Муфти ас-сақолайн Имом Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий ҳазратлари ислом оламида беназир зотлардан биридир. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул ул-фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа илмларда моҳир бўлиб, ушбу фанларга доир ўзидан қимматли асарлар қолдирган.
“Тилбатут талаба” асари шулардан бири бўлиб, ислом оламида илк фиқҳга оид энциклопедик китобдир. Китобнинг рўза бобида, Имом Насафий рамазон ва унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини таърифлаб, ундаги маъноларнинг ҳикматини қуйидагича келтиради:
“رمضان” — ирмоз (إرماض) сўзининг ўзагидан ясалган бўлиб, унинг бир неча маънолари бор. Шулардан бири:
— “куйдириш” маъноси. Яъни, Рамазон рўзаси банданинг гуноҳларини куйдиради, уни ўчиради.
— “ўткирлаш”, “чархлаш” маъноси. Яъни, Рамазон қалбларни бу ойда ибодат ва яхшиликларни кўпайтиришга чархлайди, уни ўткирлайди.
— “кутиш”, “интизор бўлиш” маъноси. Яъни, бу ойда мўминлар Аллоҳ таолонинг савоб ва мукофотини интизор бўлиб кутади.
— “чарчатиш”, “ҳолдан тойдириш” маъноси. Арабларда “رمضت الظبي” ибораси мавжуд бўлиб, бу сўз кийикни овлаган овчига нисбатан ишлатилади. Унинг кўриниши қуйидагича:
— одатда кийик чаққон жонивор бўлиб, овчининг тўрига тушиши қийин. Уни овлаш учун, овчи унинг изидан тушади ва қизиб турган тошлоқ ерга уни ҳайдаб боради (араб диёрларида иссиқ қаттиқ бўлганидан, қум ва тошлоқ устида овқат тайёрлаш мумкин). Унинг устида кийикнинг туёқлари нозик бўлгани учун куяди, қавариб кетади ва тўхтаб қолади. Натижада, овчи уни осонгина қўлга киритади.
Рамазони шарифнинг бундай номланишидаги ҳикмат шуки, мўмин киши Аллоҳ таоло томонидан бу ойда рўза тутиш ва кечаларини қоим қилишга буюрилади. Кундузи рўзадор бўлиб, оч қолади, чанқайди, чарчайди. Кечаларини бедор ўтказиб ҳолдан тойади, кучи кетади. Натижада, шаҳват-у лаззатларига берилишидан тўхтайди ва ўзини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога батамом топширади. Яъни, Рамазон ойи бамисоли қизиб турган тошлоқ бўлиб, унинг устида мўмин киши ўзининг Аллоҳ таолонинг бандаси ва қули эканлиги тан олади ва У зотга ўзини топширади”.
Бундан кўриниб турибдики, Рамазони шариф савобу мукофотларга тўла ва ғанимат билишга ҳақли ойдир. Зеро, бу ойда Қуръони карим нозил бўлган, унда минг ойдан афзал Қадр кечаси бор. Энг асосийси, ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бу ойни Ўзининг ойи эканлиги ва унда қилинган ибодатнинг савобини Ўзи беришини таъкидлаган.
Аллоҳ таолодан бу ойнинг шарофатидан тўла манфаат олган ҳолда, Ўзининг ва Расули (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг розилигини топиб, онадан туғилган кундагидай гуноҳлардан покланиб чиқишимизни насиб айласин!
Халилуллоҳ ЮСУФ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ФИТР САДАҚАСИ НИМА УЧУН БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси – рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа. У Рамазон ойида беҳуда гап-сўзлар, қилинган хато ва камчиликларни ювиш ҳамда камбағал, мискинлар, етим ва бечораларнинг очликларини кетказиш мақсадида жорий қилинган.
Имом Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фитр садақаси – саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлганда, саҳв саждаси билан намоз тўғрилангандек, фитр садақаси ҳам рўзанинг камчиликларини тўлдиради”.
Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.
ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?
Фитр садақасини рамазон ҳайити куни тонг отгандан яъни бомдод намозининг вақти киргандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб. Рамазон ойи бошланиши билан берилса ҳам бўлади.
Аммо ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ҳайит намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби рамазон ойида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.
КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?
Хур, нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган (фитр садақасининг нисобида молнинг ўсувчи бўлиши эътиборга олинмайди) мусулмон эркак ва аёлнинг зиммасига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Нисоб миқдоридаги мулкка эга киши балоғатга етмаган болалари номидан фитр садақасини бериши вожиб.
Киши аёли ва балоғатга етган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб эмас, балки уларнинг ўзлари бериши мақсадга мувофиқ саналади. Аммо балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.
Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.
КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. “Фатавои Ҳиндия” китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, (камбағал) ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.
КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?
Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.
Шунингдек, ғайридинга, фосиққа, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.
Фитр садақасини муҳтожларнинг қўлларига қийматини бериш жоиз. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши мумкин эмас.
РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?
Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.
ФИТР САДАҚАСИ ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Даврон НУРМУҲАММАД