Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Бирортангиз бир иш қилса, Аллоҳ ўша ишни яхшилаб қилишингизни яхши кўради”.
Зеро, ҳар бир ишни энг мукаммал ўринга қўйиб бажариш эҳсондир.
Ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
“Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг”.
Ҳар бир ишнинг ўз эгаси – мутахассиси бор. Кучли, билимли, омонатдор ва ҳалол мутахассис ўзига топширилган вазифани маромига етказиб бажаради. Қолаверса касб соҳиби яъни иш эгаси ўз касбини севадиган ва унга умрини бағишлаган бўлади. Айнан мана шу омил касб эгалари учун энг муҳим мезонлардандир.
Зеро, касб танлаш инсон ҳаёти ва тақдирига таъсир этиши мумкин.
Олимларнинг таъкидлашича, ҳар бир инсон касб танлашда ўзининг феъл-атвори, қизиқишларини ҳисобга олиши керак. Касбнинг “обрўли”, “сердаромад” ва “имконияти катта” жиҳатлари эмас, балки ҳар бир инсоннинг феъл-атвори ҳамда дунёқарашига мос келиши – жуда муҳим. Агар аксинча бўлса, ҳар қанча кўп пул тўланмасин, иши унмай, касалликларга чалиниш хавфи шунча кўп бўлар экан. Номақбул иш фаолияти – инсон ҳаётига алькоголь, наркотик моддалари ва урушлардан ҳам кўпроқ хавф солади, дейди олимлар. Бу борада дунё бўйлаб кузатилган статистика қуйидагича:
Ҳар йили ишлаб чиқаришда ва касб касалликларидан 2 миллиондан зиёд инсон нобуд бўлади — шунингдек, уруш ва ҳарбий можаролардан 650 мингга яқин инсон нобуд бўлар экан.
Айниқса, ривожланган мамлакатларда иш учун берилаётган қурбонлар сони юқори. Масалан, ҳар йили бир неча юзлаб япон ўта толиқиш оқибатида тўппа-тўғри иш жойининг ўзида бандаликни бажо келтиради.
Ёкоҳома университети тадқиқотчилариниг ёзишича ҳафтасига ўрта ҳисобда бир нафар одам руҳий зўриқишларга дош бера олмай, депрессия оқибатида турли ноҳушликларга дуч келар экан.
Илгари хавфли касблар ҳақида гап кетганда, журналистика ва кончи-шахтёрлик касблари тилга олинарди. Аслида, бу мезонлар ҳам ўзгарувчандир.
Бизнингча, у ёки бу касбнинг “хавфлилиги”ни аниқлагандан кўра, ҳар ким аввало, ўзига мос касбни танлагани маъқул. Ҳадисда айтилганидек “Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг”. Қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, агар одам ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлса, унга бўлган талаб доимо юқори бўлади. Ўз навбатида бундай кишининг соғлиғи, обрўси, кайфияти ва даромади ҳамиша яхши бўлаверади.
Олимлар ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра, қуйидаги касб эгалари руйиҳ зўриқишга ўта мойил бўлар экан:
1 – ўрин. Олимлар ва ўқитувчилар. Узлуксиз изланиш, такрорий тадқиқотлар олимларни, ота-оналар, раҳбарият томонидан назорат ва босимнинг кучайиши, болаларнинг қулоқсизлиги ва бир маромдаги иш эса педагоглар асаб тизимини ишдан чиқариши барчамизга маълум.
2 – ўрин. Ижод аҳли – шоирлар, ёзувчилар, журналистлар ва режиссёрлар. Бу касбларнинг эгалари аксарият ҳолларда машаққатли ижод қилиб, вақтида дам олмайдилар. Қолаверса бу тоифа кишилари мақтовга ўч ва танқидни суймайдиганлар тоифасига киради. Бундан ташқари, уларга бироз манманлик хусусияти хос бўлиб, бу ҳам ортиқча асаббузарлик келтириб чиқаради.
3 – ўрин. Жамоатчилик фаоллари – телебошловчилар, сиёсатчилар ва шоу-бизнес вакиллари. Сабаби – турмуш тарзидан қатъи назар, улар жамоатчилик олдида доим яхши кайфиятда бўлишга мажбур.
Тадқиқот натижаларига кўра, сўнгги ўрин хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларига тааллуқли. Баъзи инжиқ мижозларнинг талаблари бу соҳа вакилларининг силласини қуритиб юборади.
Аммо, нима бўлганда ҳам ҳар бир инсон ўзига муносиб, ишидан завқланадиган касб ёки ҳунарни эгаллагани мақсадга мувофиқдир. Шунда, жамият ҳам ривожланиб, мамлакатмиз янада тараққий этади.
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дунёга нисбатан ва обрў-эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва фирқаларга бўлинишни қоралайди, тарафкашликни жоҳилият ҳолатига ўхшатади.
Мутаассибликнинг турли кўринишлари бор бўлиб, улар кишининг ўзи, мол-дунёси, фарзандлари, миллатини бошқалардан афзал билиб, бу йўлда ашаддий равишда курашиши демакдир. Мўътабар манбаларимизда ота-боболари ва ўзининг насаби билан фахрланиш туйғуси кишини дўзахга тортади деб таъкидланган.
Мутаассиблик турларидан бири бу диний мутаассибликдир. Диний мутаассиблик деганда, маълум бир динда асос бўлган, ушбу дин вакиллари амал қиладиган таълимот ва қоидаларга қарши чиқиш, диний тушунчаларни шариат кўрсатмаларига зид равишда ўзича талқин қилиб, бошқаларни унга эргашишга чорлаш назарда тутилади. Диний мутаассибликнинг энг катта хатарларидан бири бу, динлараро мулоқотга раҳна солишдир.
Динда мутаассибона ҳаракат, динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қораланади. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетиш тушунилади. Бу иш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир. Бу борада Аллоҳ таоло Бақара сурасида “Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир”, деб марҳамат қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир” деб уқтирганлар.
Шундай экан, бугунги кундаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошиш эканлигини ҳаммамиз чуқур англашимиз лозим. Хулоса ўрнида, бу каби муаммоларнинг ечими сифатида Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий жанобларининг ушбу сўзларини келтириш билан якунлаймиз: “Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда ва бошқа динларда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…”.
Аллоҳ таъоло барчамизни ҳақ йўлдан адаштирмасин.
Косонсой тумани "Содод" жоме масжиди имом-хатиби
Баҳодир Мирфайзиев
Манба: @Softalimotlar