Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2025   |   13 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:58
Хуфтон
21:36
Bismillah
09 Июн, 2025, 13 Зулҳижжа, 1446

Надомат

15.05.2020   5126   3 min.
Надомат

Дунёнинг бир чеккасида номи оламга маълум ва машҳур бўлган бир шаҳар бор эди. Шаҳар ниҳоятда обод; кўркам бинолари, озиқ-овқатга тўлиб тошган расталари ҳар қандай кишининг ҳавасини уйғотар, одамлари ўзига тўқ, деярли муҳтожликда яшайдиган одамнинг ўзи йўқ эди.

Бу ерда ҳар куни зиёфатлар, кўнгилочар томошалар, ва бир-биридан қизиқарли тўй-у тантаналар бўларди. Дастурхонларда бўш ернинг ўзи қолмас, ортиб қолган нарсаларни эса биров бир тийинга олмас эди...

Жазирама кунларнинг бирида ўша бадавлат шаҳарнинг ичида бир нотаниш кимса пайдо бўлди. У оппоқ ёпинчиқ ўраб юзини беркитиб олган, кўчада кимни кўрса унга салом бериб кўнглини олган, одамларга илиқ сўзлар айтиб эзгуликка даъват қилар эди.

Бу ҳол шаҳар маъмурининг қулоғига етиб боргач, ўша ҳар йили бир пайдо бўладиган нотанишнинг мақсадини билмоқчи бўлиб, уни ҳузурига чақиришларини буюрди. Бироз ўтиб, нотанишнинг ўзи шаҳар маъмурининг ёнида пайдо бўлди. Ва унга қараб:

−   Салом сенга эй Аллоҳнинг бандаси, – гап бошлади у, − қутлуғ кунларинг муборак бўлсин!

−   Нималар деяпсан ўзинг?! Ўзи шундоқ ҳам ҳар кунимиз қутлуғ бўлса, яна қанақа кун ҳақида айтяпсан? – ҳайрон бўлиб сўради маъмур.

− Қандай бўларди, Яратганга кечалари дуо қиладиган, ундан гуноҳларни кечиришликни сўраб илтижо қилинадиган, кечалари ибодатга қоим бўлиб, унга истиғфорлар айтиладиган, одамларга ҳайр-у саҳоват қилиб, уларнинг кўнгилларини оладиган, кўзни, қўлни, тил ва дилни гуноҳлардан муҳофаза қилиб, фақат яхшиликлар қилинадиган кунларни айтяпман-да! – жавоб берди нотаниш.

Маъмур унинг сўзларини тинглаб, истеҳзоли кулиб қўйди. Ва деди:

−  Менга қара ҳой нотаниш йўловчи! Бизнинг ҳеч нарсадан кам жойимиз йўқ! Ҳар нарсамиз етарли, одамларнинг қорни тўқ, устлари бут! Ҳар кунимиз байрам, зиёфат! Энди менга айтчи, сен айтган ишларни қилишликдан бизга нима наф?! Сен яхшиси, йўлингдан қолма...

Нотаниш кимса бошқа сўз айтмади. Ва бир зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди.

Орадан бир неча кунлар ўтди. Шаҳар аҳли ҳар доимгидек «ширин» ҳаётида яшашда давом этди. Ҳар кунлари бир хилликда – базм-у жамшидларда ўтар, бу кунларнинг ўз поёнига етиши эса ҳеч кимсанинг ҳаёлига ҳам келмас эди.

Бир куни шундай бўлди: шаҳарда қурғоқчилик бошланиб, экинлар нобуд бўлди. Расталар тез орада бўшаб одамлар оч қола бошлади. Энди ўша тотли дамлар йўқ, ҳаммаёқни қаҳатчилик эгаллаб бўлган эди. Ушбу ҳолатни кўриб одамлар негадир ўша нотаниш кимсани йўқлаб қолишди. «Балки унинг айтганларини қилсак, Яратган бизларни кечириб, яна аввалги ҳолимизга қайтариб қўяр?!» деб ўйлашарди улар. Шаҳар маъмури зудлик билан ўша нотанишни олиб келишга буюрди. Бироқ...Энди кеч эди! Ўша нотанишни ҳеч қаердан топа олишмади...

  Ўша нотанишнинг исми – Рамазони Шариф эди! Шаҳар аҳлининг ҳолига тушишликдан Аллоҳнинг ўзи сақласин...

Шерзод  ҲАЙДАРБЕКОВ

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Зулҳижжа ойининг ўн куни

21.06.2023   3673   5 min.
Зулҳижжа ойининг ўн куни

Аллоҳ таоло Фажр сурасининг илк оятларини “Тонгга қасам! Ва Ўн кечага қасам!” – дея улуғворликка далолат қилувчи мавҳум (накра) сийға билан ниҳоятда қадри баланд бўлган ўн кечага қасамёд қилиш билан бошлаган. Мазкур ўн кечанинг қайси кечалар эканлиги ҳақида муфассирлар икки хил фикр билдирганлар. Биринчиси, рамазон ойининг охирги ўн кечаси бўлса, иккинчи қавлга кўра, бу кечалардан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир. Бу ўринда кеча дейилар экан фақат тунлар эмас, балки, кундуз кунлар ҳам тушунилади.

Бу кунларда улуғ ибодатлар амалга оширилади. Ҳаж ибодатининг ўзаги бўлган Арафада вуқуф қилиш ҳам айнан мана шу кунларнинг ичидадирки, у кунда Аллоҳ таоло бандалари учун шайтонни ғамга ботирадиган даражада беҳисоб раҳмат ва мағфиратларини инъом қилади. Шайтон алайҳиллаъна Арафа кунида кўраётган нарсаларидан, хусусан малоикалар ва Аллоҳнинг раҳматлари мўминлар устига ёғилишидан қаттиқ ғамга ботади. У ҳеч қайси кунда у кундагидек ҳақир ва мағлуб бўлиб кўринмайди.

Мазкур ўн кун мобайнида ҳаж ва умра амаллари адо этилади. Шу боисдан ҳам, бу кунлар алоҳида қасам билан тилга олинишга лойиқ бўлган. Бир қатор ҳадиси шарифларда зулҳижжанинг ўн куни фазилати баён қилинган. Жумладан Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: Солиҳ амал ушбу ўн кун, яъни зулҳижжанинг аввалги ўн кунидагидан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон-бир кун йўқ” (Имом Бухорий ривояти, 969-ҳадис).

Ушбу ҳадиси шариф ўз мазмунига кўра зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида солиҳ амаллар ва нафл ибодатлар қилиш ниҳоятда фазилатли эканлигига далолат қилади. Нафл рўза ҳам албатта солиҳ амаллар сирасига киради, балки, у солиҳ амалларнинг муқаддимасида туради. Шу боис ҳам уламолар мазкур кунларда бошқа нафл ибодатлар билан бир қаторда рўза тутишни ҳам мустаҳаб амаллардан ҳисоблаганлар.

  1. Ҳунайда ибн Холид ўз аёлидан, унинг аёли эса пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз кунида, Ошуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар” (Имом Аҳмад, 21829-ҳадис ва Абу Довуд ривоятлари, 2437-ҳадис).

Гарчи биринчи ҳадиснинг зоҳиридан зулҳижжа ойининг ўн кунида рўза тутишлик тушунилса ҳам, аслида тўққиз кун рўза тутилади. Чунки, ўнинчи куни ҳайит бўлиб, рўза тутишлик ҳаром бўлади. Бунга иккинчи ҳадиснинг мазмуни ҳамда Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни (яъни Ийдул-Фитр) ва Наҳр куни (яъни Қурбонлик қилинадиган кун – Ийдул-Азҳо куни) рўза тутишдан қайтардилар» (Имом Бухорий ривояти, 1992-ҳадис; Имом Муслим ривояти, 827-ҳадис).

Шу боис, уламолар байрам куни рўза тутишнинг жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. «Ўн кун» деб тилга олинишининг сабаби эса одатда катта нарсани тилга олиш билан нисбатан кичикроқ нарсани ҳам назарда тутиш ёки яхлитлаб айтиш қоидасига биноандир. Бу ўн кунларнинг асоси, меҳвари, бориб тақаладиган жойи ва хотимаси Ийд куни бўлганлигидан у кунлар Ийд куни билан қўшиб зикр қилинган.

Демак, ҳажда бўлмаганларга зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутиш мустаҳаб. Ҳанафий мазҳабига кўра арафа куни рўза тутиш ҳаж қилаётган инсонга қийинчилик туғдирмаса, мустаҳаб. Бордию, у кундаги рўза уни машаққатга соладиган бўлса, арафа кунида рўза тутиш унинг ҳақида макруҳ бўлади.

Мазкур ўн кундан ҳисобланувчи Арафа кунининг рўзаси эса алоҳида фазилатга эга. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Имом Муслим ва бошқалар ривояти).

Демак, зулҳижжанинг илк ўн кунлигида умуман нафл рўза, қўшимча ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, Қуръон тиловати, хайру саховат каби эзгуликларни кўп ва хўп бажариш мустаҳаб бўлса, Арафа кунида бу амаллар янада кучлироқ фазилат касб этади.

Уламолар “фазилатда қай бири кучли: зулҳижжанинг аввалги ўн куними ёки Рамазоннинг охирги ўн кунлигими?”, деган саволга: “зулҳижжанинг ўн куни кундуз кун эътибори билан афзал, рамазоннинг охирги ўн кунлиги эса кечалар эътибори билан афзал, зеро унда қадр туни бор”, дея жавоб берганлар.

Одилхон қори Юнусхон ўғли