- Ҳукми ва луғавий - истилоҳий маънолари.
Эътикоф - назр қилинган бўлса вожиб, Рамазоннинг оҳирги ўн кунлигида бўлса суннати муаккада ва бундан бошқа кунларда эса мустаҳаб ҳисобланади.
Эътикоф - луғатда ”туриш” ва ”бир нарсада давомий бўлиш” деган маънони англатади.
Шариатда эса беш вақт намоз жамоат бўлиб ўқиладиган масжидда ибодат нияти билан туришликка эътикоф дейилади.
* Аёллар уйларида намоз учун таъйин қилинган масжидларида эътикоф ўтирадилар. Уларнинг масжидда ўтиришлари макруҳи танзиҳий ҳисобланади.
- Эътикофнинг фойдалари.
Эътикоф ўтирувчи Роббисига ибодат қилиш учун ҳоли қолади. Ва натижада у ердаги вақтини фарз намозларини кутиш, масжиддаги илм мажлисларига қатнашиш, зикрлар қилиш, Қуроьн тиловат қилиш ва тунги намозлар ўқиш билан ўтказади.
Балки, ўша эътикоф ўтирган кунларида Аллоҳ таоло уни минг ойдаги ибодатлардан кўра кўпроқ савоб берадиган ”Қадр” кечасини топишни муваффақ қилса...
- Эътикофни бузувчи амаллар.
1) Жамоат намози каби шаръий эҳтиёжларсиз масжиддан чиқишлик. Агар у эътикоф ўтириладиган жамоат масжидида ўтирмаган бўлса жамоат намози учун чиқиш мумкин.
2) Катта-кичик ҳожатлар ва эҳтилом сабабли ғусл қилиш каби табиий эҳтиёжларсиз масжиддан чиқишлик.
* Агар масжидда ғусл қилиш имкони бўлсаю, у ғусл учун ташқарига чиқса ҳам эътикофи бузилади.
3) Ўзига зиён етишидан қўрқиши ва эътикоф ўтирган масжиди бузилиб кетиши каби зарурий эҳтиёжларсиз масжиддан чиқишлик ҳам эътикофини бузади.
4) Аёли билан яқинлик қилиш ва унинг давоиъялри ( яъни жимоьни келтириб чиқарадиган амаллар)ни қилиш, агар инзол бўлса, у ҳам эътикофини бузади. Чунки, Аллоҳ таоло:
وَلَا تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ
“Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг”- деган. ( Бақара сураси 187-оят)
* * *
- Эътикофнинг шартлари.
Эътикоф дуруст бўлиши учун қуйидагилар шарт қилинади:
1) Ислом. Эътикоф кофир кишидан ўтмайди. Чунки, эътикоф иймоннинг бир бўлаги ҳисобланади.
2) Ақл ва балоғат. Эътикоф ақлини йўқотган жинни ва ”оқ-қора”ни ажрата олмайдиган ёш боладан ўтмайди. Чунки, булар ибодат аҳлидан ҳисобланмайди.
* Агар ёш бола ”оқ-қора”ни ажарта оладиган бўлса, унинг эътикофи дуруст бўлади.
3) Масжид. Эътикофни уйда қилиб бўлмайди. Фақатгина аёллар уйларида намоз учун таъйин қилинган масжидларида эътикоф ўтиришлари мумкин.
4) Ният. Эътикоф фақатгина ният билангина дуруст бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: ”Амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир киши учун ният қилгани бўлади”. Чунки, бу намоз, рўза ва бошқа ибодатлар каби ният билан дуруст бўладиган ҳақиқий ибодат ҳисобланади.
5) Рўза. Агар эътикоф назр қилинган бўлса, рўза шарт ҳисобланади. Ундан бошқа нафл эътикофларда шарт эмас.
6) Поклик. Жанобат ва хайз-нифос каби нарсалардан пок бўлиши лозим.
7) Аёл киши учун эрининг рухсати. Аёл кишининг эрининг рухсатисиз ўтирган эътикофи дуруст ҳисобланмайди. Агар у назр қилинган эътикоф бўлса ҳам эрининг рухсати шарт бўлади.
* * *
Эътикофнинг одоблари
1) Эътикоф ўтирган киши эртаю-кеч ибодат билан бўлиши, Қуръон қироати ва зикрлар қилиш, осмонлару- ерларнинг мулклари ва Аллоҳ таолонинг ҳикматларини тафаккур қилиш, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва саломлар йўллаш, Қуръон тафсири, ҳадис, сийрат, пайғамбарлар тарихи, ўтган солиҳлар ҳаётини ўрганиш ва масжиддаги илмий дарсларда қатнашиш мустаҳаб ҳисобланади.
2) Назр эътикофидан ташқари ҳар қандай эътикофда рўзадор бўлиш суннат ҳисобланади. Чунки, назр эътикофида рўзадор бўлиш шарт ҳисобланади.
3) Эътикофни ойларнинг энг афзали бўлмиш рамазони шариф ойида қилиш яхши амал ҳисобланади. Айниқса, оҳирги ўн кунлигида қилиш афзал ҳисобланади. Чунки, у кунларда минг ойдан афзал бўлган ”Лайлатул қадр” кечаси бор. Шунингдек, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шу кунларда эътикоф ўтирар эдилар.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: "كَانَ رَسُولُ اللهِ ﷺ إِذَا دَخَلَ العَشْرُ أَحْيَى اللَّيْلَ، وَأَيْقَظَ أَهْلَهُ، وَشَدَّ المِئْزَرَ"
Ойиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг оҳирги ўн кунлиги кирганда кечаларни бедор ўтказар, аҳлларини ҳам уйғотар ва изорларини шимарар эдилар”. (Имом Муслим ривояти).
Баъзилар ҳадисдаги «изорларини шимарар эдилар » деган гапни, ибодатга кўпроқ вақт бўлиши учун аёлларидан тийилар эдилар деб тафсир қилишган. Баъзилар эса ибодатга қаттиқ киришганларидан киноя тарзда келтириляпти деганлар.
4) Ийд кечаси эътикоф ўтириш ҳам мандуб амаллардан ҳисобланади. Қачонки, эътикоф ўтирган масжидидан Ийд намози ўқиладиган намозгоҳга чиқиш учун эътикофини Ийд кунигача узайтирадиган бўлса, у киши ибодатни иккинчи ибодатга қўшган бўлади. Бу эса яхши амалларда бардавом бўлиш ҳисобланади. Ийд кечасини бедор ўтказишнинг фазли борасида Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Кимки ҳолис Аллоҳ учун Ийд кечасини қойим қиладиган бўлса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди”. Яъни Аллоҳ таоло у кишини ўлим тўшагида ётган пайтда, қабрдаги ва қиёмат кунидаги сўроқ-савол пайтида иймонда собит қадам қилади.
Аллоҳ таоло барчамизни бу кунларни ғанимат билиш ва кўплаб савобларга эришиб, гуноҳларда покланишни насиб қилсин.
"Фиқҳул Ҳанафий фи савбиҳил жадид" ва ”Фиқҳул Исламий ва адиллатуҳу”китоби асосида тайёрланди.
Тошкент Ислом институти талабаси
Муҳаммад Али Муҳйиддин
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан