Кечагина бизни ўзига муштоқ қилиб, соғинтирган моҳи рамазоннинг сўнги даҳасида турибмиз. Қалбимизда чексиз қувонч билан бирга бизни тарк этаётган ойнинг ҳасрати ҳам бор.
Рукнимизнинг галдаги суҳбатдоши тижоратчи биродаримиз Муҳаммад Саид Иброҳимов.
“Тижоратчи бўлганим сабабми, дунё ташфишлари билан бўлиб, рамазонни қандай келиб қолганлигини сезмай ҳам қолибман. Илк кунидан оилавий рўза тутдик. Саҳарликдан сўнг бомдод намози вақтигача отам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт”, “Одоблар хазинаси” китобларидан ўқиб берадилар. Диққат билан эшитамиз. Лекин, тонгда яна дўконга бораману қалбимни дунё ишлари эгаллаб олади.
Дўконга ҳар куни ҳар турли одам келади. Базан чарчоқдан, базан жаҳлдан кўплари билан тортишиб қоламиз... Ифторга яқин уйга қайтаман. Яқинда отам навбатдаги мутолаанинг бирида: “Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар”, (Аъроф-179. Тафсири ҳилол) ояти ҳамда “Кишининг мол-дунё ва шарафга бўлган ҳирси унинг дини учун, қўйга қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ҳатарлироқдир”, ҳадисини шарҳлари билан ўқиб берди.
Мени шу онданоқ бир ўй ўзига тортди. Юқоридаги оят ва ҳадис гўё тўғри менга қарата айтилгандек. Эҳтимол шунинг учун қулоғимга насиҳат, оят ва ҳадис кирмаётгандир. Балки шунинг учун қалбимда ҳаловат ва тилимда зикр бўлмаётгандир. Шу сабаб билиб билмай одамларнинг дилига озор бераётгандирман. Туни билан саҳарлик вақтигача тавба қилиб, истиғфор айтиб чиқдим. Аммо, кўнглим тўкис ҳаловат топмади...
Уламолар: “Инсон Аллоҳга осий бўлсаю тавба қилса кечиради. Аммо, банданинг бандадаги ҳаққини Аллоҳ таоло кечирмайди то ўзаро розилашмагунча” дея таъкидлаган эканлар.
Тонгдан кўчага чиқдиму қанча танишим бўлса барчасидан чин қалбдан кечирим сўраб, розилик сўрадим. Мен учун мўжиза содир бўлди. Танишларим, мендан хафа бўлганлар ҳайратга тушишди, ҳатто базилари кўзига ёш олди. Кейин уйга келиб мени ҳафа қилганларни ҳаммасини кечирдим...
Шу ондан қалбимда ором пайдо бўлди. Алҳамдулиллаҳ! Бу йилги рамазон мен учун ўзгача руҳда келди.
Азизлар сиз ҳам одамлардан розилик сўранг ва одамларни кечиринг! Ҳаловат ва ором кўнглингизни ҳушнуд этади.
Саидаброр Умаров суҳбатлашди
دثنا العباس الدوري نا يعقوب بن إبراهيم بن سعد نا أبي عن صالح عن ابن شهاب قال: حدثني عبد الحميد بن عبد الرحمن بن زيد أن محمد بن سعد بن أبي وقاص أخبره أن أباه سعد بن أبي وقاص أخبره قال: استأذن عمر على رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم وعنده نساء من قريش يكلمنه ويستكثرنه عالية أصواتهن على صوته فلما استأذن قمن يبتدرن الحجاب فأذن له رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم ورسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم يضحك فقال عمر: أضحك الله سنك يا رسول الله قال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: ”عجبت من هؤلاء اللاتي كن عندي ثم سمعن صوتك ابتدرن الحجاب“ قال: قلت: يا رسول الله كنت أحق أن يهبن ثم قال عمر: أي عدوات أنفسهن تهيبنني ولا تهبن رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم قلن: نعم أنت أغلظ وأفظ من رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم قال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: ”والذي نفسي بيده ما لقيك الشيطان قط سالكا فجا إلا سلك فجا غير فجك“.
Саъд ибн Абу Ваққос айтади: “Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг ҳузурларига изн сўради. Ҳузурларида қурайшлик аёллар бўлиб, у зотга овозларини кўтариб гапираётган ва у зотдан кўп нарса талаб қилаётган эди. Умар изн сўрагач, улар шошилиб тўсинишга тушишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам унга изн берар эканлар, кулдилар. Умар: “Аллоҳ сизни кулдираверсин, ё Аллоҳнинг Расули!” деди.
У зот: “Ҳузуримдаги манавилардан ажабландим, овозингни эшитибоқ тўсинишга шошиб қолишди”, дедилар.
Умар: “Ё Аллоҳнинг Расули, ҳайиқишига сиз ҳақлироқ эдингиз-ку”, деди. Сўнгра: “Эй ўз жонига душманлар! Мендан ҳайиқасизлар-у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламдан ҳайиқмайсизларми?” деди.
Улар: “Ҳа. Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламга қараганда қўпол ва дағалсан-да”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Жоним “қўли”да бўлган Зотга қасамки, шайтон бирор йўлда кетаётиб, қачонки сенга йўлиқса, сенинг йўлингдан бошқа йўлда юради”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси