Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пойдеворга асос солиниши
Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ер юзида қайси масжид биринчи бўлиб қурилган?» дедим. У зот: «Масжидул Ҳаром», дедилар. «Кейин қайси?» дедим. У зот: «Масжидул Ақсо», дедилар. «Икковининг орасида қанча ўтган?» дедим. У зот: «Қирқ йил. Қачон бўлмасин, сенга намоз тўғри келса, дарҳол ўқиб ол, чунки фазилат шунда», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).
Одам алайҳиссалом
Қуртубий айтади: «Байтул Мақдисни биринчи бўлиб ким қургани ҳақида ихтилоф бор. Ривоят қилинишича, биринчи бўлиб Байтни, яъни Байтул Ҳаромни Одам алайҳиссалом қурганлар. Байтул Мақдисни у кишидан қирқ йил кейин ўғиллари қурган бўлиши мумкин. Аллоҳнинг изни билан фаришталар пойдевор қургандан кейин Байтни қурган бўлишлари ҳам мумкин. Ҳаммасининг эҳтимоли бор. Валлоҳу аълам» («Жомеъ ли аҳкаамил Қуръан», 4-жилд, 138-бет).
Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да шундай деган: «Масжидул Ақсони биринчи бўлиб Одам алайҳиссалом қурган. Фаришталар, Сом ибн Нуҳ алайҳиссалом, Яъқуб алайҳиссалом ҳам қурган дейишади… Мен «Одам алайҳиссалом иккала масжидни ҳам қурган» деганларни қувватловчи далилни топдим. Ибн Ҳишом «Китобут-тийжон»да: «Одам Каъбани қургач, Аллоҳ унга Байтул Мақдис сари бориб, уни ҳам қуришга буюрди. У зот уни қуриб, унда ибодат қилдилар», деган».
Суютий «Сунану Насоий»нинг шарҳида шундай деган: «Масжидул Ақсони Одам алайҳиссаломнинг ўзи барпо қилган. Иброҳим ва Сулаймон алайҳиссаломлар эса уни янгилашган».
Иброҳим алайҳиссалом
Ибн Ҳажар Асқалонийнинг айтишича, Ибн Жавзий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қирқ йил» деган сўзларининг шарҳида бу мантиқан тўғри кемаслигини айтган. Чунки Масжидул Ҳаромни Иброҳим алайҳиссалом қурган, Байтул Мақдисни Сулаймон алайҳиссалом қурган дейдиган бўлсак, ораларида минг йилдан кўп муддат бор. Кейин Ибн Жавзий бу номувофиқликка шундай жавоб берган: «Каъбани илк бор қурган зот Иброҳим алайҳиссалом эмас. Байтул Мақдисни илк бор қурган зот Сулаймон алайҳиссалом ҳам эмас… Бизга ривоятларда етиб келишича, Каъбани илк бор Одам алайҳиссалом барпо қилганлар. Кейин у зотнинг авлодлари ер юзида тарқаб кетишган. Уларнинг бири Байтул Мақдисни қурган бўлиши мумкин. Кейин эса, Қуръонда айтилганидек, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қурганлар» («Фатҳул Борий», 6-жилд, 407-бет).
Қуртубий шундай деган: «Бу ҳадис Иброҳим ва Сулаймон алайҳимассалом биринчи бўлиб икки масжиднинг пойдеворига асос солганига далолат қилмайди, уларнинг ишлари бошқалар қурган масжидни янгилаш бўлган».
Аксар муфассирлар «Иброҳим алайҳиссалом Масжидул Ақсони рисолати ва даъватига иймон келтирган фарзандлари ва зурриётларидан иборат бўлган мусулмон умматига масжид бўлиши учун унинг биносини янгилаган», дейишади.
Масжидул Ақсога имом бўлиш Иброҳим алайҳиссаломнинг солиҳ зурриётлари қўлида давом этиб келган.
Ибн Касир шундай деган: «Яъқуб ибн Исҳоқ алайҳимассаломнинг даврида Масжидул Ақсонинг Иброҳим алайҳиссалом қуриб кетган биноси эскириб кетганидан кейин қайта қурилган» («Бидоя ван-Ниҳоя», 1-жилд, 184-бет).
Шиҳобиддин Мақдисий шундай деган: «Бу иш бинони янгилаш бўлган» («Мусийрул ғаром», 134-бет).
Сулаймон алайҳиссалом
Мусулмонлардаги ишончли, собит шаръий далилларга кўра, Масжидул Ақсони Сулаймон алайҳиссалом қурганлар. Лекин у зот пойдеворга асос солмаганлар, балки масжиднинг биносини ибодат қилиш учун тайёрлаб, кенгайтириб, янгилаганлар.
Насоий, Ибн Можа ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Сулаймон ибн Довуд Байтул Мақдисни қуриб бўлгач, Аллоҳдан учта нарса сўраганлар: У Зотнинг ҳукмига тўғри келадиган ҳукмни, ўзидан кейин ҳеч кимга берилмайдиган салтанатни, бу масжидга фақат намоз ўқиш учунгина келган ҳар бир одамни гуноҳларидан худди онасидан туғилгандек (поклаб) чиқаришини. Менга иккитаси берилди. Учинчиси ҳам берилишини умид қиламан».
Имом Нававий «Саҳиҳ Муслим»нинг шарҳида шундай деган: «Бу икки масжиднинг пойдеворига асос солган зот Одам алайҳиссалом экани ворид бўлган. Шу билан бирга Иброҳим Масжидул Ҳаромни, Сулаймон Байтул Мақдисни қургани, орада қирқ йил ўтгани ҳақидаги бироз ихтилофлар бор. Демак, бу икки зот бинони фақат янгилаган, холос деган хулоса келиб чиқади».
Қуртубий «Жомеъ ли аҳкамил Қуръан»да шундай деган: «У Зотнинг «Эсла, вақтики, Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб…» деган ояти ҳамда Насоий ривоят қилган ҳадис Иброҳим ва Сулаймон алайҳимассаломнинг пойдеворга асос солганига эмас, балки бошқалар асос солган бинони янгилаганига далолат қилади».
Имом Бағавий ўз тафсирида шундай деган: «Байтул Мақдис Бухтанассир ғазот қилгунича Сулаймон қуриб кетган шаклда бўлган. У шаҳарни харобага айлантириб, масжидни бузиб, шифти ва деворларидаги тилла, кумуш, дур, ёқут ва бошқа жавҳарларни олиб, Ироқ еридаги ўз мамлакатига ташиб кетган, дейишади».
Кўриниб турибдики, Сулаймон Байтул Мақдисда қилган иши Ҳайкалнинг пойдеворига асос солиш бўлмаган, балки муборак Масжидул Ақсони янгилаш бўлган. Худди Иброҳим алайҳиссалом Масжидул Ҳаромни янгилагани каби. Масжидул Ақсо Сулаймон, Мусо, Яъқуб ва Иброҳим алайҳимуссаломлардан олдин ҳам бўлган…
«Масжидул Ақсо: ҳақиқат ва тарих» китобидан
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси
Маккада бўлиб ўтаётган 46-Саудия халқаро қорилар мусобақасининг иккинчи кунида 28 мамлакатдан 33 нафар эркак ва аёл мусобақа қатнашчилари ўзаро беллашди.
ИҚНА "Саудия ахборот агентлиги"га таяниб хабар беришича, Маккада Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги шафелигида ўтказилган танловнинг финал босқичи турли мамлакатлардан келган эркаклар ва аёллар иштирокида давом этди.
Тадбирнинг иккинчи кунида эркаклар ва аёллардан иборат ҳакамлар ҳайъати 28 мамлакатдан 33 нафар эркак ва аёл иштирокчининг Қуръон тиловатига баҳо берди.
Икки босқичда, эрталаб ва кечқурун ўтказилган ҳакамлар ҳайъати Катта масжид ҳовлисида 17 нафар эркак ва танлов ўтказиладиган жойдаги аёллар бўлимида 16 нафар аёлни ўз ичига олди. Шундай қилиб, биринчи ва иккинчи кунларда эркаклар ва аёллар ҳайъати олдида янграган чиқишларнинг умумий сони 40 дан ортиқ мамлакатдан 66 тага етди.
Тадбир келаси пайшанбагача (2026 йил 20 август) давом этади, бу иштирокчиларнинг Саудия Арабистонидан жўнаб кетиш куни бўлади. Қуръон илмлари, қироат ва қироат қоидалари бўйича эркак ва аёл мутахассислардан иборат ҳакамлар гуруҳи электрон ҳакамлик тизимидан фойдаланган ҳолда чиқишлар, қорилар ва матнни ёд олган ижрочиларни баҳолайди, бу эса баҳолашнинг аниқлигини оширади ва турли йўналишларда адолатни таъминлайди.
Айни пайтда 133 мамлакатдан 334 нафар эркак ва аёл беш йўналишда, жумладан, етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.
Тадбир 6 август куни бошланган бўлиб, унинг мақсади ёш мусулмонларни Қуръонни ёдлаш ва тушунишга, ояти карималар устида мулоҳаза юритишга ва ҳалол рақобатни яратишга ундашдир.
Ушбу мусобақада у бошланганидан бери рекорд даражадаги иштирокчилар - 133 мамлакатдан 334 киши иштирок этди ва умумий соврин жамғармаси 10 260 000 саудия риалини ташкил этди, бу мусобақа бошланганидан бери энг юқори миқдордир.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати