Куни кеча муҳтарам Юртбошимиз халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзоладилар. Фармонга мувофиқ, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 нафар фуқаро афв этилди.
Ушбу инсонпарварлик, кечиримлилик ва ғамхўрлик рамзи бўлган эзгу иш 258 нафар оилани янги ҳаётга қайтаришга, ушбу хонадонлардаги моддий ва маънавий муҳитни соғломлаштириш, мунғайган кўнгиллар шод ва хотиржам бўлишига хизмат қилади.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик, халқимизга хос бағрикенглилик, йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш, кечиримлилик сиёсатининг, олийжаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларини муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлишининг ёрқин ифодаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари томонидан Рамазон ҳайити арафасида кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик юртимиздаги барча инсонпарвар, меҳр-оқибатли кишиларни хурсанд қилди.
Дарҳақиқат, кечиримли бўлиш ҳамма вақт инсонлар ва жамиятга кўпдан-кўп манфаат ва муваффаққиятлар келтирган. Шу билан бирга кечиримли бўлиш мўмин-мусулмонлар учун юксак фазилатлардандир.
Кечиримлилик инсоннинг улуғ сифатларидан биридир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай баён қилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур”. (Фуссилат сураси 34-оят)
Яна бир ояти каримада шундай марҳамат қилинади: “Кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир.”. (Шўро сураси 40-оят).
Афв гўзал ва мақталган ахлоқлардан бўлиб, Аллоҳ таоло Ўз набийси Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўмин-мусулмон бандаларига ушбу сифат билан зийнатланишга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199 оят).
Афв этилганларга тиконли сим орқасида ўтириш эмас, балки ўз ҳалол мехнати билан ўз номини оқлаш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишга тарихий имконият берилди. Энди ушбу фуқаролар имкониятдан самарали фойдаланишлари, оиласига бош-қош бўлишлари, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳукуматимизнинг ишончига амалий шукрона билан жавоб қайтаришлари, шу юрт равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим.
Афв этилганлар эса ушбу ишончни суистеъмол қилмасликлари, берган ваъдаларига ҳиёнат қилмасликлари нафақат фуқаровий бурчи, балки шариатимиз талаби ҳам ҳисобланади.
Яна таъкидлаш лозимки, юртимизда олиб борилаётган бундай инсонпарварлик, халқимизга хос бағрикенглилик, адашганга тўғри йўл кўрсатиш, кечиримлилик сиёсатининг, меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларини муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлишининг ёрқин ифодаси бўлди десак муболаға бўлмайди.
Аллоҳ таоло барчаларимизни неъматларга шукр қилиш, кечиримли бўлишимизни насиб айласин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазоти шаҳидларини дафн қилаётиб: «Абдуллоҳ ибн Ҳаром билан Амр ибн Жамуҳни битта қабрга қўйинглар. Улар бир-бирини яхши кўрар эди!» дедилар.
Аслида, ўлим фироқ эмас. Ҳаммамиз куни келиб вафот этамиз. Ҳақиқий фироқ биримиз жаннатда яна биримиз дўзахда бўлишимиздир.
Ажойиб нарса ўқиган эдим. Бир киши бувисининг бир одати ҳақида шундай ёзган эди: «Бувим бизни бомдод намозига уйғотиб: «Туринглар! Жаннатда сонимиз камайиб қолишини истамайман», дер эдилар».
Ким сизни ҳақиқий яхши кўрса, у дўзахга тушишингизни истамайди. Иброҳим алайҳиссалом оталари Озарни яхши кўришларига қаранг. У киши бундай деган эдилар: «Эй ота! Мен сизни Раҳмоннинг азоби ушлашидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингиздан қўрқаман» (Марям сураси, 45-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини гўзаллигига боқинг: «Улар бир-бирини яхши кўрар эди!».
Инсоннинг ўзгалар олдида муҳаббат, шижоат, саховат ва олийжаноблик каби чиройли сифатлар билан танилиши нақадар гўзал! Унинг номи зикр қилинганида тингловчининг юзида унинг сурати худди қип-қизил юрак сингари порласа. Шунингдек, унинг сурати биз қўяётган гўзал иборалар ортида ҳам порлаб турса!
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ «Сияру аъломин нубало» китобида Муҳаммад ибн Маймун ҳақида бундай ёзади: «Абу Ҳамза Сукарий Муҳаммад ибн Маймун ал-Марвазий. У шакар сотгани учун «сукарий» дейилмаган. Унинг сўзлари ширинлиги учун шу ном билан танилган!».
Бизни танийдиганлар ҳам исмларимизни уларга қиладиган муомаламиз туфайли сифатларимизга алиштириб олишганида нима бўлар эди?!
Ота-онамиз бизга «Ота-онани рози қиладиган, муборак ва яхшилик қиладиган ўғил», деб ном қўярмиди ёки «сурбет, қўпол ва оқпадар ўғил» дебми?!
Хотинимиз бизга «Меҳрибон, сахий ва бағрикенг эр», деб ном қўярмиди ёки «қайсар ва қаттиққўл эр» дермиди?!
Эрлар аёлига «меҳрибон, суюкли, олийжаноб ва сабрли хотин», деб ном қўярмиди ёки «бағритош, тили заҳар ва қўпол сўзли хотин» дебми?!
Қўшнингиз сизни «сахий ва марҳаматли» дермиди ёки «хиёнаткор, очкўз ва бадхулқ қўшни» деб атармиди?!
Ҳамкасбингиз сизни «сир сақлайдиган, ишончли, тарбияли ва одобли ҳамкасб» дермиди ёки «чақимчи ва шарманда» деб ном қўярмиди?!
Исмларимиз бизники. Сифатларимиз эса одамларники. Улар бизга муомаламизга қараб сифат беришади. Куни келиб исмлар кетади, сифатлар қолади. Ортимизда бизга Аллоҳдан раҳм қилишини сўраб турадиганлар қолсин!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди