Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Апрел, 2026   |   22 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:28
Қуёш
05:50
Пешин
12:29
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:18
Bismillah
11 Апрел, 2026, 22 Шаввол, 1447

“Тилбатут талаба” асарида Рамазон таърифи

14.05.2020   4894   2 min.
“Тилбатут талаба” асарида Рамазон таърифи

Муфти ас-сақолайн Имом Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий  ҳазратлари ислом оламида беназир зотлардан биридир. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул ул-фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа илмларда моҳир бўлиб, ушбу фанларга доир ўзидан қимматли асарлар қолдирган.

“Тилбатут талаба” асари шулардан бири бўлиб, ислом оламида илк фиқҳга оид энциклопедик китобдир. Китобнинг рўза бобида, Имом Насафий рамазон ва унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини таърифлаб, ундаги маъноларнинг ҳикматини қуйидагича келтиради:

“رمضان” — ирмоз (إرماض) сўзининг ўзагидан ясалган бўлиб, унинг бир неча маънолари бор. Шулардан бири:

— “куйдириш” маъноси. Яъни, Рамазон рўзаси банданинг гуноҳларини куйдиради, уни ўчиради.

— “ўткирлаш”, “чархлаш” маъноси. Яъни, Рамазон қалбларни бу ойда ибодат ва яхшиликларни кўпайтиришга чархлайди, уни ўткирлайди.

— “кутиш”, “интизор бўлиш” маъноси. Яъни, бу ойда мўминлар Аллоҳ таолонинг савоб ва мукофотини интизор бўлиб кутади.

— “чарчатиш”, “ҳолдан тойдириш” маъноси. Арабларда “رمضت الظبي” ибораси мавжуд бўлиб, бу сўз кийикни овлаган овчига нисбатан ишлатилади. Унинг кўриниши қуйидагича:

— одатда кийик чаққон жонивор бўлиб, овчининг тўрига тушиши қийин. Уни овлаш учун, овчи унинг изидан тушади ва қизиб турган тошлоқ ерга уни ҳайдаб боради (араб диёрларида иссиқ қаттиқ бўлганидан, қум ва тошлоқ устида овқат тайёрлаш мумкин). Унинг устида кийикнинг туёқлари нозик бўлгани учун куяди, қавариб кетади ва тўхтаб қолади. Натижада, овчи уни осонгина қўлга киритади.

Рамазони шарифнинг бундай номланишидаги ҳикмат шуки, мўмин киши Аллоҳ таоло томонидан бу ойда рўза тутиш ва кечаларини қоим қилишга буюрилади. Кундузи рўзадор бўлиб, оч қолади, чанқайди, чарчайди. Кечаларини бедор ўтказиб ҳолдан тойади, кучи кетади. Натижада, шаҳват-у лаззатларига берилишидан тўхтайди ва ўзини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога батамом топширади. Яъни, Рамазон ойи бамисоли қизиб турган тошлоқ бўлиб, унинг устида мўмин киши ўзининг Аллоҳ таолонинг бандаси ва қули эканлиги тан олади ва У зотга ўзини топширади”.

Бундан кўриниб турибдики, Рамазони шариф савобу мукофотларга тўла ва ғанимат билишга ҳақли ойдир. Зеро, бу ойда Қуръони карим нозил бўлган, унда минг ойдан афзал Қадр кечаси бор. Энг асосийси, ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бу ойни Ўзининг ойи эканлиги ва унда қилинган ибодатнинг савобини Ўзи беришини таъкидлаган.

Аллоҳ таолодан бу ойнинг шарофатидан тўла манфаат олган ҳолда, Ўзининг ва Расули (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг розилигини топиб, онадан туғилган кундагидай гуноҳлардан покланиб чиқишимизни насиб айласин! 

 

Халилуллоҳ ЮСУФ

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳадис мактаби профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун дарс ташкил этилди

08.04.2026   6401   3 min.
Ҳадис мактаби профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун дарс ташкил этилди

Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактаби талабалари, устоз-ўқитувчилар ҳамда Мисрдаги Ал-Азҳар университети профессори Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини нафақат ташқи кўлами, балки мазмуни жиҳатидан ҳам ниҳоятда муҳим эканини эътироф этишди. 
 

Меҳмонлар марказга қадам қўйиши биланоқ даставвал унинг иккинчи қаватида жойлашган замонавий жиҳозланган аудиториялар ва замонавий кутубхона билан танишдилар. Бу ерда яратилган шароитлар марказ фақат музей эмас, балки илм аҳли — тадқиқотчилар, олимлар ва ёшлар учун ҳам кенг имкониятлар яратилганини яққол кўрсатди. Бу эса юртимизда илм аҳлига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

 


Ҳадис илми мактаби талабалари ва устозлари учун марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров томонидан дарс жараёни ташкил этилди. Унда марказнинг илмий концепцияси ва тузилиши батафсил тушунтирилиб, исломгача бўлган даврдан бошлаб, исломнинг дастлабки босқичлари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда бугунги Учинчи Ренессанс пойдеворигача бўлган тарихий жараёнлар изчил ёритиб берилди.

 

 

 


Мазкур илмий тушунтиришлардан сўнг меҳмонлар Марказнинг музей қисми — экспозициялар билан яқиндан танишдилар. 


Абдурашид Мадраҳимов, Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси:

– Марказнинг ташқи кўриниши бизда жуда катта таассурот қолдирди. У ўзининг маҳобати билан ислом тамаддунининг ҳақиқий қиёфасини акс эттиради. Президентимиз таъкидлаганидек, бу маскан бутун бир цивилизациянинг тимсоли эканини шу заҳотиёқ ҳис қилиш мумкин. Ичкарига кирганимизда эса таассуротларимиз янада кучайди — бундай гўзаллик ва мукаммалликни, очиғи, илгари на тасаввур қилганмиз, на кўрганмиз.


Юнус Хўжамов, Ҳадис илми мактаби талабаси:

– Бу ерга кириб гувоҳ бўляпмизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари туфайли мана шундай улуғвор маданият, маърифат, илм маскани барпо этилди. Ушбу Марказни айланган киши Ўзбекистон диёрида бўлиб ўтган ва ҳозиргача давом этаётган тарихни икки-уч соат ичида бемалол тасаввур қила олиш имкониятига эга бўлади. Масалан, мактаб дарсликларида ўқиган маълумотларимни қайсидир маънода жонли кўриш имконияти пайдо бўлди ва кўз олдимда тарихимизни тўлақонли шакллантира олдим. Бу ердаги экспонатларни кўришлик — бизнинг ўқиётган илмларимизнинг ҳақиқий даҳолари ким эканлигини кўз ўнгида тасаввур қилиш имкониятини беради.


Мисрнинг Ал-Азҳар университети профессори Салоҳ Исонинг фикрича, буюк мамлакатда ислом цивилизациясининг юксак даражада намоён этилган. 

– Ушбу Марказда исломнинг илк цивилизацияси ва ундан кейинги даврларини акс эттирувчи кўплаб кўргазмалар билан танишдик. Имом Бухорий ва Термизийга бағишланган экспозицияларни кўрдик. Уларнинг ҳаёти, илмий мероси ва китобларининг нусхалари билан танишдик. Шундан сўнг Қуръони карим зали билан танишдик ва ислом цивилизациясининг юксак даражада намоён этилганига гувоҳ бўлдик. Бу марказ Президентимиз ташаббуси билан барпо этилгани жуда гўзал ва муҳим қадамдир ва мусулмонларга ўзларининг илк цивилизациясини, илм-фанини ва маданиятини эслатади. Чунки ислом цивилизацияси инсонларга юксак илм, юксак тафаккур, юксак маданият ва гўзал ахлоқни ўргатади. 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Ҳадис мактаби профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун дарс ташкил этилди Ҳадис мактаби профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун дарс ташкил этилди Ҳадис мактаби профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун дарс ташкил этилди Ҳадис мактаби профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун дарс ташкил этилди
Ўзбекистон янгиликлари