Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Май, 2025   |   26 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
04:57
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:46
Хуфтон
21:19
Bismillah
24 Май, 2025, 26 Зулқаъда, 1446

Болалик Рамазонлари

15.05.2020   4132   2 min.
Болалик Рамазонлари

Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.

Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.

Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.

“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.

Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.

Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.

Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.

Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.

Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...

Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!

Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.

Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!

Зумрад Фозилжон қизи

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шу ерда отамни урган эдим

16.05.2025   6265   2 min.
Шу ерда отамни урган эдим

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ مُسْلِمِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْحَنَفِيِّ قَالَ: بِرَّ وَلَدَكَ فَإِنَّهُ أَجْدَرُ أَنَّ يَبَرَّكَ فَإِنَّ مَنْ شَنَأَ عَقَّهُ وَلَدُهُ

Муслим ибн Абдуллоҳ Ҳанафийдан ривоят қилинади: Болангга яхшилик қил. Шунда у сенга яхшилик қилади. Ким ёмонлик қилса, боласи унга оқ бўлади.

Боланг кичиклигида сен унга яхшилик қилиб, тарбиясини ва муомаласини яхши қилгин, қариганингда у сенга яхшилик қайтаради. Аммо ким ёшлигида фарзандига ёмонлик қилиб юрган бўлса, қариганида фарзандидан кўради.

Ота-она ўзининг фарзанди олдидаги мажбурият ва масъулиятини шараф билан адо этиб қўйса, қариганида албатта қилган яхшиликлари боласидан қайтади.

Худди шу маънога ўхшаш яна бир гап бор. Ким ёшлигида ота-онасига яхшилик қилса, қариганида унга ҳам боласи яхшилик қилади. Бу ҳолат аксинча бўлиши ҳам мумкин.

Отамиз раҳматли шу маънодаги ҳикояни бир неча марта такрорлаганларининг гувоҳи бўлганмиз.

Одамлар йўлда кетишаётса, бир йигит оқсоқол чолни калтаклаётган эмиш. Улар тезлаб бориб, оқсоқолни ажратиб олишибди ва йигитга ўдағайлаб, унга зардали саволлар бера бошлашибди. Шунда оқсоқол ўзидан оққан қонни арта туриб: «Унга тегманглар. Ҳамма айб ўзимда. Мен йигитлик чоғимда худди шу ерда отамни урган эдим», дебди.

Шундай экан, ҳар бир киши ота-онасига ҳам, фарзандига ҳам доимо яхшилик қилиш пайидан бўлиши керак. Қисқаси, ҳар кимга шариат томонидан берилган ҳақнинг риоясини қилиш лозим.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

 

Мақолалар