Фитр садақаси нисоб миқдоридаги мол-мулкка эга ҳур ва мусулмон бўлган кишилар учун ҳайт тонгида адо қилиши вожиб бўлган садақадир. Фитр садақасининг вожиб эканлигида ўзига хос ҳикматлар бор.
عن ابن عباس قال فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكاة الفطر طعمة للمساكين وطهرة للصيام من اللغو والرفث فمن أدى قبل الصلاة فهي زكاة مقبولة ومن أداها بعد الصلاة فهي صدقة من الصدقات رواه أبو داود و الدارمي
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни ҳайт намоздан олдин адо қилса, у мақбул садақадир. Ким уни ҳайит намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақани бўлади”-дедилар. Абу Довуд ва Дорамий ривоят қилади.
Ушбу ҳадиси шарифдан фитр садақасининг ҳукмини ва унинг савобини топиш билан биргаликда иккита ҳикмат ва фойда кўзда тутилиши маълум бўлади.
Биринчи ҳикмати ва фойдаси фитр садақаси рамазон рўзасини хато ва камчиликлардан поклайди. Шунинг учун Вакеъ ибн Жарроҳ “Рамазон ойининг фитр садақаси худди намознинг саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлган вақтда саҳв саждаси намозни тўғрилагандек, фитр садақаси рўзанинг камчиликларини тўғрилайди” -дейди. Лекин бирор узр билан рўза тутолмаган кишилар ҳам, рўза тутиш вожиб бўлмаган ёш болаларга ҳам фитр садақасини бериш вожиб бўлади.
Иккинчи ҳикмати ва фойдаси ҳайит кунида камбағал ва мискинлар, етим ва бечораларни хурсанд қилиш, уларнинг очликларини кетказиб, ҳақиқий байрам кайфиятини уларга беришдир. Шунинг учун ҳам фитр садақасини ҳайит куни тонг вақтида бериш вожиб бўлади. Аммо, рамазоннинг аввалида, олдиндан берса жоиз. Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Намоздан кейинга қолса ҳам соқит бўлмайди. Ҳаттоки, зиммасига вожиб бўлгандан сўнг инқирозга учраб камбағал бўлгандан кейин ҳам фитр садақа соқит бўлмайди.
Фитр садақаси вожиб бўлиш шартлари.
Фитр молявий ибодатлардан бўлгани учун ҳур бўлмаган кишиларга вожиб бўлмайди. Чунки қулнинг мол-мулки бўлмайди. Балки, қул хожасининг мулки бўлади. Агар хожасига фитр садақа вожиб бўлса, хизмат қилиб турган қулнинг ҳам фитр садақасини бериш хожасига вожиб бўлади.
Фитр садақаси ибодат ва у билан қурбат (савоб) ҳосил бўлади. Ибодатларнинг тўғри бўлиши учун холис Аллоҳ учун деган ният бўлиши лозим. Бундай ният эса фақат мусулмон кишидангина дуруст бўлади.
Фитр садақаси молявий ибодат бўлгани учун маълум бир миқдордаги мол-мулкка эга кишига вожиб бўлади. Фақир ва мискинларга вожиб бўлмайди.
عن أبي هريرة: لا صدقة إلا عن ظهر غني رواه أحمد
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам садақа бойликни орқасидан вожиб бўлади” –деди. Имом Аҳмад ривоят қилади.
Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифда фитр садақни вожиб бўлиши бой бўлган, маълум бир моддий қуввати бор кишига вожиб бўлишини баён қилмоқда. Ислом дини енгил, унинг молявий ибодати ҳам енгил бўлиши керак. Садақани енгил адо қилиниши маълум миқдордаги нисобга эга бўлгандан кейин бўлади.
Аммо шу нарса билиш керакки, закотнинг нисоби бошқа, фитр садақасининг нисоби бошқа. Закот нисоби фақат закот чиқариладиган ўсувчи моллардан ҳисоб қилинади. Фитр садақасининг нисоби эса аслий ҳожатдан (ишлатилиб турган мол-мулкдан) ташқари мол-мулклар ҳам ҳисоб қилинади. Ушбу фитр садақасини нисобига эга кишига ўзининг ва балағотга етмаган фақир фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлади. Хотинининг, балағотга етган фарзандининг ва балағотга етмаган бой фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлмайди. Лекин мазкурларни фитр садақасини берса адо топади. Шу бойликка эга кишига бошқаларнинг закотини, садақасини ва назрини олмоқ ҳаром бўлади. Шунингдек қурбонлик қилиш ва нафақасиз қолган маҳрам қариндошларнинг нафақасини қилиш вожиб бўлади.
Фитр садақаси закот бериладиган кишиларга бериш билан адо топади.
Жалолиддин Холмўминов
“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти, Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Бухоро вилоятида янги жоме масжидларини барпо этиш ва ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов Когон шаҳри ва Когон туманида қурилаётган икки масжидда бўлиб, қурилиш ишларининг бориши билан танишди.
Дастлаб Когон туманидаги “Хўжа Каъбул Ахбор Вали” жоме масжидининг янги биносида олиб борилаётган қурилиш ишлари кўздан кечирилди. Ташриф давомида масъуллар билан қурилиш жараёни муҳокама қилиниб, ишларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли тавсия ҳамда таклифлар берилди.
Лойиҳага кўра, янги масжид хонақоҳи ва кенг ҳовлиси билан биргаликда 1000 нафардан зиёд намозхонни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Мажмуа таркибида муҳташам гумбаз, замонавий таҳоратхоналар, маъмурий бинолар, янги дарвоза, автотураргоҳ ҳамда кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар барпо этилади. Шунингдек, масжид ҳудудидаги тарихий ҳовуз ва қадимий қудуқни реставрация қилиш ишлари ҳам амалга оширилиши режалаштирилган.
Шундан сўнг Когон шаҳрида барпо этилаётган “Ҳазрати Билол” жоме масжидида ҳам қурилиш ишларининг бориши ўрганилди. Масъулларга қурилиш сифатини янада ошириш, меъморий ечимларга алоҳида эътибор қаратиш ва ишларни ўз вақтида якунлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Лойиҳага мувофиқ, мазкур масжид шарқона миллий меъморий услубда қурилиб, 900 нафар намозхонга мўлжалланади. Мажмуада кутубхона, омборхона, 20 кишилик таҳоратхона, маъмурий хоналар, баланд гумбаз, икки пештоқли кириш дарвозаси ҳамда баландлиги 33 метр бўлган минора барпо этилади. Шунингдек, автотураргоҳ, ҳовуз ва яшил ҳудудлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Қайд этилганидек, қурилиш ишлари масжидларнинг ҳисоб рақамларига тушаётган маблағлар ҳамда саховатпеша ҳомийларнинг хайриялари асосида амалга оширилмоқда.
Янги масжидлар юртимизда диний-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлаш, аҳолига муносиб ибодат шароитларини яратиш ва миллий меъморчилик анъаналарини асраб-авайлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Аллоҳ таоло ушбу хайрли бунёдкорлик ишларини баракали қилиб, уларнинг муваффақиятли якун топишини насиб этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати