Сени соғинаман! Сен барокатлар, неъматлар, яхшиликлар сочиладиган ойсан. Сен кириб келишинг билан Жаннат эшиклари очилиб, Дўзах эшиклари ёпилиши ҳамда шайтонлар занжирбанд қилиниши мўминларни руҳан кўкларга кўтаради.
Аммо келганингда, эссиз, ғафлатда қолаётганимни ҳис қилиб ич-ичимдан тушкунликка тушаман. Лекин келмасингдан астойдил қуйидагича режа қиламан:
Зеро, нафсимни енголмай, иродасизлик қилаётганим учун ич-ичимдан алам нидосида яшаяпман, Рамазоним!
Рўзадорман, аммо қабули борми-йўқми билмайман. Чунки билиб-билмай уни у дейман, буни бу. Сенинг бағрингда ўзимни шунчалар сокин ва хотиржам сезаманки, сенга тўйиш учун ғафлат халақит беради.
Шунчаки, савобларсиз сендан айрилиш – оилам учун ҳам катта йўқотиш. Биринчи синфда ўқийдиган ўғлим, алҳамдулиллаҳ, сени англаган шекилли, сени тутмоқчи бўлди. Биринчи ташрифинг кунида бироз мазаси ҳам бўлмади, ҳамда ёш деб уйғотмадик. Аммо иккинчи кун, фарзандларимни уйғотаётиб: “Туринглар, хайр ва савобни қўлдан бой берманглар”, дедим. Ўғлим эса уйғонмади. Аммо Сенсиз куни ўтаётганидан роса хафа бўлиб:
– Нега мени уйғотмадингиз? – деди.
– Жон болам, уйғотсам турмадинг-ку? - дедим.
– Ахир мен ҳам рўза тутмоқчи эдим.
Опаси:
– Сен ҳали ёшсан, – деди.
Мен эса унинг Сенга бўлган иштиёқини кўриб шундай севиндим-ки, буни изоҳлаш қийин. У яна:
– Мени албатта, уйғотинг, рўзани тутишим керак, агар уйғонмасам, тепиб-уриб бўлса-да уйғотинг, хўпми? – деди.
Қалб кўзига ёш келди, бу севинчдан. Рамазоним, сени ёш мурғак шунчалар ардоқласа, биз катталардан ғафлат кетмаса...
Яна сўзини давом эттирди у:
– Саҳарда уйғонишим учун 10 марта “Фотиҳа” сурасини, 10 марта “Ихлос” сурасини ўқийман, шунда Худо хоҳласа, бир уйғотганингиздан тураман, – деди.
Ҳақиқатан, бу сураларни ўқигандан кейин ўғлим бир уйғотганимдан сакраб турди ва шу куни Сени тутишга мушарраф бўлди. Унинг гапи рост амалга ошганидан унга савол бердим:
– Болажоним, шу сураларни 10 мартадан такрорласанг, тура олишинг мумкинлигини қаердан билдинг, биз сенга ундай ўргатмаган эдик-ку?
– Ўзим шундай деб ўйладим, чунки ёмон тушлар кўрганимда ўша сураларни уч мартадан ўқисам, яхши, тинч, қўрқмасдан ухлар эдим, шундай қилишимни ўзингиз ўргатган эдингиз – деди ишонч билан.
Тўғриси, баъзида болажонимнинг фикрлари мени жуда ажаблантиради. Нафақат бу учун, балки ҳаммаси учун Яратганга беҳисоб, беадад шукрлар айтаман. Аллоҳ ва унинг Расулидан бўлак ёрдамчим йўқ. Шундай экан, таваккалим – Аллоҳга, муҳаббатим эса –Расулуллоҳгадир.
Азизлар, савоб амал ва ибодатларимизга зиёдаси билан ажр берадиган Моҳи Рамазонни жами ҳикмат ва хайрлари билан қўлга киритишни барчамизга насибу рўз айласин. Аксинча, ғафлатимиз учун охиратда надоматлар гирдобида қолмайлик. Қилаётган амалларимизни риё ва кўз-кўз учун қилишдан ёки Рамазон кунларини рўзасиз, дуоларсиз ўтказиш қиёматда ўзимизга қарши далил сифатида қўлланилиши мумкинлигини ҳам унутмайлик.
Барчангизга яна бир бор, Рамазони шариф муборак бўлсин.
Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Мўмин банда эшитган нарсасини сўраб-суриштирмай гапиришдан эҳтиёт бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишига гуноҳ учун эшитган нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Муслим ривояти).
Демак, эшитган гапини одамларга гапираверган киши ёлғончилардан саналади. Мўмин банда эса ёлғончи бўлмайди.
Имом Молик ривоят қилган ҳадисда Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўлади-ми?” деб сўрадилар.
“Ҳа”, дедилар.
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўлади-ми?” дедилар.
“Ҳа”, дедилар.
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўлади-ми?” деб сўрадилар.
“Йўқ”, деб жавоб бердилар».
2. Мўмин банда бирор кишини масхара қилмаслиги лозим.
“Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир биродарини бир айбда айбласа, токи ўзи ҳам ўша гуноҳни содир этмагунича вафот этмайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда масхара қилувчиларнинг ҳолига вой бўлиши ҳақида огоҳлантиради: “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).
3. Мўминлар бир-бирларини мазах қилишлари ва лақаблар билан атамасликлари лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
4. Мўминлар гумондан четда бўлишлари лозим.
Аллоҳ таоло бундай буюради: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
5. Мўминлар ўзгалар айбини қидиришдан ва уларни ғийбат қилишдан сақланишлари лозим.
“(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД