Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.
Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.
Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.
“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.
Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.
Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.
Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.
Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.
Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...
Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!
Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.
Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!
Зумрад Фозилжон қизи
ИСТИҒФОР нинг 72 та ХИСЛАТИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
Каломуллоҳ – Қуръони каримнинг
муборак ояти карималаридан
ва
Жаноби Пайғамбаримиз
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг
муборак ҳадиси шарифларидан
ИСТИҒФОР нинг 72 та ХИСЛАТИ:
1. Аллоҳ таолога итоатгўй банда истиғфор айтади.
2. Истиғфор айтган банда пайғамбарлар, солиҳлар йўлидан юради.
3. Истиғфор айтувчи одам имон ҳаловатига эришади.
4. Истиғфор бандани гуноҳлардан поклайди.
5. Истиғфор айтувчининг гуноҳлари савобли ишларга алмаштирилади.
6. Истиғфор айтувчига неъматлар кўпайтириб берилади.
7. Истиғфор банданинг икки дунёда ҳам мартабасини кўтаради.
8. Истиғфор бахт-саодат олиб келади.
9. Истиғфор туфайли истиғфор айтувчи ҳам, атрофдаги одамлар ҳам бузуқликлардан покланади.
10. Истиғфор ёмғир ёғишига сабаб бўлади.
11. Истиғфор мол-дунёга барака киритади.
12. Истиғфор айтувчи инсон фарзанд неъмати билан сийланади.
13. Деҳқончилик, чорвачиликдаги унумдорлик ҳам истиғфор айтиш билан узвий боғлиқ.
14. Истиғфор айтувчи жаҳаннамдан нажот топади.
15. Истиғфор банданинг жаннатга киришига сабаб бўлади.
16. Истиғфор Аллоҳ таолонинг раҳмати тушишига сабаб бўлади.
17. Истиғфор танани бақувват қилади.
18. Истиғфор айтувчи одамнинг ҳаёти фаровон бўлади.
19. Истиғфор айтувчига яхшиликлар кўпайтирилиб берилади.
20. Истиғфор инсон кўнглини хотиржам қилади.
21. Истиғфор бошга тушган балоларни даф этади.
22. Истиғфор бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради.
23. Истиғфор айтувчи одам Аллоҳ таолонинг раҳмат-марҳаматига сазовор бўлади.
24. Истиғфор банда ҳолатини ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлади.
25. Истиғфор ғийбатга каффорат бўлади.
26. Истиғфор шайтон васвасасини қайтаради.
27. Аллоҳ таоло истиғфор айтган бандани яхши кўради.
28. Истиғфор айтиш Аллоҳ таолони хурсанд қилади.
29. Истиғфор ғам-ташвишларни кетказади.
30. Истиғфор айтувчи муаммоларидан қутулади.
31. Истиғфор айтувчи одам гуноҳлардан фориғ бўлади.
32. Истиғфор айтувчи муваффақият қозонади.
33. Истиғфор ташвишларни аритади.
34. Кўп истиғфор айтувчи одам касалликдан тўлиқ тузалиб кетади.
35. Истиғфор айтувчи одам қийинчиликдан фаровонликка чиқади.
36. Аллоҳ таоло истиғфор айтувчининг мушкулларини осон қилади.
37. Етиб бўлмас марраларни истиғфор ила забт этади.
38. Истиғфор ила дилдаги васвасалар йўқолади.
39. Истиғфор билан қўрқувлар арийди.
40. Истиғфор билан дилга қувонч киради.
41. Истиғфор қалбга таскин беради.
42. Истиғфор кўнгилни хотиржам қилади.
43. Истиғфор тинчлик-хотиржамлик олиб келади.
44. Истиғфор инсонни соғлом қилади.
45. Истиғфор касалликларни аритади.
46. Истиғфор айтувчи одам ёруғ кунларга эришади.
47. Истиғфор билан инсон орзусига етади.
48. Истиғфор айтувчининг дили яйрайди, кўнгли ёзилади.
49. Истиғфор хурсандчилик олиб келади.
50. Истиғфор қалбни чароғон, руҳни тетик қилади.
51. Истиғфор айтувчининг хотираси кучаяди.
52. Истиғфор юзни нурли қилади.
53. Истиғфор ризқ келишини осонлаштиради.
54. Истиғфор айтувчининг дуоси қабул бўлади.
55. Аллоҳ таоло истиғфор айтувчининг оғирини енгил қилади.
56. Кўп истиғфор айтган одам Қиёмат куни номаи аъмолини кўриб хурсанд бўлади.
57. Оламдан ўтиб кетган ота-оналар фарзандлари айтган истиғфорлари туфайли жаннатда энг юқори мартабаларга кўтарилишади.
58. Истиғфор одамни тушкунликдан халос этади.
59. Истиғфор ҳасрат-надоматни, пушаймонни кетказади.
60. Истиғфор қалбни тиниқлаштиради.
61. Истиғфор айтиб юрувчи одамга Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлини кўрсатади.
62. Истиғфор айтиб юрувчи одамнинг Аллоҳ таоло мусибатларини кўтаради.
63. Истиғфор айтиб юрган банданинг Аллоҳ таоло ҳар қандай қийинчиликларини енгиллаштиради.
64. Истиғфор айтиб юрувчи инсон қашшоқликка йўлиқмайди.
65. Истиғфор айтувчининг ишлари юришади.
66. Истиғфор эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликни даф этади.
67. Истиғфор фарзандларни итоатли қилади.
68. Аллоҳ таоло истиғфор айтиб юрган одамга кутмаган тарафидан неъмат, ризқ жўнатади.
69. Истиғфор айтувчи одамнинг ризқи улуғ бўлади.
70. Истиғфор айтувчи одамнинг касб-корига Аллоҳ таоло хайр-барака беради.
71. Ким мўминлар ҳаққига истиғфор айтса, Аллоҳ унга ҳар бир мўмин муқобилида биттадан ҳасанот ёзиб қўяди.
72. Истиғфор айтилган хонадонга илоҳий файзу хайр-барака киради.
Меҳрибон Парвардигоримиз
ўзларимизни ҳам,
фарзанд-зурриётларимизни ҳам
Ўзи буюрган,
Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссалом тавсия этган,
ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,
халқимиз хурсанд бўладиган,
ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон домла Иномов