Маълумки, инсон ижтимоий мавжудот. У ҳаёти давомида муайян жамият аъзоси бўлиши ва ўзаро алаоқаларда фаол бўлиши унинг табиати ва фитратига мос. Лекин ушбу фаолияти унинг ўзлигини англаши ва Роббисини таниши ҳамда Унга нисбатан бандачилик қилишидан тўсиб қўймаслиги даркор. Шунинг учун ҳам мусулмон инсон вақти-вақти билан қилган ишларини сарҳисоб қилиши унинг руҳий тарбияси, қалб мусаффолиги ва имонининг мустаҳкамлиги учун зарур омил ҳисобланади. ана шу маънолар юзасидан Ислом шариатида “эътикоф” деб номланувчи улкан савобларга эга бўлган амал жорий қилинган.
“Эътикоф” луғатда бир нарсани ушлаб туриш ва бир жойда туриш маъноларини ифодалайди. Шаръий истилоҳда эса – рўзадор инсоннинг ният ила жамоат масжидида маълум муддат туриши тушунилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қатор ҳадиси шарифлар ривоят қилинган бўлиб, уларда эътикофнинг фазилати, фойдалари ва охиратда кўплаб ажр-савобларга сабаб бўлиши баён қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда пайғамбар алайҳиссалом:
هُوَ يَعْكِفُ الذُّنُوبَ وَيُجْرِى لَهُ مِنَ الْحَسَنَاتِ كَعَامِلِ الْحَسَنَاتِ كُلِّهَا
“У гуноҳлардан ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун барча яхшиликларни қилувчи каби яхшиликларни жорий қилади”, деганлар”[1].
Инсон масжидда ибодат билан машғул бўлиши орқали турли гуноҳлардан узоқ бўлиши, уларни амалга оширишдан сақланиши имконига эга бўлади. Шу билан бирга Аллоҳ таолони зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш ёки бошқа нафл ибодатлар билан машғул бўлиш орқали киши ўз нафсини солиҳ амаллар қилишга одатлантириши мумкин. Шунинг учун ҳам уламолар мазкур ҳадис шарҳида “ушбу ҳадисда эътикофнинг ижобий таъсири ўлароқ Аллоҳ таоло эътикоф ўтирган бандани кейинчалик ҳам гуноҳлардан сақлашига далолат бор”, дея таъкидлаганлари бежиз эмас.
Қолаверса, ушбу ҳадисдан эътикоф ўзида кўплаб яхши амалларнинг савобини жамлаганини, эътикоф ўтирган банда барча яхшиликларни амалга оширгандек ажрга эга бўлишини билиб олишимиз мумкин.
Бошқа бир ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлари ёнида туриб қуйидагиларни айтганлари ривоят қилинади:
سَمِعْتُ صَاحِبَ هَذَا الْقَبْرِ يَقُولُ: مَنْ مَشَى فيِ حَاجَةِ أَخِيْهِ وَبَلَغَ فِيْهاَ كَانَ خَيْراً لَهُ مِنْ اِعْتِكافِ عَشْرِ سِنِيْنَ وَمَنِ اعْتَكَفَ يَوْماً اِبْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ تَعَالَى جَعَلَ الله بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّارِ ثَلاَثَ خَنَادِقَ أَبْعَدَ مِمَّا بَيْنَ الخَافِقَيْنِ
“Мен ушбу қабр соҳибини: “Ким ўз дўстининг ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасини осмон ва ер кенглигича бўлган уч хандақ масофада узоқ қилади”, деганларини эшитдим”[2].
Эътикоф аслида савобли амал. Унинг савоблар кўпайтириб бериладиган муборак ой – рамазон ойида бўлиши эса улкан ажрларга сабаб бўлади. Қолаверса, ушбу одат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Бу борада кўплаб ҳадислар ва саҳобаи киромларнинг асарлари ривоят қилинган. Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْتَكِفُ فِي كُلِّ رَمَضَانَ عَشْرَةَ أَيَّامٍ فَلَمَّا كَانَ الْعَامُ الَّذِي قُبِضَ فِيهِ اعْتَكَفَ عِشْرِينَ يَوْمًا
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар”[3].
Бошқа ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазоннинг айнан қайси кунларида эътикоф ўтирганлари очиқ баён қилинган. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Муслим ўз “саҳиҳ”ларида келтирган ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо у зотнинг ушбу одатларини қуйидагича ёдга олганлар:
كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْتَكِفُ الْعَشْرَ اْلأَوَاخِرَ مِنْ رَمَضَانَ حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ ثُمَّ اعْتَكَفَ أَزْوَاجُهُ مِنْ بَعْدِهِ
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди”.
Фуқаҳолар ушбу ва бундан бошқа кўплаб ҳадислардан келиб чиқиб, рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтириш суннати муаккада – таъкидланган суннат эканига, бошқа кунлари эса мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган.
Таъкидлаш лозимки, бизнинг динимиз роҳиблик, тарки дунёчиликни асло тарғиб этмайди. Унинг кўрсатмаларида ҳар бир мусулмон ибодатга берилиб жамиятдаги моддий, маънавий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳтларни четга суриб қўйишига даъват этилмаган. аксинча, мусулмонлар доимо бир-бирлари билан умумий алоқада ва ҳамжиҳатликда бўлишлари баробарида, мазкур соҳаларда фаол бўлишларига тарғиб этилади. Шариътимизда жорий қилинган ҳар бир кўрсатма ва амалларда унинг ёрқин мисолини кўриш мумкин. Жумладан эътикофнинг ҳукми борасидаги уламоларнинг бир қатор фатволарида ҳам ана шу ҳолат ўз аксини топган. Унга кўра рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтириш таъкидланган суннат бўлиши кифоя йўлига кўра экани алоҳида таъкидлаган. Яъни мусулмонлардан бир неча киши ушбу фазилатли амални бажариши билан қолганларнинг зиммасидан соқит бўлади. Буни худди масжидларда азон айтишга қиёс қилиш мумкин. бир шаҳарда намоз вақти кириши билан бир неча масжидларда азон айтилса шаҳар аҳлидан бу соқит бўлади.
Эътикофнинг энг оз муддати тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аниқ кўрсатма келмаган. Шунинг учун ҳам уламолар бу борада турли қарашларни айтиб ўтишган. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эътикофнинг энг ози бир кун, деган бўлсалар, Имом Абу Юсуф кундузнинг кўпроғида ўтирса, эътикоф бўлади, деганлар. Имом Муҳаммад эса бирор лаҳза бўлса ҳам ният қилиб масжидда ўтирса, эътикоф ўрнига ўтади ва эътикофга савоб олади, деганлар.
Мазҳабимиздаги кейинги муҳаққиқ уламолар кўпчилик инсонларнинг эҳтиёжларини инобатга олиб Имом Муҳаммаднинг қавлига фатво берганлар[4]. Қолаверса, буни машҳур саҳобалардан бири Яъло ибн Умайя разийаллоҳу анҳудан келтирилган ривоят ҳам қўллайди. Унда ушбу саҳоба ўз дўстига қарата: “Биз билан масжидга юр, у ерда бирор лаҳза эътикоф ўтирамиз”, деган экан[5].
Ҳанафия мазҳабига кўра аёллар эътикоф учун масжидларга бормайдилар. Балки, улар эрлари ёки ота-оналарининг рухсати билан уйларида эътикоф ўтиришлари мумкин. Бунда иложи борича ибодат учун қулай шароитга эга бўлган ўзларининг хос хоналарида эътикоф ўтирганлари афзал саналади. Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
صَلاَةُ الْمَرْأَةِ فِى بَيْتِهَا أَفْضَلُ مِنْ صَلاَتِهَا فِى حُجْرَتِهَا وَصَلاَتُهَا فِى مَخْدَعِهَا أَفْضَلُ مِنْ صَلاَتِهَا فِى بَيْتِهَا
“Аёл кишининг уйидаги намози айвонида ўқиган намозидан афзалдир. Унинг хос хонасида ўқиган намози уйида ўқиган намозидан афзалдир” деганлар[6].
Муборак рамазон ойи ибодат мавсуми. ушбу фазилатли ойни ғанимат билиб, имкон қадар ҳар бир дақиқани тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказиш, Аллоҳ таолонинг авфи ва мағфиратини сўраш, Унинг буюк фазли, раҳматидан умид қилиш улкан бахт ва саодатдир. Шундай экан ҳар биримиз бу каби фазилатлардан ғафлатда қолмаслигимиз ва буюк Роббимизнинг қуйидаги олий чақириғини унутмаслигимиз лозим: “Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!”[7].
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулатиф Турсунов
[1] Ибн Можа “Сунан”да ривоят қилган. Баъзи муҳаддислар ушбу ҳадисни заиф дейишган. Чунки иснодида Фарқад ибн Яқуб ас-Сабахий исмли ровий бўлиб, Имом Яҳё ибн Маийн уни ишончли, деган бўлса, Имом Аҳмад ва Имом Дорақутний заиф, дейишган. Аллома ибн Ҳажар Асқалоний эса “Ушбу ровий ишончли, ростгўй ва ибодатгўй инсон бўлиб, баъзан ёддан ҳадис айтишда адашиб турган”, деган. Жумҳур уламолар ҳукмий ва ақидавий бўлмаган, балки фазилатли амалларга тааллуқли бўлган масалаларда бу каби заиф ҳадисларга суяниш мумкинлигига иттифоқ қилишган.
[2] Табароний “Муъжам ал-авсат”да, Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган. Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўзининг “Мажмаъ аз-завоид” асарида “Ушбу ҳадиснинг исноди яхши”, деган бўлса, Имом Ҳоким ушбу ҳадисни саҳиҳ, дея баҳолаган.
[3] Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
[4] Қаранг: Мулла Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори ал-ҳанафий. Фатҳу боб ал-иноя шарҳ китоб ан-ниқоя. 2-жуз. 243-бет.
[5] Ибн Аби Шайба “Мусаннаф”да ривоят қилган.
[6] Абу Довуд “Сунан”да, Байҳақий “Маърифтус сунан вал осор”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган. Имом Ҳоким “Ушбу ҳадис икки шайх (Бухорий ва Муслим) шартига кўра саҳиҳдир” деган.
[7] Ҳаж сураси, 77-оят.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Моида сураси Қуръони Каримнинг бешинчи сураси бўлиб, у Мадинада нозил бўлган, бир юз йигирма оятдан иборат. «Моида» сўзининг маъноси «дастурхон»дир. Сурада Исо алайҳиссаломдан унинг энг яқин сафдошлари осмондан моида, яъни ясатилган дастурхон тушириб беришни сўрайдилар. Ундан овқатланиш ва башорат олишни мақсад қиладилар. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни қўллаб-қувватлаш ва у зотнинг пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун ҳаворийлар талаб қилган моидани туширди. Сурада моида тўғрисида тўртта оят келгани сабабли унга шу ном берилган.
Суранинг иккинчи номи “Уҳууд” (шартнома, аҳдномалар)дир. Сурада инсоннинг Робби билан қилган аҳдномаси, шахсий ва жамоавий аҳднома ва шартномалар, ҳақида баён қилинади. Шунингдек, уларда аҳдга вафо қилиш, адолатли бўлиш ва уларга амал қилиш лозимлиги таъкидланади.
Сурада “Эй, имон келтирганлар!...” деган нидо ўн олти бор келган бўлиб, ҳар бир нидодан кейин келган маънолар ўзига хос шартномага айланган.
Сурада тавҳид, шаръий ҳукмлар, ҳалол ва ҳаром нарсалар, жонлиқларни сўйиш масаласи, ҳаж ва умра вақтида эҳромда ов қилиш ҳукми ва унинг каффароти, таҳорат, ғусл, таяммум, никоҳ, аҳдга вафо қилиш, ҳукмда адолатли бўлиш, одил гувоҳ бўлиш, ҳар бир ҳолатда адолатли бўлиш, жиноят ва жазо масаласи, хамр ва қимор ҳаромлиги, ўғрилик ҳукмлари, қасамнинг каффорати, васият ҳақида, ибрат олиш учун пайғамбарлар қиссаси, Қобил ва Ҳобил қиссаси ва бошқалар баён этилади.
Ислом шариатида инсон ҳаёти учун зарур бўлган асосий мақсад ва тамойиллар бўлган жон ҳимояси, дин ҳимояси, инсон ақлининг ҳимояси, насл ва шаън ҳимояси, мол ҳимоясига асосий эътибор қаратилади. Муфассир уламолар сурага “Ислом шариатидаги мақсад ва тамойилларнинг барчаси Моида сурасида жамланган” деб таъриф беришади.
Бу сура энг охирги нозил бўлган суралардан бири бўлиб, унда жуда кўп шаръий ҳукмлар баён қилингани сабабли уни ўрганишга тарғиб қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашиш ҳажида Моида сурасини ўқидилар ва шундай дедилар: “Албатта, Моида сураси энг кейин нозил бўлган сурадир. Бас, ушбу сурада ҳалол дейилган нарсаларни ҳалол деб билинглар, ҳаром қилинган нарсаларни ҳаром деб билинглар”.
Шунингдек, ушбу сурада Аллоҳ таъало шундай марҳамат қилади:
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг! Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир” (2-оят).
Ушбу оят бизнинг фаолиятимиздаги асосий мақсад бўлиши лозим, оятда барча мўмин ва мўминаларга ҳамкорлик ишларида амал қилиши лозим бўлган асосий қоида баён қилинмоқда.
“Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни тўкис қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (3-оят).
Ушбу сура нозил бўлиши орқали Ислом дини бенуқсон ва баркамол бўлгани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса то қиёмат кунига қадар барча инсон ва жинларга пайғамбар қилиб юборилгани, Аллоҳ таоло инсониятни амал қилиши учун фақат битта динни – Исломни туширгани алоҳида таъкидланади.
“У билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (16-оят).
Уламолар инсон тинч ва осойишта ҳаёт кечиришни истаса ушбу оятни мунтазам ўқиб юришини тавсия қиладилар, чунки чинакам мўмин инсон тинчлик ва хотиржамликни, Аллоҳ таолонинг розилигини Қуръони каримни ўрганиш ва унга амал қилиш орқали топади.
“Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир” (32-оят).
Ушбу оятда бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Битта жонни ҳаётини сақлаб қолиш эса бутун инсониятни сақлаб қолган билан тенгдир.
“Эй, имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди” (87-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқариш мумкин эмаслиги, ҳаром нарсаларни ҳалол дейишлик эса куфр эканлиги, банда ҳаддидан ошиши эса катта гуноҳлардан бири эканлиги баён қилинмоқда.
“Эй имон келтирганлар, хамр, қимор, бутлар ҳамда қуръа чўплари шайтон ишидан бўлган ифлосликлардир, нажот топиш учун булардан четланинглар! Шайтон хамр ва қимор орқали орангизга душманлик ва адоват солиш, сизларни Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсишни истайди. Шунда ҳам тийилмайсизларми?” (90-91-оятлар).
Хамр ва қиморнинг оила, жамият ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари жуда ҳам кўп бўлиб, одамлар ўртасида ўзаро адоват ва нафратни кўпайишига, бир-бирларини ёмон кўриб қолишига сабаб бўлади. Қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик, тартибсизлик келиб чиқади. Ичкилик оилаларнинг бузилишига, яқин инсонларни бир-бирига душман бўлиб қолишига, жамиятда адоват ва ҳасадни кўпайишига олиб келади. Қимор ҳам инсонларни тубанликка, бировни ҳаққига риоя қилмасликка, зулмкорлик, қотилликка ундайди. Аллоҳ таало ушбу амаллар ифлос, қабих, энг разил амал эканини таъкидлаб, инсонларни бундай жирканч амаллардан қайтармоқда.
Ушбу сура фазилати ҳақида ҳадисларда қуйидагилар баён этилган:
Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Ким еттита узун сураларни ёдласа, у олимдир” (Имом Аҳмад ва имом Ҳоким ривояти).
Мужоҳид ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эркакларингизга Моида сурасини ўргатинглар! Аёлларингизга Нур сурасини ўргатинглар!” дедилар” (Саид ибн Мансур, Ибн Мунзир ва Байҳақий ривоят қилган).
Сурада жуда кўп шаръий ҳукмлар баён қилингани сабабли уни ўрганишга кенг тарғиб қилинади. Сурани ўқиш, тафсирини ўрганиш, уларга ҳаётимизда амал қилиш орқали суранинг улуғ фазилатларига эга бўлишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб қилсин.
“Тафсири Ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”, “Қуръони азим мухтасар тафсири”,
“Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” ва бошқа манабалар асосида
Дилшоджон Мамадалиев тайёрлади.