ва Қуръони Каримга душманлик қилишни касб қилиб олганлар ушбу ишора ва белги қўйишларни Қуръонга ўзгартириш киритиш деб «илмий» даъво қиладилар. Матн ўз ҳолида қолиб, унинг атрофига белги қўйиб, ўқишни осонлаштиришни «ўзгартириш» дейиш илмнинг қайси кўчасига кириши мумкин?!
Қуръоний расми хатнинг сайқалланиши бир дафъанинг ўзида охирига етмаган. Балки ушбу сайқаллаш ишида бир неча авлодлар иштирок этган. Ҳижрий учинчи асрнинг охирларига келиб, мусҳафни безаш ишлари чўққисига чиққан.
Бунда ҳам асл ҳарфларга заррача ўзгартириш киритмаслик шартлари ишлаб чиқилди. Тарихда бу иш «Қуръони Каримни нуқталаш» номи билан ўрин топди.
Уламолар қадимдан Қуръонга биринчи нуқталарни қўйган шахс хусусида ихтилоф қиладилар. Ушбу мавзуда уч кишининг исми такрорланади.
Абул Асвад Дуалий;
Яҳё ибн Яъмур;
Наср ибн Осим Лайсий.
Абул Асвад Дуалий араб тили масалаларида дастлабки дарсларни тақдим қилиш билан машҳурдир. У киши бу ишни Алий ибн Абу Толибнинг буйруқлари билан қилган эдилар. У кишининг Қуръони Каримга нуқталар қўйиши ушбу ишларининг узвий давоми деб ғумон қилинади. Ушбу мавзуда Абул Асвад Дуалийнинг Қуръоннинг софлиги учун кучли ғайрат кўрсатганларига ишора қилувчи бир қисса нақл қилинади.
Абул Асвад Дуалий бир кишининг Тавба сурасидаги
أَنَّ ٱللَّهَ بَرِيٓءٞ مِّنَ ٱلۡمُشۡرِكِينَ وَرَسُولُهُۥۚ
оятини нотўғри қироат қилаётганини эшитиб қоладилар.
Қори «Росулуҳу» калимасидаги «лом» ҳарфини жар қилиб, «Росулиҳи» деб ўқийди. Бунда оятнинг «Албатта, Аллоднинг мушриклар билан алоқаси йўқ ва Расулининг ҳам» деган маъноси қўпол тарзда бузилиб, «Албатта, Аллоҳнинг мушриклар билан алоқаси йўқ ва Расули билан ҳам» бўлиб қолади. Бу лаҳн (хато) Абул Асвад Дуалийни даҳшатга солди ва у «Аллоҳнинг важҳи Ўз Расулидан безор бўлмоқликдан азиздир!» деди. Сўнгра Басрага, Зиёднинг ҳузурига борди ва: «Сен сўраган нарсага ижобат қиламан», деди.
Бундан олдин Зиёд Абул Асвад Дуалийдан инсонлар Аллоҳнинг Китобини осон ва бехато ўқишлари учун аломатлар қўйишни сўраган эди. У эса жавоб беришни ортга суриб юрарди. Юқоридаги ҳодиса содир бўлгач, ўзи даҳшатга тушиб, бу ишга жидди-жаҳд билан киришди. Унинг ижтиҳоди фатҳа аломатини билдириш учун ҳарфнинг юқорисига битта нуқта, касра аломатини билдириш учун ҳарфнинг остига битта нуқта, замма учун ҳарф ўртасига битта нуқта ва сукун учун иккита нуқта қўйиб чиқишга чорлади.
Баъзи уламолар «Абул Асвад Дуалий Қуръонга Абдулмалик ибн Марвоннинг буйруғи билан нуқталар қўйиб чиққан», дейишади. Ушбу турли ривоятлардан Абул Асваднинг Қуръонга нуқталар қўйиб чиқиш сабабларини аниқ айтиб беришимиз қийин. У бу ишни ўзича қилганми ёки бошқанинг фикри билан амалга оширганми? Бу ишнинг асли қандай тартибда рўёбга Чиққан? Бу саволларнинг барчасига қатъий жавоб бериш мушкул. Лекин аниқ биламизки, ушбу оғир вазифани дастлаб ўз зиммасига олган шахс Абул Асвад Дуалий эди. Келтирилган ривоят ва хабарлар ушбу ҳақиқатнинг тўғрилигини билдиради.
Аммо Қуръонга нуқта ва шакллар қўйишни унинг ёлғиз ўзи амалга оширди, дейиш мантиқий жиҳатдан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам тўғри келмайди. Бу каби улкан вазифани якка шахс эмас, балки бир неча шахслар амалга оширади. Уни охирига етказиш бир авлодга эмас, бир неча авлодларга насиб этади. Абул Асвад Дуалийга Қуръонга нуқталар қўйиш, унинг расми хатини сайқаллаш силсиласида дастлабки ҳалқа бўлиш шарафи кифоя қилади.
Ушбу силсиланинг яна бир ҳалқасида Яҳё ибн Яъмур ҳам бордир. Баъзи уламолар бу шахс силсиланинг биринчи ҳалқасидан, деган фикрга мойил бўлишади. Айрим ривоятларда: «Мусҳафларга дастлаб нуқталар қўйган шахс Яҳё ибн Яъмурдир», дейилган.
Қуръонга нуқталар қўйиш ишида Яҳё ибн Яъмурнинг ҳиссаси борлиги маълум. Лекин қўлимизда унинг бу ишнинг бошида турганлиги тўғрисида далил йўқ. Фақат Марвда мусҳафларга биринчи бўлиб нуқталар қўйгани машҳур бўлган. Унинг нуқталар қўйишда аввалги шахс бўлганини билдирувчи энг ишончли далиллардан бири Ибн Халликоннинг «Ибн Сириннинг нуқталар қўйилган мусҳафи бўлиб, уни Яҳё ибн Яъмур қилиб берган эди», деган гапидир. Маълумки, Ибн Сирин ҳижрий 110 санада вафот топган. Демак, шунга кўра, ушбу санадан олдин ҳам комил нуқтали ва мукаммал шакллар қўйилган, ҳаракатлар ўша нуқталар билан ифода қилинган мусҳаф мавжуд бўлганлиги келиб чиқади. Бу жуда нозик иш бўлиб, уни осонликча қабул қилиб бўлмайди.
Наср ибн Осим Лайсий ҳам Қуръонга нуқта қўйиш ишида устозлари Абул Асвад ва Ибн Яъмурларнинг ишини давом эттирди, чунки у мазкур икки олимдан илм олган эди.
Ҳажжож хусусқца турлича фикрлар бор бўлса ҳам, ушбу улуғ ишда унинг хиссаси борлигини, бу шарафли ишга ниҳоятда қизиққанлигини инкор қилиб бўлмайди.
Замонлар ўтиб, қуръоний хатни осонлаштиришга қаратилган ҳаракатлар кучайди. Ушбу осонлаштириш турли шаклларни ўз ичига олди. Халил ибн Аҳмад ал-Фароҳидий ал-Аздий нуқталарни синфларга бўлган, уларни китобга туширган ва иллатларни зикр қилган биринчи шахс бўлди. Шунингдек, ҳамза, ташдид, равм (ҳарф ҳаракатини чала айтиб билдириб қўйиш) ва ишмом (ҳарф ҳаракатини овозсиз, фақат лабнинг ҳаракати билан билдириш) аломатларини ҳам мусҳафга дастлаб шу киши қўйди.
Абу Ҳотим Сижистоний Қуръон нуқталари ва шакллари тўғрисида ўз китобини таълиф қилган пайтда мусҳафлар расми илми камолига етай деб қолган эди.
Ниҳоят, учинчи ҳижрий асрнинг охирларига келиб, Қуръон расми илми сайқалланиш ва чирой бериш борасида чўққисига етди. Одамлар гўзал хатларни танлашда, махсус аломатларни қўйишда мусобақалашиб кетдилар. Ташдидли ҳарфларга қавсга ўхшаш аломат қўйишди, боғловчи ҳамза алифига ўзидан олдинги ҳарф фатҳали бўлса, устига, касрали бўлса, остига ва заммали бўлса, ўртасига бир чизиқ чизиб қўйишди.
Қуръоний расми хатни сайқаллашга бўлган ҳаракатлар кўплаб тўсиқларга ҳам дуч келди. Учинчи асрнинг охирларига келиб, уламолар Қуръонга нуқталар қўйиш хусусида ихтилоф қилдилар. Аслида нуқталар қўйишнинг макруҳлиги жуда эрта кўринган эди. Бу хусусда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд:
«Қуръонни холи ҳолда тутинглар, унга бирор нарсани аралаштирманглар», дер эди.
Сўнгра тобеъинлар орасида мусҳафларни хушбўй қилиш ёки саҳифалари орасига атиргул баргларини қўйиш каби ишлар макруҳлиги айтилди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи табаъа тобеъинлар даврида ушбу масаланинг тафсилотини қилиб:
«Уламолар таълим оладиган мусҳафларга нуқталар қўйиш мубоҳдир, лекин она мусҳафларга (Усмон мусҳафларига) қўйиш мубоҳ эмас», деган эди.
Шу билан бирга, Қуръонни ўз ҳолича сақлаш тарафдорлари мусҳафларга нуқталар қўйишни макруҳ дейишда давом этдилар. Баъзи-баъзида нуқталар билан поралар орасини ажратувчи аломатларни фарқловчи мўътадил кишилар ҳам кўриниб турарди. Улар кишиларни: «Дарҳақиқат, нуқталар Қуръонни холи тарзда тутишга халақит қилмайди», деб огоҳлантиришар эди.
Ҳалимий шундай дейди:
«Ҳар ўн ёки беш оятни ажратувчи белгилар, сураларнинг исмлари ва оятларнинг сонларини Қуръонга ёзиш «Қуръонни холи тутинглар» деган қавлга мувофиқ, макруҳдир. Аммо нуқталар қўйиш жоиз. Чунки уларнинг сурати йўқлиги учун улар сабабли Қуръондан бўлмаган нарсани Қуръон деб гумон қилишнинг эҳтимоли йўқ. Дарҳақиқат, нуқталар қандай ўқишга далолат қилувчи белгилар бўлиб, эҳтиёжи бор кишилар учун уларни қўйишнинг зарари йўқдир».
Нуқталар бйлан таъширлар (ҳар ўн оятни ажратиш учун қўйиладиган белги) орасида очиқ-ойдин фарқ бўлишига қарамасдан, Қуръонни ўз ҳолича сақлаш тарафдорлари ҳижрий бешинчи асрнинг бошларигача «Қуръон шакллардан холи бўлган мусҳафлардан қироат қилиниши лозим», деб маҳкам туриб олишди. Масалани тор олувчи бу тоифалар «Аломатларнинг барчаси бидъат бўлиб, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат дўзахда» деган тушунчада эдилар. Абу Амр Доний мулоҳаза қилганидек, ғариб ишлардан бири – уларнинг баъзилари Қуръонга ҳаракатлар ўрнига нуқталар ишлатишни енгил санашар, лекин айнан ҳаракатлар билан шакл қўйишга қатъий қарши турар эдилар. Ваҳоланки, ўша асрдаги одамларнинг кўпчилиги ҳаракатлар қўйишда ҳеч қандай зарар йўқ, дейишарди.
Абу Амр Донийнинг ўзи Қуръон матнлари билан уларни равшанлаштириш учун қўйилган ҳаракатлар орасида фарқ борлигини эътироф қилади:
«Нуқталарни қора билан ёзиш жоиз эмас. Чунки бунда расми хат суратини ўзгартириб юбориш бор. Яна турли қироатларни битта мусҳафда жамлаш учун турли ранглар билан ёзиш ҳам жоиз эмас. Чунки бу ҳолатда расми хатни ўзгартириб ёки аралаштириб юбориш хатари кўпаяди». Донийнинг фикрича, ҳаракатлар, ташдидлар, танвин, сукун ва мадд қизил, ҳамзалар эса сариқ рангда ёзилиши керак.
Сўнгра одамлар нуқталарни макруҳ, деганларидан кейин, мустаҳаб дейдиган замонлар келди. Ҳаракатлар билан шакл қўйишга эътироз билдирганларидан сўнг бу ишни мустаҳаб, деб қила бошладилар. Авваллари нуқта ва шакллар матнни ўзгартириб юбориши мумкин, деган хавфда бўлган эдилар. Кейин агар нуқта ва шакллар қўйилмаса, жоҳиллар матнларни нотўғри талаффуз қилиб, ўзгартириб юборишади, деган хавфга тушдилар. Қуръон матнини сақлашга бўлган ҳарислик баъзида нуқталар қўйишни макруҳ дейишга, бошқа пайт эса мустаҳаб дейишга асосий сабаб бўлди.
Ҳадис илмида кўплаб машҳур китоблар тасниф қилган, муҳаддисларнинг улуғларидан бўлган Имом Ҳофиз Муҳйиддин Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий шундай дейди:
«Мусҳафга нуқталар ва шакллар қўйиш мустаҳабдир. Чунки бу билан у лаҳн ва ўзгаришдан сақланади. Шаъбий ва Нахаъийнинг нуқталарни макруҳ, дейишлари ўша пайтда матннинг ўзгариб кетишидан қўрққанлари учундир. Дарҳақиқат, бу нарсалар янгилик бўлгани учун мусҳаф ўша хавфдан омондадир. Бу янгиликлар бидъати ҳасаналар жумласидан бўлиб, илмни тасниф қилиш, мадрасалар ва работлар бино қилиш каби бўлиб, улар ман қилинмайди. Валлоҳу Аълам».
Уламолар бошида макруҳ деган, сўнгра бу гапдан тўхтаб, мубоҳ ёки охирида мустаҳаб деган янгиликлар, жумладан, ҳар бир суранинг бошига сарлавҳалар ёзиш, оятлар бошига ажратиб турувчи белгилар қўйиш, Қуръонни жузларга тақсим қилиш, жузларни ҳизбларга ва ҳизбларни рубуъларга бўлиб чиқиш ва шуларнинг барчасига ишора ўлароқ, ўзига хос расмни битиб қўйиш кабилар эди.
Одамлар оятларнинг бошига қўйиладиган, бир-биридан ажратиб турувчи рамзларни бошқаларидан олдин ва тезроқ қабул қилдилар. Чунки уларда оятлар тақсимини билишга эҳтиёж бор эди. Хусусан, оятлар тартибининг тавқифий – ваҳий асосида эканига ижмоъ қилишгач, бу иш тезлашди. Улар рамз қўйишнинг турли йўлларини баён қилдилар. Баъзида ҳар бир оятнинг бошига унинг сурадаги тартиб рақамини қўйишар, баъзида эса буни беэътибор қолдирар эдилар. Аҳёнда сурадаги ҳар ўнинчи оятнинг ниҳоясига «عشر» калимасини ёки унинг бош ҳарфи «ع» ни ёки сурадаги ҳар бешинчи оят охирига «خمس» калимасини ёхуд унинг бош ҳарфи «خ» ни қўйишарди. Ва ушбу ишларда ҳеч қандай зарар йўқ, деб билишарди.
Сураларнинг бошига қўйиладиган сарлавҳаларга келсак, бу ерда уларнинг маккий ёки маданий эканлиги ҳамда оятларининг сони ёзиб қўйилар эди. Бу иш муҳофиз доираларнинг (Қуръонни ўзгаришлардан ҳимоя цилувчиларнинг) қаттиқ қаршилигига дуч келди. Кўпчилик уламолардан тортиб, ҳатто авом халқ ҳам бу ишнинг тавқифий эмаслиги, балки бу хусусда саҳобаларнинг кўплаб ижтиҳодлари борлигини билишар эди.
«Сураларнинг тартиби ижтиҳодий эмас, балки оятлар тартиби каби тавқифий, десак-да, сураларнинг исмлари ҳам тавқифий эканига бизда кучли далил йўқ. Баъзи сураларнинг маккий ва бошқаларининг маданий эканига ижмоъни даъво қилолмаймиз. Зеро, битта суранинг ўзида иттифоқ қилинган гапнинг ўзи йўқ» каби эътирозлар юзага чиқди. Шу каби ихтилофлар сабабли сураларнинг бошланишига сарлавҳалар ёзишга қаттиқ эътирозлар қўзғалди. Лекин вақт ўтиши билан ушбу эътирозлар ҳам енгиллашди, ҳатто одамлар ушбу сарлавҳаларнинг ўзи билан қаноат қилмай, ҳатто уларни зийнатлаш ва тилла билан безашда ҳадларидан ошиб кетишди. Ҳатто баъзи жоҳиллар ушбу сарлавҳалар ҳам қуръоний ваҳийдан ажрамайдиган бир бўлак, дейишгача боришди.
Одамлар оятлар ораеини ажрагиб турувчи рамзларни мубоҳ деб билишгач, сўнгра суралар бошига сарлавҳалар ёзишга журъат қилишгач, мусҳафларни сайқаллашдаги ҳаракатларни тўхтатишнинг имкони бўлмай қолди. Дарҳақиқат, дастлаб мусҳафларни сайқаллаш уларни жузларга ва ҳизбларга ажратишдан бошланди. Кишилар бу ишларини қўллаб-қувватлаш учун нақл қилинган ривоятлардан далиллар излай бошладилар.
Заркаший шундай дейди:
«Ҳизблар ва жузларга бўлиш масаласига келсак, мадрасаларда жузларнинг ўттизталиги ва рубуълар машҳур эди.
Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида Абу Довуд ва Ибн Можа Авс ибн Ҳузайфадан ривоят қиладилар:
«У ҳаётлик даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан: «Қуръонни ҳизбларга қандай ажратасизлар?» деб сўради. Улар: «Уч, беш, етти, тўққиз, ўн бир, ўн уч. «Муфассал»нинг ҳизби «Қоф»дан охиригача», дейишди».
Мусҳафларни сайқаллаш ва ёзувини гўзал қилишда хаттотларнинг ҳам улушлари беқиёсдир. Манбаларда айтилишича, халифа Валид мусҳафлар ёзиш учун Холид ибн Абул-Ҳайёжни ихтиёр қилган эди. У хатининг гўзаллиги билан машҳур бўлиб, Мадинадаги Масжиди Набавийнинг меҳробига ёзган хаттот ана шу кишидир. Ҳижрий тўртинчи асрнинг охирларига қадар хаттотлар мусҳафларни куфий ҳат билан ёзиб келдилар. Сўнгра бешинчи асрнинг бошларида унинг ўрнини гўзал насх хати эгаллади. Ушбу хатда барча ҳаракат ва нуқталар мавжуд бўлиб, бугунги кунимизгача шу хатдан фойдаланиб келмоқдамиз.
Кейинчалик, замон ўтиши билан, вазият тақозо қилганда, бошқа аломатлар ҳам худди шундай эҳтиёткорлик ва аниқлик билан қўйиб чиқилди. Ислом уммати ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган илоҳий дастур – Қуръони Каримни ана шу тарзда кўз қорачиғидек, балки ундан ҳам авайлаброқ сақлаб келди.
Замон ўзгариб, техник тараққиёт даври келганда, Қуръони Каримни техник жиҳозлар воситасида чоп этиш масаласи кўндаланг бўлди.
Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила Ўзининг Китоби матбаа воситаси билан ҳам атрофга тарқала бошлади. Бу иш ҳам, Қуръонни қўлда ёзиш жараёнидаги каби, сайқалланиш ва чиройли қилиш босқичларини босиб ўтди.
– Қуръони Каримнинг илк нусхаси милодий 1530 йилнинг бошларида Бундуқияда (Венецияда) пайдо бўлди. Лекин у каниса ҳукмдорларининг амри билан йўқ қилинди.
– 1694 йили Олмониянинг Гамбург шаҳрида Ҳенкельман (Hinckelmann) Қуръонни чоп этди.
– Қуръони Каримнинг яна бир нусхасини Луис Маррацци (Louis, Ludovico Maracci, 1612-1700) 1696 йили Падуя шаҳрида чоп қилди. Ушбу матбаада чоп қилинган Қуръоннинг уч нусхасининг бирортаси ҳам исломий юртларда машҳур бўлмади.
– Қуръони Каримни холис мусулмонлар томонидан дастлабки чоп этиш 1887 йили Русиянинг Санкт-Петербург шаҳрида амалга оширилди. Бу босмани Мавлоё Усмон чоп қилдирган эди.
Худди шу каби босма Қозонда ҳам чиқди.
Эронда бирданига иккита тошбосма Қуръон тақдим қилинди. Улардан бири ҳижрий 1234 (милодий 1828) йили Теҳронда босилган бўлса, кейингиси ҳижрий 1238 (милодий 1833) санада Табризда чоп этилди.
– Г.Флюгель 1834 йили Олмониянинг Лейпциг шаҳрида ўзига хос Қуръонни чоп этди. Ушбу босманинг имлоси янги ва осон бўлгани сабабли оврупаликлар уни катта иштиёқ билан қабул қилдилар. Лекин бу нусха Ислом оламида шуҳрат топа олмади.
Ҳиндистонда ҳам Қуръони Каримнинг бир неча босмалари зоҳир бўлди.
Сўнгра бу улкан ишга 1877 йилнинг бошларида Остона (Турк султонлиги) қўл урди.
Кейин ниҳоятда аҳамиятли, улуғ иш содир бўлди. Ҳижрий 1342 (милодий 1923) санада Қоҳирада Азҳари шарифнинг улуғ шайхлари назорати остида гўзал, дақиқ, жуда ҳам латиф Қуръони Карим нусхаси чоп этилди. Бу иш Малик Фуад биринчи томонидан тайин қилинган илмий гуруҳнинг қарори билан бўлди.
Ушбу мусҳаф Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига мувофиқ равишда тайёрланган эди. Бу мусҳафни Ислом олами яхши қабул қилди, миллионлаб нусха чои этилди ва ундан ҳар йили турли юртларга тарқатилди.
Бу нусха асосий нусха бўлиб қолди. Чунки машриқу мағриб уламолари унинг хати ва расми диққат билан амалга оширилганига ижмоъ қилган эдилар.
Кейинчалик Саудия Арабистонида Малик Фаҳд номидаги Қуръон чопхонаси ташкил қилиниб, Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига мувофиқ равишда Қуръон чоп этилди. Бугунги кунда бу нусха «Мадина босма» номи билан танилган. Ҳозирда ҳам ҳажга борганларга шу нусхадаги Қуръондан жуда кўп сонда тарқатилмоқда.
Лекин фақат ушбу босма мусҳафга қараб қолингани йўқ. Бошқа мамлакатларда ҳам ўзига хос, ажойиб суратда Қуръон чоп этилиши давом этмоқда. Жумладан, Ливан, Миср, Сурия ва бошқа ўлкаларда ҳам бу иш яхши йўлга қўйилган. Узларида имконият бўлмаганлар имконияти борларга буюртма бериб, чоп эттиришмоқда. Қуръон қироатини осонлаштириш учун қўйиладиган ишоралар босқичи ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Хусусан, тажвид қоидаларини ифода этувчи, яъни тажвид қоидалари ранглар билан ифодаланган «тажвидли Қуръон»лар чоп этилди. Қуръони Каримнинг тўғри ўқилиши мақсадида қилинган бошқа ишлардаги каби, ушбу тажвид қоидаларини ифодалашда ранглардан фойдаланишга дастлаб саудияликлар эътироз билдирдилар. Тажвидли Қуръон дастлаб Сурияда чоп этилгач, эътирозлар ҳам сусайди ва ҳатто эътироз билдирган тарафларнинг ўзлари ҳам бу каби Қуръонларни чоп этишни бошладилар. Инсонларнинг Қуръони Каримни ўқишлари осон бўлиши учун қилинадиган хизматлар ҳокимлар учун ҳам, раийят учун ҳам шарафли ишдир. Бугунги кунда интернетда ўқиладиган, овозли электрон Қуръонлар ҳам ихтиро қилинмоқда. Яна қаламли Қуръонлар кашф этилди. Унда қалам қайси бир оятга қўйилса, ўша оятнинг машҳур қори томонидан қилинган қироати янграйди.
Либиядаги «Дунё Ислом даъвати» ташкилоти Нофеънинг Қолундан қилган ривоятига мос мусҳафларни кўплаб чоп этиб, ушбу қироатда ўқийдиган мусулмонларга тарқатди. Шу билан бирга, мазкур қироатдаги Жазоир, Мағриб каби ўлкаларда ҳам шу каби мусҳафлар чоп қилинмоқда.
Уламолар дастлаб бу ишга – Қуръони Каримни чоп қилишга рухсат бермадилар. Улар мазкур услуб ила чоп этиш Қуръони Каримнинг обрўсига тўғри келмайди, деган тушунчага борган эдилар. Чунки аввалги чопхоналар мусулмон бўлмаган шахсларга хос бўлиб, Қуръони Каримни чоп этиш фикри ҳам ўша шахслардан чиққан эди. Ҳақиқатда, агар ўша пайтда Қуръони Каримни чоп этишга рухсат берилса, унинг обрўсига тўғри келмас эди.
Вақт ўтиши билан мусулмонлар ҳам чопхона ишларини аъло даражада ўзлайггириб олганларини, Қуръони Каримни кўплаб чоп этишга эса эҳтиёж ниҳоятда ортиб бораётганлигини эътиборга олиб, уламоларимиз муқаддас Китобимиз ҳимояси учун керакли шартларни қўйиб, уни чоп этишга изн бердилар.
Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдаси ана шу тарзда амалга ошиб келмоқда. Аллоҳ таолонинг инояти ила Қуръони Карим ҳозиргача У Зотнинг ҳузуридан қандай нозил бўлган бўлса, бирор ҳарфи ўзгармай, ўшандай ҳолида турибди.
Тарих давомида душманлар Қуръони Каримга ўзгартириш киритиш учун турли йўллар билан ҳаракат қилдилар, аммо Ислом уммати доимо ҳушёр турди. Ҳар бир янги пайдо бўлган Қуръони Карим нусхасини дарҳол синчковлик билан текшириб, хатоси бўлса, ҳамма томонга жар солиб, ўша яусханинг барча ададларини куйдириш йўлга, қўйилмоқда.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, Қуръони Карим ҳозиргача Аллоҳ нозил қилган ҳолида, заррача ўзгаришсиз ўқилмоқда, ёдланмоқда ва ёзилмоқда.
Бу маънода Қуръони Карим ягона Китобдир.
Қуръони Карим биринчи бор ёзилгандан бошлаб, ҳозиргача бирор ҳарфи ҳам ўзгармагани аниқ.
Қуръони Карим биринчи бор талаффуз қилинганидан бошлаб, ҳозиргача бирор лафзи бошқача талаффуз қилинмагани аниқ.
Бошқа илоҳий китобларда мазкур ҳолни топиб бўлмаслиги ҳаммага, жумладан, ўша китобларга эътиқод қилувчиларга ҳам аён.
Мазкур эътибордан, Қуръони Каримнинг Аллоҳ таоло томонидан ҳозирги ҳолида собит бўлгани қатьий эканига эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам зарур. Қайси бир мусулмон унинг бирор сураси, ояти ёки ҳарфининг собит бўлиши қатъий эканига шубҳа қилса, диндан чиқиб, кофир бўлади.
Юқорида зикр этилиб, шарҳ қилинган таърифдаги ва шаклдаги Қуръони Карим мусулмонлар ўн беш асрдан буён эътиқод қилиб, эъзозлаб, ёд олиб, авлоддан-авлодга нақл қилиб, китоб шаклида ёзиб, ибодатларида тиловат қилиб ва ниҳоят, амал қилиб келаётган илоҳий Китобдир. Дунёдаги бирор ҳарфи ҳам ўзгармай, Аллоҳ таолодан қандай нозил бўлган бўлса, шундай сақланиб келаётган яккаю ягона китоб ҳам худди шу Қуръони Каримдир.
Қуръони Каримнинг бу шаклда муҳофазада бўлиб келаётгани аввало Аллоҳ таолонинг инояти биландир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримнинг Ҳижр сураси, 9-оятида:
«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, Биз унга муҳофазачимиз», деб қўйгандир.
Ана ўша ваъдага биноан, Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз Қуръонини у нозил бўлган биринчи лаҳзадан ҳозирга қадар заррача ўзгаришсиз муҳофаза қилиб келмоқда ва қиёматгача муҳофаза қилади. Чунки У Зот Ўз ваъдасига ҳеч хилоф иш қилмайди.
Биз ожиз бандалар эса Аллоҳ таолонинг мазкур ваъдасининг ҳозиргача юзага чиқишига Ислом уммати сабаб бўлиб келаётганини мулоҳаза қила оламиз, холос. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръони Каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдаси юзага чиқиши учун мусулмон умматини хизматкор қилиб қўйганини кўрамиз. Бундай мисли кўрилмаган буюк масъулиятни адо этишда Ислом умматига Аллоҳ таолонинг Ўзи доимий ёрдамда бўлди.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
УЧИНЧИ ҚИСМ:
Қуръони Каримда насх;
Насх қилинадиган ҳукмларнинг турлари;
Насхнинг ҳикматлари;
Насх билан хослаш орасидаги фарқ;
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни
Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 6 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 7 августда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади
Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг (бундан буён матнда Администрация деб юритилади) фаолиятини тартибга солишдан иборат.
2-модда. Администрация тўғрисидаги қонунчилик
Администрация тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Конституциявий Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
3-модда. Администрациянинг ҳуқуқий мақоми
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлашига кўмаклашадиган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайдиган давлат органидир.
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси доирасида давлат органларининг ва ташкилотларининг, давлат иштирокидаги корхоналарнинг (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) фаолиятини мувофиқлаштиради, мазкур ҳужжатларнинг ижросини мониторинг қилади ва назоратини ташкил этади.
Администрация ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир.
Администрация юридик шахс ҳисобланади, у Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади.
4-модда. Администрация фаолиятининг асосий принциплари
Администрация фаолиятининг асосий принциплари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги, холислик, мустақиллик, очиқлик ҳамда шаффофликдан иборат.
5-модда. Администрацияни шакллантириш
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилади.
Администрацияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация Раҳбари бошчилик қилади.
Администрация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган асосий йўналишлар доирасида амалга оширади.
Администрация Раҳбари ва унинг шартнома асосида жалб қилинадиган маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси, Администрация Раҳбарининг ўринбосарлари, Администрация Раҳбари котибияти мудири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари, уларнинг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллари, Администрация таркибий бўлинмаларининг бошлиқлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари Администрациянинг мансабдор шахслари (бундан буён матнда Администрациянинг мансабдор шахслари деб юритилади) ҳисобланади.
Администрация бошқарув ва хизматчи ходимларининг лавозимлари рўйхати Администрация тўғрисидаги низомда белгиланади.
Администрациянинг регламенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Администрация тўғрисидаги низом, Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари тўғрисидаги низомлар, Администрация таркибий бўлинмалари фаолиятининг асосий йўналишлари ва Администрация ходимларининг штатлар жадвали Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланади.
Администрациянинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомлар, Администрация ходимларининг функционал вазифалари ва Администрация таркибий бўлинмаларининг тузилмалари Администрация таркибий бўлинмаларининг бошлиқлари томонидан тасдиқланади.
6-модда. Администрациянинг асосий вазифалари
Администрациянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;
мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши ҳолатини таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ҳамда янги муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш;
мамлакатда қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таъминлашга ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга кўмаклашиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, куч ишлатишга ваколатли тузилмалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари, мансабдор шахслар фаолиятини мувофиқлаштириш;
давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини ҳимоя қилиш, унинг хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш ҳамда халқ фаровонлигини юксалтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш ҳуқуқлари амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиш;
давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишда уларнинг ролини кучайтиришга қаратилган самарали ҳамкорликни ташкил этиш, умуммиллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш;
ягона давлат кадрлар сиёсати амалга оширилишини ва давлат хизмати ишларининг бошқарилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга оширишга кўмаклашувчи маслаҳат-кенгаш органларининг фаолиятини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мувофиқлаштирилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик сиёсати соҳасидаги ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш ва таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг инсон ҳуқуқларига ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига риоя этилишининг кафили сифатидаги, давлат суверенитетини, хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлаш бўйича ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро муносабатлар билан боғлиқ фаолиятига оид ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролик ва сиёсий бошпана бериш, амнистия ва судлар томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этишга оид масалаларни кўриб чиқиш бўйича ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;
қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Администрация Раҳбари фармойишлари ва топшириқларининг ижро этилишини ташкил этиш, назоратини олиб бориш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш.
2-боб. Администрациянинг фаолиятини ташкил этиш
7-модда. Администрациянинг асосий ваколатлари
Администрация ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги асосий ваколатларга эга бўлади:
Администрацияга белгиланган тартибда киритилган қонунчилик ҳужжатларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари лойиҳаларини якуний ишлаб чиқишни ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Администрация Раҳбарининг фармойишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини мустақил равишда ишлаб чиқиш;
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг долзарб йўналишларини ўрганиш ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари, шу жумладан ҳокимлар бошчилигида ишчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар тузиш;
зарур материаллар ва маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан сўраш ҳамда олиш, шу жумладан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда доимий асосда олиш, барча давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларидан, маълумотлар базаларидан, ахборот-маълумот қайдларидан, архивларидан, маълумотларга ишлов беришнинг автоматлаштирилган тизимларидан ҳамда бошқа ахборот ресурсларидан фойдаланиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш;
давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ҳамда топшириқлар бериш, уларнинг бажарилиши ва натижалари тўғрисида батафсил маълумот талаб қилиш;
қонунларни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларини, Администрация Раҳбарининг фармойишлари ва топшириқларини амалга ошириш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўрганиш, шунингдек ўрганиш натижалари бўйича материалларни аниқланган қоидабузарликларни ва камчиликларни бартараф этиш учун ушбу давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарларига юбориш;
давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини, улар томонидан қонунларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Администрация Раҳбари фармойишлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш ҳолатини баҳолаш, шунингдек бу борада ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун ушбу мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган масала юзасидан ташаббус кўрсатиш;
давлат органлари ва ташкилотлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижроси ва уларга бириктирилган тармоқ (соҳа) бўйича аниқ натижаларга эришишнинг боришини кўриб чиқиш ҳамда муҳокама қилиш мақсадида навбатдан ташқари ҳайъатларни (йиғилишларни) чақириш юзасидан таклифлар киритиш;
ахборот-таҳлилий материалларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ва мутахассисларини жалб этиш;
давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини ташкил этиш ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан ушбу тузилмалар зиммасига юклатилган вазифаларнинг улар томонидан амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
Администрацияга ишга қабул қилиш учун номзодларни давлат органларидан ва ташкилотларидан мустақил равишда танлаб олишни амалга ошириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Администрацияга келиб тушадиган мурожаатлари кўриб чиқилишини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси томонидан кўриб чиқилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан мукофотлаш, кўкрак нишонлари билан тақдирлаш учун номзодларнинг ўрганилишини ташкил этиш;
ўз зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш соҳасидаги давлат сирларини ташкил этувчи архив маълумотларини ҳамда бошқа маълумотларни сақлаш, расмийлаштириш, улардан фойдаланиш ва уларни беришнинг алоҳида тартибини белгилаш, зарур ахборот тизимларини яратиш, шунингдек махфийлик режимини мустақил равишда таъминлаш, унга риоя этилишини назорат қилиш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари бажарилишини текшириш тадбирларини ташкил этиш.
Администрация қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8-модда. Администрация Раҳбарининг ҳуқуқий мақоми
Администрациянинг фаолияти мазкур Конституциявий Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Администрация зиммасига юклатилган вазифаларга ва асосий йўналишларга мувофиқ Администрация Раҳбари томонидан ташкил этилади ҳамда мувофиқлаштирилади.
Администрация Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатларини, шу жумладан давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлашга оид ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш учун масъул мансабдор шахс ҳисобланади.
9-модда. Администрация Раҳбарининг ваколатлари
Администрация Раҳбари:
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлашга оид фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашга раҳбарлик қилади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти мувофиқлаштирувида Администрация фаолиятига раҳбарлик қилади, Администрация таркибий бўлинмаларининг тизимли фаолиятини таъминлайди, Администрациянинг фаолиятини ташкил этишга доир фармойишлар чиқаради;
Администрациянинг ташкилий тузилмасига қўшимча штат бирликларини киритади ва қисқартиради, тегишли соҳалар ва тармоқларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этади ҳамда тугатади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари (бундан буён матнда Олий Мажлис палаталари деб юритилади), суд ҳокимияти ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлигини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш чораларини кўради, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ҳамда куч ишлатишга ваколатли тузилмалар фаолиятига оид ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўради;
Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини назорат қилади, мувофиқлаштиради ҳамда унинг натижадорлигини баҳолашни ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига ўз ваколатлари доирасида топшириқлар беради ҳамда уларнинг ижросини ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти учун ахборот-таҳлилий ва ташкилий материалларни тайёрлашни ташкил этади, жамият ва давлат ҳаёти учун муҳим бўлган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига таҳлилий ахборот киритади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органлари фаолиятини ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўради, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий тусдаги ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни мувофиқлаштиради, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган қонун лойиҳаларини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш жараёнларида ўз вакиллари орқали иштирок этади;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади, шунингдек давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;
давлат органлари ва ташкилотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишиши талаб этиладиган масалаларни кўриб чиқишни ташкил этади;
ҳудудий ривожланиш дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштиради ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолатини мониторинг қилади, шунингдек ҳудудларни ривожлантиришдаги тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилади, уларни лозим даражада бажармаган мансабдор шахсларга нисбатан лавозимдан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чораларини қўллашни ташкил этади, ушбу масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;
давлат органлари учун асосий самарадорлик кўрсаткичлари тизимининг жорий этилишига ва амал қилишига кўмаклашади;
белгиланган тартибда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг ҳуқуқий, молиявий, коррупцияга қарши ҳамда бошқа турдаги экспертизаларини ташкил этади;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига келиб тушган мурожаатларига оид масалалар билан боғлиқ ишларнинг, шунингдек давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича жамоатчилик фикри мониторингининг амалга оширилишини, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг долзарб муаммолари ўрганилишини ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра мамлакат ичида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти манфаатларини ифода этади, халқаро музокаралар ва тадбирларда иштирок этади;
Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотлари билан боғлиқ фаолиятини тартибга солишга ҳамда бу борада уларнинг фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат тусига эга фармойишларни имзолайди;
тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари лавозимларига номзодлар бўйича ҳамда ушбу лавозимдаги раҳбарларни озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади, шунингдек давлат кадрлар сиёсати амалга оширилишини ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган масалалар бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартиб асосида давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс назорати хизмати тузилмаларини, шунингдек улар раҳбарларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари (маслаҳатчи) лавозимларини жорий этади ва тугатади;
Администрация мажлисларида раислик қилади, уларда кўриб чиқилган масалалар юзасидан топшириқларнинг баённомаларини имзолайди;
Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини қонунчиликда белгиланган тартибда хорижий давлатларга хизмат сафарларига юборади.
Администрация Раҳбари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Администрация Раҳбари ўзига тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклифлар тайёрлашда, Администрация Раҳбарининг топшириқлари амалга оширилишини ташкил этиш ва ижросини назорат қилиб боришда, Администрация фаолиятининг марказлашган ҳолда бошқарилишини таъминлашда ҳамда бошқа вазифаларни амалга оширишда кўмаклашиш учун шартнома асосида мустақил маслаҳатчиларни жалб қилиши мумкин.
10-модда. Администрациянинг таркибий бўлинмалари
Администрация Раҳбарининг котибияти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабулхонаси, Администрация Раҳбарининг ўринбосарлари бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари ва вакиллари бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти протоколи, Администрация департаментлари, Комплаенс хизмати, Ишлар бошқармаси ва Администрациянинг ташкилий тузилмасига кирувчи бошқа бўлинмалар Администрациянинг таркибий бўлинмаларидир.
Администрация таркибий бўлинмаларининг асосий вазифалари, фаолияти йўналишлари ва иш тартиби Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланадиган Администрация тўғрисидаги низом билан белгиланади.
Администрация таркибий бўлинмаларининг мақсадли иш фаолияти ҳар йили Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланадиган ҳамда Администрациянинг таркибий бўлинмалари учун чораклик, ярим йиллик ва йиллик амалий натижаларни ўзида акс эттирадиган Администрациянинг фаолият дастурига мувофиқ амалга оширилади.
Администрацияда иш юритиш Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланадиган Ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Администрация ҳузурида тегишли соҳалар ва фаолият йўналишлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ташкил этилиши мумкин.
11-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш
Администрация Раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси, Администрация Раҳбарининг ўринбосарлари, Администрация Раҳбари котибиятининг мудири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллари, Администрациянинг бошқа таркибий бўлинмалари бошлиқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартиб асосида лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларининг биринчи ўринбосарини ва ўринбосарларини ҳамда Администрация таркибий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарини ва ўринбосарларини, Комплаенс хизмати бошлиғини, Канцелярия мудирини ҳамда Администрациянинг бошқарув ва хизматчи ходимларини, шунингдек Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларини ҳамда уларнинг ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Администрация Раҳбари томонидан амалга оширилади.
Администрациянинг мансабдор шахсларига, бошқарув ва хизматчи ходимларига Администрация регламентида белгиланган тартибда хизмат гувоҳномаси берилади.
Хизмат гувоҳномаси ходимнинг Администрацияга мансублигини, унинг шахсини ва лавозимини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
Хизмат гувоҳномаси Администрация ходимининг ушбу Конституциявий Қонунда кўрсатилган ҳуқуқларга эга эканлигини ва ваколатлардан фойдаланишини тасдиқлайди.
Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ушбу ташкилотлар раҳбарлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Администрация Раҳбари билан келишилган ҳолда Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотларидаги лавозимларга тайинланган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг, ҳарбий бўлинмаларнинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ушбу идораларда ҳарбий хизматда қолдирилиши (кадрларнинг амалдаги захирасига киритилиши) мумкин.
12-модда. Администрация ҳужжатлари
Администрация Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, топшириқлари ва ташаббуслари ижросини ташкил этиш мақсадида, шунингдек Администрация Раҳбарининг ваколатларига оид масалалар бўйича ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар ёки топшириқлар чиқаради.
Администрация Раҳбарининг фармойишлари, агар уларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, имзоланган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрация Раҳбарининг фармойишлари ва топшириқларини тўхтатиб туриши, бекор қилиши мумкин.
Администрация Раҳбари ўзи қабул қилган ҳужжатларнинг бажарилиши устидан назоратни бевосита, Администрация таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки республика ижро этувчи ҳокимият органлари орқали амалга оширади.
Администрация Раҳбарининг фармойишлари ва топшириқларини ишлаб чиқиш, келишиш ва Администрация Раҳбарига имзолаш учун киритиш ҳамда Администрация Раҳбарининг фармойишларини эълон қилиш тартиби Администрациянинг регламентида белгиланади.
13-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг ижросини ташкил этиш ҳамда мониторинг қилиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳалари қонунчилик ҳужжатларининг ижроси юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Администрация Раҳбарининг топшириғига кўра, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ташаббуси бўйича, ушбу органлар ва ташкилотлар зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижроси юзасидан ишлаб чиқилади.
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини мустақил равишда ишлаб чиқишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини тайёрлаш, кўриб чиқиш, имзолаш ҳамда эълон қилиш Администрациянинг регламентига мувофиқ амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини вазирликлар ва идоралар томонидан ишлаб чиқиш, келишиш ҳамда Администрацияга киритиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш, назорат қилиш ҳамда бажариш юзасидан ижро интизомининг ҳолатини тизимли равишда ва танқидий жиҳатдан таҳлил қилиш қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Администрациянинг регламентига мувофиқ амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Администрация Раҳбари фармойишлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш бўйича ишларни бевосита назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш мақсадида Администрация Раҳбари барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик муассасаларида Администрация Раҳбарининг вакили лавозимини заруратга кўра жорий этишга ҳақли.
Администрация Раҳбарининг вакиллари Администрация Раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
14-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши фаолиятини ташкил этиш
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, куч ишлатишга ваколатли тузилмалар ҳамда ҳарбий тузилмалар, шунингдек ташқи ишлар сиёсати учун масъул идоралар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши таркибига киритилади ҳамда мазкур кенгаш уларнинг асосий фаолиятини мақсадли бошқарувчи ва уйғунликдаги ҳамкорлигини таъминловчи олий мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг раиси ҳисобланади ҳамда унга бошчилик қилади.
Администрация Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари ҳисобланади ҳамда ушбу кенгаш аъзоларининг фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг ишчи органи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ҳисобланади.
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қуролли Кучларга, мудофаага, сафарбарликка, хавфсизликка ва фавқулодда вазиятларга оид конституциявий ваколатларини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
15-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан устувор ёки стратегик деб белгиланган инвестиция, инфратузилма, саноат, энергетика, транспорт бўйича лойиҳаларнинг, ижтимоий ва бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш, мониторинг ва назорат қилиш
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан устувор ёки стратегик деб белгиланган инвестиция, инфратузилма, саноат, энергетика, транспорт бўйича лойиҳаларнинг, ижтимоий ва бошқа лойиҳаларнинг ўз вақтида, сифатли ҳамда натижали тарзда амалга оширилишини мувофиқлаштиради, мониторинг ва назорат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан устувор ёки стратегик деб белгиланган инвестиция, инфратузилма, саноат, энергетика, транспорт бўйича лойиҳаларнинг, ижтимоий ва бошқа лойиҳаларнинг рўйхати, уларнинг мақсадли кўрсаткичлари, асосий босқичлари ҳамда якуний муддатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, қарорларига, фармойишларига ёки топшириғига асосан Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланади.
16-модда. Администрациянинг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлиги
Администрация Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлик доирасида:
Олий Мажлис палаталари билан давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича доимий мулоқотни таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис палаталарига киритиладиган дастурий ҳужжатларни ва бошқа масалаларни тайёрлашни мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталарига Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этадиган лавозимларга номзодлар ҳамда бошқа масалалар бўйича ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юборилган қонунларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга оид ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлайди.
Администрациянинг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлиги қонунчилик ҳужжатларида ва Администрациянинг регламентида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.
17-модда. Администрациянинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан алоқалари
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (бундан буён матнда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади) ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан алоқалари доирасида:
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг ижросини ташкил этиш доирасида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда унинг бўйсунувидаги давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради, мазкур ҳужжатларнинг ижросини мониторинг қилади ва назоратини ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мурожаатномасида баён этилган топшириқларнинг Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари томонидан самарали ижро этилишини таъминлаш чора-тадбирларининг мониторингини ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ҳамда тугатиш, уларнинг раҳбарларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини тўхтатиш, бекор қилиш бўйича ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;
миллий ривожланиш стратегиялари, давлат дастурлари ва миллий лойиҳаларнинг республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан амалга оширилиши бўйича мониторингни ташкил этади;
Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилишда иштирок этади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказиладиган Вазирлар Маҳкамаси фаолиятига оид йиғилишлар ва муҳокамаларнинг ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан тайёрланишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан кадрлар сиёсатига оид таклифларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этилишини таъминлайди.
Администрация Раҳбари ёки Администрациянинг ваколат берилган мансабдор шахси Вазирлар Маҳкамаси, унинг Раёсати, комиссиялари, кенгашлари, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳайъатлари ҳамда бошқа коллегиал органлари мажлисларида ўз фикр ва мулоҳазалари билан иштирок этишга ҳақли.
Администрациянинг Вазирлар Маҳкамаси билан алоқалари қонунчилик ҳужжатларида ва Администрациянинг регламентида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.
18-модда. Администрациянинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан алоқалари
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш ҳамда давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши фаолиятига кўмаклашади, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фаолиятини мувофиқлаштиради, мониторинг ва назорат қилади.
Администрация:
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг ҳудудларда ижро этилиши юзасидан мониторингни ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятлар ҳокимларини ва Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, қонунларини бузган ёки ҳокимнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлар содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини лавозимидан озод этиш, ҳокимларнинг ҳужжатларини тўхтатиш, бекор қилиш бўйича ваколатлари амалга оширилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолатини мониторинг қилади;
ҳудудларнинг иқтисодий, ижтимоий, инфратузилмавий ва экологик ривожланиш ҳолати, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда ҳудудлар ўртасидаги тафовутлар тизимли равишда таҳлил қилинишини таъминлайди, аниқланган муаммоларнинг ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган таклифлар киритади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ташрифлари, йиғилишлари ва қарорларини тайёрлашни, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этади.
Администрациянинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фаолиятига оид ваколатларини ташкил этиш ҳамда таъминлашга оид бошқа масалалар қонунчилик ҳужжатларида ва Администрациянинг регламентида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
19-модда. Администрациянинг суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлиги
Администрация суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлик доирасида:
Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳамкорликка оид масалалар бўйича таклифлар ва таҳлилий материаллар тайёрлайди;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлигига оид ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;
суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштиради;
суд тизимини ислоҳ қилишга доир таклифларни ишлаб чиқади;
судлар ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти учун зарур ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлайди.
Администрация қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича ҳам суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорликни амалга ошириши мумкин.
20-модда. Администрациянинг Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари билан алоқалари
Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига биноан мувофиқлаштириш ва унинг натижадорлигини баҳолашни ташкил этиш Администрация томонидан амалга оширилади.
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш доирасида:
Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолияти самарадорлигини таҳлил қилади, соҳаларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш мониторингини олиб боради;
Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқади, уларнинг фаолиятини баҳолайди ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни белгилайди;
Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига киритади.
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа йўналишлар бўйича ҳам мувофиқлаштиради.
21-модда. Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари
Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, манфаатлар тўқнашувининг ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш мақсадида ташкил этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти Администрациянинг Комплаенс хизмати томонидан мувофиқлаштирилади.
Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосарлари (маслаҳатчилари) Администрация Раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда улар ўз фаолияти давомида Администрациянинг вакили мақомига эга бўлади.
Администрация Комплаенс хизматининг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда ҳамда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.
3-боб. Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари
22-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини моддий рағбатлантириш
Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг иш ҳақи лавозим маошидан ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборатдир.
Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини моддий рағбатлантириш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
23-модда. Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг ижтимоий таъминоти
Администрациянинг мансабдор шахсларига, бошқарув ва хизматчи ходимларига ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар берилади.
Администрациянинг ишлаш учун бошқа ҳудудлардан таклиф қилинган ҳамда Тошкент шаҳрида уй-жойга эга бўлмаган мансабдор шахсларига, бошқарув ва хизматчи ходимларига лавозимда бўлиш вақтида заруратга кўра, уларнинг аризасига биноан хизмат уй-жойи берилади.
Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими кафолатланган тиббий ёрдамдан ҳамда санаторий-соғломлаштириш хизматларидан ушбу мансабдор шахслар, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-онаси) томонидан фойдаланиш ҳамда бошқа ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали амалга оширилади.
Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари учун аввалги иш жойида берилган ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба (малака) даражалари, малака тоифалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун берилган устамалар ва қўшимча тўловлар сақлаб қолинади.
Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг Администрациядаги узоқ муддатли хизматлари учун қўшимча устамалар белгилашда уларнинг бошқа органлар, ташкилотлар ва муассасалардаги иш стажи (хизмат даври) инобатга олинади.
Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари аввалги иш жойи бўйича ходимлар учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чораларидан Администрация таркибий бўлинмаларида амалда бўлган меҳнат шароитлари ҳисобга олинган ҳолда ҳамда лавозим маоши ва бошқа тўловлар миқдорлари сақланган ҳолда фойдаланади.
Администрациянинг таркибий бўлинмаларида ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни (мартаба (малака) даражаларини, малака тоифаларини, дипломатик даражаларни ва бошқаларни) олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.
Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари учун қўшимча ижтимоий таъминот чоралари белгиланиши мумкин.
24-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини ва бошқарув ходимларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кафолатлари
Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши чоғида давлат ҳимоясида бўлади.
Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришига монелик қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилиш, уларга нисбатан таҳдид ёки зўрлик қилиш, ўз фаолиятини амалга ошириши муносабати билан уларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига тажовуз қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Администрациянинг мансабдор шахсларига ва уларнинг оила аъзоларига (турмуш ўртоғига, фарзандларига ва ота-онасига) умрбод, Администрациянинг бошқарув ходимларига Администрациядаги фаолияти даврига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда биометрик дипломатик паспортлар берилади.
Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-онаси) хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
25-модда. Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг дахлсизлик кафолатлари
Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари дахлсизликка ҳамда иммунитетга эга бўлади.
Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг дахлсизлиги уларнинг ва улар оила аъзоларининг (турмуш ўртоғининг, фарзандларининг ва ота-онасининг) шахсий ҳаётига, турар жойига, хизмат хонасига, улар фойдаланадиган шахсий ва хизмат транспорт воситасига ҳамда алоқа ва коммуникация воситасига, хат-хабарларига, ёзишмаларига, электрон маълумотларига, уларга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга нисбатан татбиқ этилади.
Администрациянинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатишга, уларни жиноий жавобгарликка тортишга, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклайдиган бошқа ҳар қандай процессуал мажбурлов чораларини қўллашга, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишга, суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказишга ёки маъмурий қамоқ жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.
Администрациянинг бошқарув ходимлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда қабул қилган қарорлари, содир этган ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, билдирган фикрлари ва берган кўрсатмалари учун жиноий, маъмурий ёки фуқаровий жавобгарликка тортилмайди.
Администрацияда ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун Администрациянинг бошқарув ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёзма розилигисиз жиноят ишини қўзғатиш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклайдиган бошқа ҳар қандай процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказиш ёки суд тартибида маъмурий жазо ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.
Администрациянинг бошқарув ходими Администрацияда ишлаб турганида ва (ёки) ишдан бўшатилганидан кейин унга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
Администрациянинг бошқарув ходимига нисбатан Администрацияда ишлаб турганида ва (ёки) ишдан бўшатилганидан кейин қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судловига тегишлидир.
Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи ваколатли давлат органлари томонидан махфийлик асосида ҳамкорликка жалб қилиниши, шу жумладан Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам жалб қилиниши тақиқланади.
Администрациянинг мансабдор шахслари ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган дахлсизлик ва иммунитетни Администрациядан бўшатилганидан кейин умрбод, бошқарув ходимлари эса Администрациядан бўшатилганидан кейин беш йил давомида сақлаб қолади.
Ушбу моддада белгиланган қоидаларни бузган ҳолда олинган далиллар қонун ҳужжатларини бузган ҳолда олинган деб ҳисобланади
ва номақбул далиллар деб топилади.
Қонунчилик ҳужжатларига ушбу моддада назарда тутилган дахлсизликка оид қоидаларни бекор қилишга, оғирлаштиришга ёки дахлсизлик қўлланиладиган шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштиришга олиб келадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда, бундай ўзгартиришлар Администрациянинг ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган қоидалар қўлланиладиган мансабдор шахсларига ва бошқарув ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди, шу жумладан улар Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам татбиқ этилмайди.
26-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини ва бошқарув ходимларини ишга жойлаштириш кафолатлари
Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари Администрациядаги лавозимидан озод этилган ҳолларда уларга Администрацияга ишга келгунига қадар эгаллаб турган аввалги лавозимидан камида бир поғона юқори даражадаги лавозим берилади, аввалги лавозимидан юқори лавозим мавжуд (бўш) бўлмаганда эса аввалги лавозимига тенг лавозими ёки уларнинг мутахассислиги ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва ташкилотларидаги камида бир поғона юқори ёки тенг даражадаги лавозим биринчи навбатда берилади, бундан сайланадиган ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари билан тайинланадиган лавозимлардан Администрацияга ишга ўтганлик, меҳнат интизомини бузганлик учун ишдан бўшатилиш ҳоллари мустасно.
4-боб. Якунловчи қоидалар
27-модда. Администрациянинг фаолиятини молиялаштириш
Администрациянинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Администрацияда бюджетдан ташқари жамғармалар тузилиши мумкин, уларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Администрация қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантириладиган хизмат уй-жой фондига эга бўлиши мумкин.
Администрация ўз фаолиятини амалга ошириш учун ахборот-коммуникация тизимларини ва ахборот базаларини, шунингдек ахборотнинг ҳимоя воситаларини, шу жумладан криптографик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқади, яратади ҳамда улардан фойдаланади, Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва ташкилотларининг шу каби тизимларидан ва ахборот базаларидан Администрация ишини самарали равишда амалга ошириш мақсадида, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланади.
28-модда. Администрацияда маълумотларни ҳимоя қилиш
Администрацияда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилиниши, шу жумладан криптографик воситаларни қўллаган ҳолда техник жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.
Администрацияда махфий иш юритиш давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади. Бунда Администрацияда махфийлик режимини таъминлаш, унга риоя этилиши устидан назоратни ташкил этиш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бажариш юзасидан текшириш тадбирларини ўтказиш Администрациянинг Комплаенс хизмати томонидан амалга оширилади.
29-модда. Администрациянинг ҳужжатлари устидан, Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш
Администрациянинг ҳужжатлари устидан, Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
30-модда. Администрация тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Администрация тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
31-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
1. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги 913–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 320-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 241-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 418-модда; 2007 йил, № 4, 163-модда, № 9, 420-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2013 йил, № 12, 350-модда; 2014 йил, № 4, 86-модда, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 6, 228-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 8, 383-модда, № 9, 510-модда, № 12, 772-модда; 2018 йил, № 7, 431-модда; 2019 йил, № 1, 4-модда, № 11, 792-модда, № 12, 891-модда; 2020 йил, № 9, 537-модда; 2021 йил, № 1, 3, 7, 13-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 12, 1198-модда; 2022 йил, № 3, 213-модда, № 6, 570, 577-моддалар, № 10, 984-модда; 2023 йил, № 1, 2-модда, № 10, 794-модда, № 12, 1003-модда; 2024 йил, № 8, 823-модда, № 10, 1075-модда; 2026 йил, № 4, 365-модда) 21-моддасининг тўртинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикасининг Президенти билан келишилган ҳолда» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан белгиланадиган тартибда» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августда қабул қилинган «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги 474–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 232-модда; 1998 йил, № 5–6, 102-модда; 1999 йил, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 7–8, 217-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда, № 9–10, 182-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 5, 152-модда, № 9, 312-модда, № 12, 415-модда; 2006 йил, № 10, 536-модда; 2007 йил, № 12, 608-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 12, 474-модда; 2010 йил, № 9, 336-модда; 2012 йил, № 4, 105-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 12, 385-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 12, 773-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4-моддалар; 2019 йил, № 1, 1, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 166-модда, № 5, 267-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 3, 215-модда; 2026 йил, № 6, 625-модда) 10-моддасининг иккинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда лавозимга» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрда қабул қилинган «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги ЎРҚ–344-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 12, 335-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 9, 506-модда, № 10, 605-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда, № 2, 47-модда, № 9, 589-модда, № 12, 891-модда; 2020 йил, № 12, 689-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 6, 524-модда; 2024 йил, № 3, 244-модда) 17-моддасининг иккинчи қисми «судьялар» деган сўздан кейин «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ходимлари» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
4. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 16 сентябрда қабул қилинган «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги ЎРҚ–407-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 9, 272-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 9, 588, 591-моддалар, № 10, 674-модда, № 12, 891-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 5, 466-модда, № 6, 570-модда, № 10, 984-модда; 2023 йил, № 7, 537-модда; 2024 йил, № 3, 244-модда, № 9, 958, 964-моддалар, № 11, 1291-модда; 2025 йил, № 12, 1329-модда; 2026 йил, № 1, 2-модда, № 4, 355-модда, № 5, 499-модда) 14-моддасининг иккинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги ЎРҚ–682-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 4, 288-модда; 2022 йил, № 3, 213-модда, № 8, 788-модда, № 10, 983-модда; 2023 йил, № 8, 629-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 109-модда, № 9, 955-модда, № 10, 1075, 1076-моддалар; 2025 йил, № 4, 516-модда; 2026 йил, № 3, 256-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 6-модда:
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари»;
олтинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошилари тегишинча еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
2) қуйидаги мазмундаги 121-модда билан тўлдирилсин:
«121-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари асосида ҳамда уларнинг ижросини, Администрациянинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар қабул қилади»;
3) 16-модданинг учинчи қисми «Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари» деган сўзлардан кейин «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
4) 36-модда:
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишларига нисбатан – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари»;
олтинчи – тўққизинчи хатбошилари тегишинча еттинчи – ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 25 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги ЎРҚ–982-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 10, 1081-модда; 2025 йил, № 12, 1327-модда; 2026 йил, № 4, 365-модда) 20-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:
еттинчи қисм қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади»;
қуйидаги мазмундаги саккизинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади»;
саккизинчи – ўн учинчи қисмлар тегишинча тўққизинчи – ўн тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин.
32-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
33-модда. Қонунчиликни ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Конституциявий Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
34-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Конституциявий Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти
Ш. Мирзиёев