frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Масжидул Ақсони ким қурган?

19.06.2020   8492   6 min.
Масжидул Ақсони ким қурган?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пойдеворга асос солиниши

Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ер юзида қайси масжид биринчи бўлиб қурилган?» дедим. У зот: «Масжидул Ҳаром», дедилар. «Кейин қайси?» дедим. У зот: «Масжидул Ақсо», дедилар. «Икковининг орасида қанча ўтган?» дедим. У зот: «Қирқ йил. Қачон бўлмасин, сенга намоз тўғри келса, дарҳол ўқиб ол, чунки фазилат шунда», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

 

Одам алайҳиссалом

Қуртубий айтади: «Байтул Мақдисни биринчи бўлиб ким қургани ҳақида ихтилоф бор. Ривоят қилинишича, биринчи бўлиб Байтни, яъни Байтул Ҳаромни Одам алайҳиссалом қурганлар. Байтул Мақдисни у кишидан қирқ йил кейин ўғиллари қурган бўлиши мумкин. Аллоҳнинг изни билан фаришталар пойдевор қургандан кейин Байтни қурган бўлишлари ҳам мумкин. Ҳаммасининг эҳтимоли бор. Валлоҳу аълам» («Жомеъ ли аҳкаамил Қуръан», 4-жилд, 138-бет).

Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да шундай деган: «Масжидул Ақсони биринчи бўлиб Одам алайҳиссалом қурган. Фаришталар, Сом ибн Нуҳ алайҳиссалом, Яъқуб алайҳиссалом ҳам қурган дейишади… Мен «Одам алайҳиссалом иккала масжидни ҳам қурган» деганларни қувватловчи далилни топдим. Ибн Ҳишом «Китобут-тийжон»да: «Одам Каъбани қургач, Аллоҳ унга Байтул Мақдис сари бориб, уни ҳам қуришга буюрди. У зот уни қуриб, унда ибодат қилдилар», деган».

Суютий «Сунану Насоий»нинг шарҳида шундай деган: «Масжидул Ақсони Одам алайҳиссаломнинг ўзи барпо қилган. Иброҳим ва Сулаймон алайҳиссаломлар эса уни янгилашган».

 

Иброҳим алайҳиссалом

Ибн Ҳажар Асқалонийнинг айтишича, Ибн Жавзий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қирқ йил» деган сўзларининг шарҳида  бу мантиқан тўғри кемаслигини айтган. Чунки Масжидул Ҳаромни Иброҳим алайҳиссалом қурган, Байтул Мақдисни Сулаймон алайҳиссалом қурган дейдиган бўлсак, ораларида минг йилдан кўп муддат бор. Кейин Ибн Жавзий бу номувофиқликка шундай жавоб берган: «Каъбани илк бор қурган зот Иброҳим алайҳиссалом эмас. Байтул Мақдисни илк бор қурган зот Сулаймон алайҳиссалом ҳам эмас… Бизга ривоятларда етиб келишича, Каъбани илк бор Одам алайҳиссалом барпо қилганлар. Кейин у зотнинг авлодлари ер юзида тарқаб кетишган. Уларнинг бири Байтул Мақдисни қурган бўлиши мумкин. Кейин эса, Қуръонда айтилганидек, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қурганлар» («Фатҳул Борий», 6-жилд, 407-бет).

Қуртубий шундай деган: «Бу ҳадис Иброҳим ва Сулаймон алайҳимассалом биринчи бўлиб икки масжиднинг пойдеворига асос солганига далолат қилмайди, уларнинг ишлари бошқалар қурган масжидни янгилаш бўлган».

Аксар муфассирлар «Иброҳим алайҳиссалом Масжидул Ақсони рисолати ва даъватига иймон келтирган фарзандлари ва зурриётларидан иборат бўлган мусулмон умматига масжид бўлиши учун унинг биносини янгилаган», дейишади.

Масжидул Ақсога имом бўлиш Иброҳим алайҳиссаломнинг солиҳ зурриётлари қўлида давом этиб келган. 

Ибн Касир шундай деган: «Яъқуб ибн Исҳоқ алайҳимассаломнинг даврида Масжидул Ақсонинг Иброҳим алайҳиссалом қуриб кетган биноси эскириб кетганидан кейин қайта қурилган» («Бидоя ван-Ниҳоя», 1-жилд, 184-бет).

Шиҳобиддин Мақдисий шундай деган: «Бу иш бинони янгилаш бўлган» («Мусийрул ғаром», 134-бет).

 

Сулаймон алайҳиссалом

Мусулмонлардаги ишончли, собит шаръий далилларга кўра, Масжидул Ақсони Сулаймон алайҳиссалом қурганлар. Лекин у зот пойдеворга асос солмаганлар, балки масжиднинг биносини ибодат қилиш учун тайёрлаб, кенгайтириб, янгилаганлар.

Насоий, Ибн Можа ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Сулаймон ибн Довуд Байтул Мақдисни қуриб бўлгач, Аллоҳдан учта нарса сўраганлар: У Зотнинг ҳукмига тўғри келадиган ҳукмни, ўзидан кейин ҳеч кимга берилмайдиган салтанатни, бу масжидга фақат намоз ўқиш учунгина келган ҳар бир одамни гуноҳларидан худди онасидан туғилгандек (поклаб) чиқаришини.  Менга иккитаси берилди. Учинчиси ҳам берилишини умид қиламан».

Имом Нававий «Саҳиҳ Муслим»нинг шарҳида шундай деган: «Бу икки масжиднинг пойдеворига асос солган зот Одам алайҳиссалом экани ворид бўлган. Шу билан бирга Иброҳим Масжидул Ҳаромни, Сулаймон Байтул Мақдисни қургани, орада қирқ йил ўтгани ҳақидаги бироз ихтилофлар бор. Демак, бу икки зот бинони фақат янгилаган, холос деган хулоса келиб чиқади».

Қуртубий «Жомеъ ли аҳкамил Қуръан»да шундай деган: «У Зотнинг «Эсла, вақтики, Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб…» деган ояти ҳамда Насоий ривоят қилган ҳадис Иброҳим ва Сулаймон алайҳимассаломнинг пойдеворга асос солганига эмас, балки бошқалар асос солган бинони янгилаганига далолат қилади».

Имом Бағавий ўз тафсирида шундай деган: «Байтул Мақдис  Бухтанассир ғазот қилгунича Сулаймон қуриб кетган шаклда бўлган. У шаҳарни харобага айлантириб, масжидни бузиб, шифти ва деворларидаги тилла, кумуш, дур, ёқут ва бошқа жавҳарларни олиб, Ироқ еридаги ўз мамлакатига ташиб кетган, дейишади».

Кўриниб турибдики, Сулаймон Байтул Мақдисда қилган иши Ҳайкалнинг пойдеворига асос солиш бўлмаган, балки муборак Масжидул Ақсони янгилаш бўлган. Худди Иброҳим алайҳиссалом Масжидул Ҳаромни янгилагани каби. Масжидул Ақсо Сулаймон, Мусо, Яъқуб ва Иброҳим алайҳимуссаломлардан олдин ҳам бўлган…

 «Масжидул Ақсо: ҳақиқат ва тарих» китобидан
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

14.08.2026   55808   3 min.
Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.

Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.

Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.

Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.

Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари