Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Май, 2025   |   19 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:27
Қуёш
05:03
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:40
Хуфтон
21:10
Bismillah
17 Май, 2025, 19 Зулқаъда, 1446

Болалик Рамазонлари

15.05.2020   3965   2 min.
Болалик Рамазонлари

Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.

Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.

Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.

“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.

Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.

Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.

Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.

Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.

Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...

Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!

Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.

Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!

Зумрад Фозилжон қизи

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви 

14.05.2025   6987   2 min.
Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви 

Бугун, 14 май куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Ёшлар – янги Ўзбекистон келажаги бунёдкори” шиори остида иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар учрашуви ўтказилди. Унда турли иш берувчи вазирликлар, ташкилот, корхона ва муассасалар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, Ҳадис илми мактаби масъул вакиллари иштирок этди.


Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов диний-маърифий соҳадаги сўнгги янгиликлар, ёшлар таълим-тарбиясига берилаётган эътибор, олийгоҳ фаолияти тўғрисида сўзлаб берди.


Учрашув давомида 2024-2025-ўқув йилида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясини бакалавр босқичини 309 нафар, магистратура босқичини 95 нафар талаба тамомлаётгани айтиб ўтилди.


Ҳамкор ташкилотлар кўлами йил сайин кўпайиб бораётгани, ҳозирги кунга қадар Академия ва ташкилотлар ўртасида 100 дан ортиқ ҳамкорлик бўйича меморандум ва шартномалар имзолангани баён этилди.


Тадбирнинг амалий қисмида иш берувчиларнинг битирувчилар билан суҳбатлари ташкил этилди. Мазкур жараёнда 70 га яқин давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти, Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти,  Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Миллий архиви, Алфраганус университети ва бошқа кўплаб ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашди. 100 дан зиёд талаба билан меҳнат шартномалари тузилди.


Тадбирда фаоллик кўрсатган иш берувчи ташкилотлар вакилларига Академия томонидан эсдалик совғалари, ташаккурномалар топширилди. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви  Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви  Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви  Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви  Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви  Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви  Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви  Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви  Битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар учрашуви