Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Истанбулнинг энг муҳим тарихий жойларидан бири Aясофии масжидида таъмирлаш ишлари бошланганини маълум қилди.
IQNA агентлиги “Hurriyet Daily” нашрига таяниб хабар беришича, Туркия Маданият ва туризм вазирлиги мамлакатнинг энг йирик шаҳридаги энг муҳим тарихий масканлардан бири бўлган Aясофия масжидини таъмирлаш ишлари бошланганини билдирди.
Вазирлик баёнотига кўра, Туркия Маданият ва туризм вазирлиги томонидан бошланган таъмирлаш лойиҳаси 1 500 йиллик бинонинг “асрлар давомида қадимийлигини йўқотгани” учун амалга оширилмоқда.
Мутахассислар эрамиздан аввалги 6-асрга оид бу тарихий бино ичи ва ташқарисида катта зарарни аниқлади.
50 йилдан ортиқ давом этиши мумкин бўлган янгилаш ва таъмирлаш ишлари объектни тўлиқ ёпиб қўймасдан, босқичма-босқич амалга оширилади, деди расмийлар.
Дастлаб, ибодатхона, кейинроқ Усмонли император масжиди сифатида фаолият юритган бу тарихий бино 1935 йилда музей сифатида қайта очилган ва Усмонли ҳамда Византия санъатининг ўзига хос хусусиятларини намойиш этади. 2020 йилда бу бино яна масжидга айлантирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.
Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.
Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.
Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.
Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати