Мўмин-мусулмонларнинг ўзаро меҳрибончиликларини зиёда қилиб, топган неъматларини ифторликлар, фитр садақалари, закотлар каби василалар-ла баҳам кўришга даъват этувчи муборак рамазон ойи ҳам бир пасда ниҳоясига етай деб қолди.
Аллоҳ таолонинг Ўзига аён бўлган ҳикмати ила дунё бўйлаб кенг ёйилиб кетган коронавирус сабаб бўлиб, бу йилги Рамазон бошқа йиллардагидан бошқачароқ ўтяпти.
Маълумингизки, Рамазон – инсонларни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан озиқлантирадиган ой. Шунинг учун ҳам ҳар йили Рамазон кириб келганидан то охиригача мусулмонлар диёрида байрам нафаси уфуриб туради. Чунки бу ойда Қуръони карим нозил бўлган. Каломи шариф шарофати билан Рамазон кунлари файзли, тунлари тароватли, одамларнинг қалби меҳр-мурувватли бўлади.
Рамазоннинг муҳим фазилатларидан яна бири у – юксак маънавият ва покиза ахлоқ ойи эканидадир. Зотан, “Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун пайғамбар бўлиб келдим”, деб марҳамат қилган севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳ алайҳи ва салламнинг хулқларини Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Пайғамбаримизнинг ахлоқлари Қуръон эди”, деб таърифлаганлар. Қуръони карим эса айнан шу ойда нозил бўлган.
Ана шу жиҳатига кўра, Рамазон инсонларнинг иродасини тоблайди, саховатини, жўмардлигини янада зиёда қилади, ибодатини кўпайтиради.
Наврўз арафасида юртимизга бостириб кирган коронавирус, унинг ортидан Қоракўл ва Сардобада юз берган табиий офатлар халқимизнинг меҳр-оқибатини, тотувлигини, бирдамлигини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кучайтирди, элу улусни жипслаштирди, халқимизни юртбошимиз атрофида бирлаштирди.
Улуғларимиз: “Мўъминнинг ҳар бир ҳолати ҳайратли. Чунки унинг барча ишлари ўзи учун хайрлидир. Бу – ер юзида фақат мусулмонларга хос бўлган фазилатдир. Зеро, у севинса, шукр этади, савоб олади. Бу унинг учун хайрлидир. Бошига бало келса сабр қилади. Бу ҳам унинг учун хайрлидир”, деганлар.
Яратганга шукрки, мўминлар шундай мураккаб вазиятда ҳам тушкунликка тушмасдан ибодатларда, хайр-саховатларда бардавом бўлдилар. Хонадонларда таровеҳлар ўқиляпти, бу фазилатли намозлардан аёл-қизлар, кичик ёшдаги болалар ҳам баҳраманд бўлмоқдалар; ифтор қилишни истаган юртдошларимиз масаллиқларни хонадонларга тарқатиб бермоқдалар; фитр садақаси эса савоби кўпроқ бўлсин, дея ортиғи билан деярли тарқатиб бўлинди; закотлар муҳтожларга етказилмоқда.
Бинобарин, бугунги синовли кунларда халқимиз шукр ва сабр ичида ҳаёт кечирмоқдаки, бу Аллоҳ таолони бандаларидан мамнун қиладиган фазилатли амаллардандир.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг муҳаббати
Буюк саҳобий Абу Бакр розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: “Биз ҳижратда эдик. Мен жуда чанқаб турган эдим. Озгина сут олиб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатдим ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, ичиб олинг”, дедим. Расулуллоҳ ичдилар-у, менинг чанқоғим қонди”.
Бу гаплар айнан ҳақиқат. Абу Бакр розияллоҳу анҳу чин дилдан шундай дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чанқоқлари қонди. Бу муҳаббатнинг гўзаллигини ҳис қила оляпсизми? Бу ўзгача, хос бир муҳаббатдир...
Савбон розияллоҳу анҳунинг муҳаббати
Пайғамбар алайҳиссалом дастёрлари Савбон розияллоҳу анҳунинг олдида кун давомида бўлмадилар. Набий алайҳиссалом қайтиб келганларида Савбон розияллоҳу анҳу у зотга қараб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени ёлғиз ташлаб кетдингиз”, деди-да, йиғлаб юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шунга йиғлаяпсанми?” – дедилар. Савбон розияллоҳу анҳу: “Йўқ, Расулуллоҳ! Лекин жаннатда сизнинг ва ўзимнинг мартабамни ёдга олиб қўрқиб кетдим. Аллоҳ таолонинг мана бу ояти эсимга тушди: «Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир»[1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурсанд бўлавер! Сен ҳам ўзинг муҳаббат қўйганлар билан биргасан”, дедилар.
Савод ибн Ғозийянинг муҳаббати
Савод ибн Ғозийя Уҳуд ғазоти кунида қўшиннинг марказида турарди. Набий алайҳиссалом қўшинга қарата: “Сафларни ростланглар, тўғри туринглар!” – дедилар. Қараб борар эканлар Набий алайҳиссалом Савод розияллоҳу анҳунинг тўғри турмаганини кўриб: “Ростлангин, эй Савод!” – дедилар. Саҳобий: “Хўп”, деди-ю, бироқ тўғирланмасдан тураверди. Пайғамбар алайҳиссалом у томонга яқинлашиб, қўлларидаги мисвоклари билан саҳобийнинг биқинига ниқтаб: “Савод, тўғри тургин!” – дедилар. Савод: “Оғриттингиз, Расулуллоҳ! Аллоҳ таоло сизни ҳақ ила юборган бўлса, энди мен сиздан ўч олишим учун имкон беринг”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қоринларини очиб: “Қасосингни олвол, Савод”, дедилар. Савод розияллоҳу анҳу эгилиб қоринларини ўпа бошлади ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, бугун шаҳидлик кунидир, шунинг учун ҳам охирги онларимда танам сизнинг муборак танангизга тегиб қолишини хоҳладим”, деди.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Минбар ясалмасидан аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмонинг танасига суяниб хутба қилар эдилар. Бир муддат ўтиб, минбар жойлаштирилганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар. Шунда ўша хурмо танасидан (ёш боладай) ўксик овоз чиқди. Уни, ҳатто биз ҳам эшитдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар-да, унга қўлларини теккиздилар. Зум ўтмай у тинчиб қолди” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Нисо сураси, 69-оят.