Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Сентябр, 2026   |   21 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:29
Қуёш
05:51
Пешин
12:22
Аср
16:59
Шом
18:57
Хуфтон
20:15
Bismillah
03 Сентябр, 2026, 21 Рабиъул аввал, 1448

Садақа-эҳсон қилишнинг фазилати

16.05.2020   13311   5 min.
Садақа-эҳсон қилишнинг фазилати

Садақа  беришнинг фазилатларини савоб ва ажрларини келтириб ўтишдан олдин садақа сўзини  яхшилаб тушуниб олишимиз лозим. “Садақа” сўзи луғатда “Яхшилик, эҳсон” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса, Аллоҳ таоло розилиги учун бериладиган ҳар қандай нарса ёки бажариладиган амал садақа саналади. Одатда “Садақа” дейилса, фақат муҳтожларга, фақир кишиларга бериладиган ҳар қандай нарса тушунилади. Аслида, хайр-эҳсоннинг барча турларини шу сўз билан атаса бўлаверади. Садақа мажбурий ва ихтиёрий бўлади. Мажбурий бўлган садақа турига фарз ва вожиб бўлган закот, ушр, фитр, каффорот кабилар киради. Фарзу вожибдан кейинги ўринда турадиган ихтиёрий садақага эса ҳар қандай хайр-эҳсон, худойи (таом тариқасида беришлик), хайрия ташкилотларига, жамғармаларга, етимхона ва қариялар уйларига, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кабилар киради. Баъзи тушунмаган кишилар орасида фарз, яъни, мажбурий садақа билан нафл (ихтиёрий) садақани аралаштириб юбориш ҳоллари учрайди. Бундайлар фарз бўлган закотни беришмайди-ю, аммо садақа деб, турли зиёфат, турли маросимлар ўтказиб, ўзларича садақа қилган бўлишади. Аслида эса, ҳожатларидан ташқари тижорий (савдо айланмаси учун) мол-мулклари нисобга (маълум белгиланган миқдорга) етган кишилар, ўша моллари (бойликлари)нинг қирқдан бир (40/1) улушини (қисмини) ҳақдорларга (закот олишга лойиқ бўлган инсонларга) беришлари мажбурий садақа, яъни “Закот”дир. Закот ибодати исломнинг бешта фарзидан бири ва бу закот ибодатини адо қилишлик айни муборак Рамазони шариф ойларида амалга оширилса, савоби, ажри,  янада кўпайишлигига олиб келади. Энди эса,  садақа беришнинг фазилатлари ҳақида ҳадиси шарифларни  келтирамиз.

Садақа беришнинг фазилатлари жуда кўп  ва машҳурдир.

Имом Бухорий  Абдуллоҳ ибн Масъуддан (разияллоҳу анҳу) ривоят этишларича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизларнинг қай бирингизга  ўз мол-мулкингиздан кўра  меросхўрларнинг мол-мулки севимли?” деб сўрадилар. Шунда асҳоби киром: “Бизларга ўз мол-мулкларимиз  маҳбуброқ, ё Расууллоҳ”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): марҳамат қилдилар: “ Унинг олдин юборгани ҳақиқий мол-мулкдир. Меросхўрларнинг мол-дунёси эса кейинда қолганидир.” Яъни Аллоҳ таоло йўлида ўзи нафақа қилган мол-дунёси ҳақиқий эҳсон ҳисобланади”.

Ҳадисда айтилади: “Садақа қилинглар, зеро садақа сизларни дўзахдан қутқаради “(Имом Табароний “Авсат “ларида Абу Нуайм эса “Хуля “да ривоят этишган)

Яна бир ҳадиси шарифда бундай ривоят этилади: ”Садақа қилинглар, бас, садақа жасадингизни дўзах оташидан сақлайди”. (Имом Табароний “Авсат” китобларида ва Абу Нуайм “Хуля”да ривоят эшитган.)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): ”Кишининг топган молини ўз оиласига  сарфлаши ҳам садақа ва эҳсондир”, деганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бетобларингингизни (касалларингизни) садақа бериш билан даволанглар”, яъни дори-дармон қилиш баробарида хайру-эҳсон ва садақа қилиш, иншааллоҳ дардлардан шифо топишда ёрдам қилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ таоло кечиримли бўлган бандасининг иззат-шарафини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун ўзини ҳокисор тутса, Аллоҳ таоло унинг мартабасини баланд қилади”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Сарвари Коинот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Муоз ибн Жабалга (розияллоҳу анҳу) садақа яхшилик эшикларидан бири эканини таъкидлаб, дедилар:

“Сени хайр (яхшилик) эшикларига далолат қилайми?” (яъни, яхшилик эшиклари қандай амаллар билан очилишини айтиб берайми) дея, ушбу уч нарсани санаб бердилар: 1) Рўза тўсиқ бўлади; 2) Садақа худди сув оловни ўчиргандек хатоларни ўчиради; 3) Кишининг ярим кечада ўқиган намози солиҳларнинг шиори бўлади”. Ҳадисда ворид бўлганидек, садақа хатоларни ўчирса, албатта у (садақа) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ғазабини ҳам ўчиради. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Садақа аллоҳнинг ғазабини ўчириб, ёмонликни қайтаради” (Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон ривояти). Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа беришга тарғиб қилиб, унга одамларни қизиқтирганлар.  

Ҳадиси муборакларида бу борада бундай марҳамат қиладилар:

Абу Барзадан (розияллоҳу анҳа) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бир банда бир парча нон садақа қилса, Аллоҳ жалла ва аъло уни Уҳуд тоғи баробарида кўпайтиради”, дедилар”. (Табароний ривояти).

Юқорида келтирилган Ҳадиси шарифлар  мазмунига кўра, ихлос билан қилинган озгина садақа (эҳсон) Аллоҳнинг ҳузурида жуда катта мукофотга сазовор бўлишлиги, билиб-билмай қилган хато-камчиликларимиз ўчирлиши, касалларимизга даво бўлишлигини, бало-офатлардан омон бўлишлигимизни, биз учун яхшилик эшиклари очилишлигини, мартабаларимиз баланд бўлишлигини ва  садақа сабабли сизу-бизнинг жасадимизни дўзах оташидан Аллоҳ таоло сақлашлигини, ва озгина қилган садақамизни ҳам Аллоҳ таоло уни (садақамизни) (савобини) кўпайтириб беришлигини   англаймиз.

 

(Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг  “Хай-эҳсон фазилатлари” китоби асосида тайёрланди).

Жумамуратов Яқуб,

 Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” масжиди имом-хатиби.

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муфтий ҳазрат анжуманда оила мустаҳкамлиги ва фарзанд тарбиясига оид муҳим ташаббусларни илгари сурдилар

03.09.2026   4289   2 min.
Муфтий ҳазрат анжуманда оила мустаҳкамлиги ва фарзанд тарбиясига оид муҳим ташаббусларни илгари сурдилар

Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтаётган анжуман асосий қисмида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар. Шунингдек, Миср муфтийси Назир Муҳаммад Айёд, Миср Вақфлар вазири Усома Азҳарий, Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано, Ал-Азҳар шайхи вакили Шайх Айман Абдулғаний, Мусулмон олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари доктор Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ аз-Зайд ва Абу-Даби Ислом ишлари раиси, доктор Умар Ҳабтур ад-Дариъий кабилар нутқ қилдилар.

Муфтий ҳазратлари муҳокама қилинаётган оила, аёллар ҳуқуқи ва фарзанд тарбияси масаласи ғоят долзарб эканига урғу қаратдилар. Хусусан, турли минтақаларда оила институти инқирозга юз тутаётгани, ёшларнинг оила қуришга қизиқиши пасайиб, ажрашишлар сони ортиб бораётгани жиддий хавотир уйғотаётгани таъкидланди. Қайд этилишича, бу синов бутун инсоният олдида турган умумбашарий муаммога айланмоқда.

Шу муносабат билан Муфтий ҳазратлари томонидан бир қатор долзарб таклифлар илгари сурилди:

 – Қўшма фатво ишлаб чиқиш: илмий асосланган ҳамда илғор тажрибаларни ўзида жамлаган қўшма фатво ишлаб чиқиш зарурлиги маълум қилинди. Ушбу ҳужжатни турли тилларга таржима қилиб, ОАВ, рақамли платформалар, маърифий тадбирлар ва жума хутбалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш таъкидланди.

– Ёшларни оилага тайёрлаш дастурлари: турмуш қуриш остонасида турган ёшларнинг диний, миллий ва ижтимоий масъулиятини юксалтиришга қаратилган махсус курслар ва психологик-маърифий маслаҳат дастурларини йўлга қўйиш таклиф этилди.

– Фатво марказлари ва ОАВ ҳамкорлиги: миллий қадриятлар ва исломий таълимотларни   ёшларга замонавий, таъсирчан усулларда етказиш учун фатво марказлари билан ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик лозимлигига эътибор қаратилди.

Шу ўринда, Ўзбекистонда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳам баён қилинди.

Халқаро анжуман иштирокчилари Муфтий ҳазратлари томонидан илгари сурилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга юқори баҳо бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари