Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва бир қанча муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг рўзадан бошқа ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учун ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман” -дейди.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Фатҳул Борий”да Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадиси қудусийнинг маъносини ёритиб, ундаги муҳим ўнта асл моҳиятни баён қилади.
Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَيْسَ فِي الصِّيَامِ رِيَاءٌ" رواه البيهقي
Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўзада риё бўлмайди” – дедилар. Имом Байҳақий ривоят қилган.
Рўза банда билан Роббиси орасидаги сиррий амал бўлиб, ўзига хос ибодатдир. Рўзадан бошқа ҳамма амалларда бирон бир амални бажараётган шахс, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, эътиборини жалб қилишни истаб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...” -деб хосламоқда.
Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ"مَا مِنْ حَسَنَةٍ عَمِلَهَا ابْنُ آدَمَ إِلَّا كُتِبَ لَهُ عَشْرُ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إِلَّا الصِّيَامَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِي "
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи қилган яхши амалларининг савоби ўн баробардан етти юз баробаригача кўпайтириб ёзилади. Аллоҳ таоло: “Фақат рўза ундан мустасно. (яъни, рўзанинг савоби беҳисоб берилади)Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман. У (одам боласи)рўзада шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур” – дедилар. Имом Насаий ривоят қилган.
Рўзанинг савоби беҳисоб эканига қуйдаги ояти карима ҳам далил бўлади.
قال الله تعالى: إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ الزمر: 10
Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофатлари беҳисоб берилур.
Рўза сабр билан сайқал топадиган ибодат. Рўзадор киши нафсининг ҳоҳиш- истакларини сабр билан тўхтатади. Сабр қилувчининг мукофоти ояти каримада айтилганидек беҳисоб берилади.
Ибн Абду Бирр раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиси қудусийда “...фақат рўза Мен учундир...” дейилиши рўза ибодатининг фазилатига кифоя қилади –дейдилар. Гўёки, бу ибодатнинг фазилати борасида ортиқча таърифга зарурат йўқ.
Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ ينفعني الله به قَالَ عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَا مِثْلَ لَهُ رواه النسائي
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У зот: “Эй, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло у туфайли менга манфаъат берадиган амалнинг хабарини беринг” –дедим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рўзани ўзинга лозим тутгин! Чунки, рўзага баробар келадиган амал йўқ” – дедилар. Имом Насаий ривоят қилган.
Зайн ибн Мунир раҳматуллоҳ алайҳ: “Умумий ўринда бир нарсанинг хосланиши фақатгина ўша нарсани улуғлаш учун бўлади” –дейдилар.
Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “...фақат рўза Мен учундир...” ҳадисининг маъноси: “Бандаларнинг амаллари ўзларининг ҳолларига муносибдир. Фақат рўза, Ҳақ таолонинг сифатларидан бир сифатга муносибдир. Аллоҳ таоло “...фақат рўза Мен учундир...” дейиш билан гўёки, “Рўзадор менинг сифатларимдан бирга эга бўлиб, менга яқинлашмоқда” -демоқчи.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ يَقُولُ: سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: كُلُّ الْعَمَلِ كَفَّارَةٌ، إِلاَّ الصَّوْمَ، وَالصَّوْمُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ. رواه احمد
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: ҳамма амал каффаротдир. Фақат рўза мустаснодир. Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман.” – дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Рўзадан бошқа солиҳ амаллар қиёмат кунида инсоннинг дунёда қилган хато ва камчиликларни каффарот бўлиши учун хизмат қилиш эҳтимоли бўлади. Фақат рўза ибодати сақланиб қоладиди. Рўзанинг ажру савоби хато ва камчиликларни каффароти учун беҳуда кетмайди.
10. Рўза ботиний амал бўлгани учун ошкор бўлмайди, фаришталар уни қайд қилмайди. Агар ошкор бўлганда фаришталар бошқа амалларни ёзганидек рўзани ҳам ёзар эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло “фақат рўза Мен учундир” -дейди.
Бу фикрни айтувчи Ибн Арабий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси қудусийни далил қилиб келтиради. Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло айтади: “Ихлос сирларимдан бир сирдир. Уни яхши кўрган бандаларимнинг қалбига соламан. Ундан фаришта ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, уни ёзар эди. Шайтон ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, у фасод қилар эди”-дейди.
Рўза ҳам ихлос каби сиррий ибодат. Ибодатлардаги ихлосни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмагани каби, рўзани ҳам ҳеч ким билмайди.
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкурларни зикр қилиб, буларнинг ичида биринчи, иккинчи,саккизинчи ва тўққизинчиси бошқаларга нисбат эътиборли ва ёрқинроқ эканлигини қайд қиладилар.
Жалолиддин Холмўминов
“Кўкалдош” ўрта м ахсус билим юрти мударриси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Имомга намозни аввалидан иқтидо қилган киши имом рукудан турганидан сўнг руку қилди. Имомдан ортда қолгани учун унинг намози бузиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Имомга иқтидо қилган киши барча амалларни имомнинг кетиданоқ қилиши афзал саналади. Шунинг учун имомга кечикмасдан эргашиш афзал бўлади.
Аммо шунга қарамай бир оз кечикиш намозни бузмайди. Масалан, имом рукудан турганидан кейин унга иқтидо қилгувчи (муқтадий) руку қилса, кечиктиргани учун камчиликка йўл қўйган бўлса ҳам намози бузилмайди. Лекин аксинча, имомдан олдин руку ёки сажда қилиб қўйса ва имом билан бирга ёки ундан кейин қайта қилиб қўймаса, намози бузилади.
Бу ҳақда аллома Ибн Обидин батафсил баҳс юритиб, қуйидагиларни хулоса сифатида келтирганлар:
“Ҳа, имомга эргашиш фарз бўлади. Шу маънодаки, фарз амални имом билан бирга ёки кейин бажариши лозим. Масалан, имом руку қилди, муқтадий ҳам у билан биргаликда руку қилди. Ёки кейинроқ қилиб, рукуда имомни топди, ё имом рукудан бошини кўтаргандан кейин руку қилди (буларнинг барчаси эргашиш ҳисобланади).
Агар умуман руку қилмаса ёки имомдан аввал рукуга бориб, имом рукуга боргунича рукудан қайтса ва имом билан бирга ёки ундан кейин ҳам руку қилмаса, намози бузилади”.
“Демак, эргашишнинг ўзи уч хилдир:
1. Имомнинг феълига муқорин (бир вақтда) бўлиш, масалан, имомнинг такбирига ўз такбирини, рукусига ўз рукусини, салом беришига ўз саломини муқорин қилиш. Агар имомдан олдин руку қилса-ю, имом уни рукуда топса, бу ҳам шунга киради.
2. Имомнинг феълига кетма-кетликда эргашиб, қолган қисмида шерик бўлиш.
3. Кечикиб эргашиш (яъни, амалларни кетма-кетликдан ҳам кечроқ бажариш). Мана шу уч турни ўз ичига олувчи мутлақ эргашиш фарзда фарз, вожибда вожиб ва суннатда суннат бўлади. Бунга бирор зидлик бўлмаса ёки хилоф қилиш лозим бўлмаса (намози бузилмайди)”. (“Раддул муҳтор” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.